Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2025, Тошкент вақти: 10:07

Ташқи имиж ва муаммолар ўртасидаги Ўзбекистон


Ўзбекистон президентининг фарзандлари италиялик тенор Андреа Бочеллининг Самарқанддаги концертида. 1 сентябр, 2025 йил. Сурат Саида Мирзиёеванинг Фейсбук саҳифасидан олинган.
Ўзбекистон президентининг фарзандлари италиялик тенор Андреа Бочеллининг Самарқанддаги концертида. 1 сентябр, 2025 йил. Сурат Саида Мирзиёеванинг Фейсбук саҳифасидан олинган.

Бир томонда свет ва газ тақчиллиги. Иккинчи томонда  қора иш билан хорижда тирикчилик қилаётган мигрантлар. Учинчи томонда эса  чет эл юлдузлари концертларидан завқланиб, биринчи қаторларда ўтирган элита. Бу ижтимоий парадоксал манзара - бугунги Ўзбекистон.

Халқаро рейтингларга кўра, инсон ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмаган Ўзбекистон ташқи имижини яхшилашга алоҳида куч сарфламоқда. Кузатувчиларга кўра, бу асосан машҳур чет эл юлдузларини мамлакатга таклиф этиш орқали амалга ошириляпти.

Харажатлар ҳақида очиқ ҳисобот берилмайди, расмий матбуот эса бу ташрифларни “ўлканинг нуфузининг ошиши” деб баҳолайди.

Сиёсий арбобларнинг ташрифлари айрим экспертлар томонидан ижобий баҳоланса да, маданият ва спорт юлдузлари билан боғлиқ тадбирларда президент фарзандларининг иштироки жамоатчиликда саволлар туғдиради.

Ташқи имижга қаратилган эътибор

Сентябрнинг бошида Тошкентга ташриф буюрган Ҳалқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) президенти Жанни Инфантино ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ўзбекистонни мақтади. Ўзбек футболидаги ислоҳотлар ва ютуқларни юқори баҳолади. Бу эса, кузатувчилар таъбири билан айтганда, ҳукуматга халқаро аудитория олдида реклама имкониятини берди. Президент Шавкат Мирзиёев 8 сентябрда Инфантинони қабул қилиб, уни "Дўстлик" ордени билан мукофотлади.

Охирги йилларда чет эллик таниқли шахсларнинг ташрифлари Тошкентнинг ташқи сиёсатининг бир қисмига айланиб, “Ўзбекистон дунёга очиляпти” деган иборани ишлатиш урф бўлди.

Президент қизи (ўнгдан биринчи) Бочеллининг концертида. Самарқанд, 1 сентябр, 2025 йил.
Президент қизи (ўнгдан биринчи) Бочеллининг концертида. Самарқанд, 1 сентябр, 2025 йил.

Августда америкалик машҳур хонанда ва актриса Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концерти катта маданий воқеа сифатида кенг ёритилиб, қўшиқчига анъанавий ўзбек чопони ва лаган совға қилинган.

2024 йилда америкалик бизнесмен, SpaceX компаниясининг асосчиси - Илон Маскнинг онаси Мэй Маск Ўзбекистонга келиб, Central Asian Expo кўргазма марказида маъруза ўқиган.

Британиялик фотограф Питер Сандерс мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб, ислом меросини ёритувчи лойиҳаларда иштирок этган.

Telegram асосчиси Павел Дуров ҳам Ўзбекистонга келиб, мамлакатнинг тарихи ва модернизация жараёнларини юқори баҳолаган.

Британиялик супермодель Наоми Кэмпбелл ҳам 2024 йили креатив иқтисод бўйича конференцияга келиб, Ўзбекистонни мақтаб кетган.

Жорий йилда эса италиялик тенор Андреа Бочелли Ўзбекистоннинг мустақиллик байрамида Самарқанддаги Регистон майдонида куйлади. Президент Мирзиёевнинг қизлари ардоқли мезбон сифатида намоён бўлишди.

Чеченстоннинг раҳбари Рамзан Қодировнинг 2024 йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташрифида президентнинг икки куёви уни қарши олгани ва бирга юргани акс этган видеолар мавжуд. Бу эса шахсий алоқалар ҳақида саволлар туғдирган.

Гулноранинг тажрибаси давом этяпти

Умуман олганда, чет эллик атоқли шахслар ташрифида президентнинг фарзандларининг иштирок этиши Ислом Каримов давридан мерос бўлиб қолган. Бир вақтлар Гулнора Каримова яхши қўлланган бу тажрибани ҳозирги президентнинг қизлари ва куёвлари давом эттиришяпти. Каримова ҳам бир пайтлари хориждан таниқли санъаткорларни олиб келиб, доимо марказда кўринган, мақтовлар оғушида юрган.

Гулнора Каримова Тошкентдаги Style.uz мода фестивалининг фахрий меҳмони бўлган турк кино юлдузи Ҳалит Эргенч билан. 8 октябр, 2012 йил
Гулнора Каримова Тошкентдаги Style.uz мода фестивалининг фахрий меҳмони бўлган турк кино юлдузи Ҳалит Эргенч билан. 8 октябр, 2012 йил

Жорий йилнинг 7 сентябрида Бухорода ўтказилган илк Биеннале - замонавий ва амалий санъат кўргазмасининг асосий мақсади турли мамлакатлардан келган рассом ва ҳунармандларни бир майдонда бирлаштириш эди. Озодлик мухбири билан суҳбатлашган айрим санъаткорлар ва рассомлар ушбу кўргазмани Ўзбекистон учун халқаро маданий майдонда муҳим маданий воқеа сифатида баҳолашган. Аммо кузатувчиларга кўра, расмий ахборотда бу тадбир тарихий шаҳарнинг бой маданий меросидан кўра, Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг ташаббуси ўлароқ ёритилган.

Франциядаги Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева ушбу тенденцияни танқид қилиб юрган ҳуқуқбонлардан биридир:

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг оила аъзоларининг расмий тадбирларда иштирок этиши протокол билан чекланиши лозим. Аммо амалда эса уларнинг иштироки шахсий пиар ва оилавий таъсирни кучайтириш воситасига айланмоқда. Демократик мамлакатларда бюджет ҳисобига ташкил этиладиган тадбирлар фақат давлат институтлари томонидан амалга оширилади, давлат раҳбарининг оила аъзолари бу жараёнга аралашмайди. Аммо Ўзбекистонда аксинча тенденция кузатилмоқда. Бухорода бўлиб ўтган Замонавий санъат кўргазмаси Саида Мирзиёева ташаббуси сифатида тақдим этилди, Маданият вазирлигининг роли эса амалда хизматчи вазифасига тушириб қўйилди. Худди шу тарзда Саида Мирзиёева Париждаги Луврда ташкил этилган кўргазма тақдимотида ҳам бош ташаббускор сифатида кўрсатилган. Давлат институтлари ва бюджет маблағларидан президент оиласининг манфаатлари йўлида фойдаланиш - очиқлик, тенглик ва ҳокимиятнинг жамият олдида ҳисобдорлиги принципларига зиддир”.

Атаеванинг белгилашича, энг муҳим жиҳат - бу ташрифларга ёки концертларга давлат хазинасиданми ёки ҳомийларданми, қанча пул ишлатилгани ҳақида жамоатчиликка аниқ маълумот тақдим этилмайди. Фақатгина ёзда нодавлат ташкилот уюштирган Лопеснинг концертидан 42,5 миллиард сўм солиқ тушгани расман эълон қилинган.

Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров Telegram асосчиси Павел Дуров билан. Тошкент, 27 июнь, 2024 йил.
Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров Telegram асосчиси Павел Дуров билан. Тошкент, 27 июнь, 2024 йил.

Озодликнинг ҳукуматдаги манбааси берган маълумотга кўра, ўлкага кўпроқ нуфузли меҳмонларни таклиф қилиш ва халқаро тадбирлар ўтказиш бўйича кўп йиллик режалар 2018 йилда тузилган ва унга президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева бош-қош бўлган.

Инвестор сифатида ёки бошқа тадбирларга келадиган ардоқли меҳмонларнинг ҳаражатлари турли вазирлик ёки бошқа органларнинг зиммасига юкланиши хақида айтилади. Лекин Озодлик тасарруфида бу маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмас.

Ҳуқуқбон Атаева давлат маблағларини хорижий меҳмонларни қабул қилиш, маданий ва спорт тадбирларини ўтказиш учун сарфлаш жараёни шаффоф ва жамият назоратида бўлиши шартлигини қуйидагича тушиндирди:

"Чунки бюджет маблағлари солиқ тўловчилар ҳисобига шаклланади, шу боис фуқаролар уларнинг қандай ишлатилаётганини билиш ҳуқуқига эга. Молиявий ҳисоботларни эълон қилиш - жамият ишончини таъминлаш воситаси бўлибгина қолмай, балки коррупция ва маблағларни мақсадсиз сарфлаш хавфларини олдини олишга ҳам хизмат қилади. Ҳокимиятнинг шаффофлиги ва жавобгарлиги фақат расмий талаб эмас, балки давлатнинг фуқароларга ахборотга етишиш ва мамлакат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш борасидаги халқаро мажбуриятларининг бир қисмидир” .

Сиёсий арбобларнинг ташрифига ижобий баҳо

Шунингдек охирги йилларда Ўзбекистонга санъат ва спорт юлдузларидан ташқари, нуфузли сиёсий арбоблар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам кўп келди. Охиргиларидан бири - АҚШнинг глобал ҳамкорлик бўйича махсус вакили Паоло Замполли бўлди ва давлат раҳбарияти билан бизнес имкониятлари юзасидан музокаралар ўтказди.

Европа Иттифоқининг бир қатор етакчи расмийлари, Россия президенти Владимир Путин, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Марказий Осиё лидерлари ва Хитойнинг йирик корпорациялари делегациялари ҳам мамлакатга ташриф буюришди. Самарқанд эса халқаро йиғинлар ўтадиган бир майдонга айланиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен (ўртада). Европа Иттифоқи-Марказий Осиё саммити. Самарқанд, 3 апрел, 2025 йил.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен (ўртада). Европа Иттифоқи-Марказий Осиё саммити. Самарқанд, 3 апрел, 2025 йил.

Таҳлилчилар сиёсий арбобларнинг ташрифи халқаро муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлайдилар. Бу каби ташрифлар мамлакатнинг ташқи сиёсатидаги очиқлик ва мулоқотга тайёрлигини намоён этади, иқтисодий ҳамкорлик ва инвестиция имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, стратегик соҳалардаги ҳамкорлик йўналишларининг белгилаб олиниши, минтақавий хавфсизлик ва савдо алоқалари мустаҳкамланиши мумкин.

Қирғизистонлик ҳуқуқбон ва таҳлилчи Эржан Қайипов сиёсий арбобларнинг ташрифини Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширувчи ва дунё ҳамжамиятига интеграция жараёнини тезлаштирувчи омил сифатида баҳолайди:

Эржан Қайипов
Эржан Қайипов

“Ҳар бир президент ўз даврини ютуқ ва янгиликлар билан белгилашга интилaди. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт либераллаштирилди, тадбиркорлик қўллаб-қувватланди, инвестиция жалб этилди, ташқи сиёсат очилди, қўшнилар ва ривожланган давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланди. Энг асосийси, аввалги авторитар ва ёпиқ режимдан фарқли равишда, Ўзбекистон дунёга очилди, ички сиёсий муҳит маълум даражада юмшади. Шу боис халқаро ҳамжамият бугунги сиёсатни кўпроқ олқишламоқда, қаттиқ танқид эса камайган. Албатта, камчиликлар ҳам йўқ эмас: сиёсий мухолифатнинг мавжуд эмаслиги, оила аъзоларининг давлат лавозимларида ўтириши шулар жумласидандир. Аммо ташқи сиёсатда барча билан дўстона алоқаларни сақлашга қаратилган ҳаракатлар бу нуқсонларни маълум маънода юмшатмоқда”.

Ўзбекча soft power?

Экспертлар Ўзбекистондаги бу жараённи дунёдаги айрим давлатларнинг “soft power” сиёсатига ҳам таққослайдилар. Масалан, Қатар 2022 йили футбол бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказиш учун миллиардлаб доллар сарфлади, Саудия Арабистони юлдузлар концертлари ва Formula-1 мусобақалари билан ўз имижини яратишга уринди.

Аммо шу билан бирга экспертлар бунда фарқ жуда катталигини ҳам айтишади. Яъни, Қатар ва Саудия улкан иқтисодий ресурсларга эга. Ўзбекистон иқтисодий қийинчиликлардан ўтаётган ва ҳали ривожланаётган давлат сифатида юлдузларга катта маблағ сарфлаши ёки бу маблағлар ҳомийлар ҳисобига бўлса-да, бу ҳақда очиқ маълумот бермаслиги жамоатчиликда саволлар уйғотади.

Надежда Атаева
Надежда Атаева

“Давлатнинг халқаро имижини инсон ҳуқуқлари изчил таъминланмасдан туриб яратиб бўлмайди. Ўзбекистонда расмий баёнотлар билан амалдаги ҳолат ўртасида жиддий зиддият мавжуд. Масалан, Самарқанддаги Халқаро инсон ҳуқуқлари форумида асосан ҳукуматга содиқ мутахассислар иштирок этди, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари эса махсус хизматлар назорати остида қолди. Бундай амалиёт БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ташрифи пайтида ҳам қўлланилган. Шу билан бирга, “янги” сиёсат очиқликка даъво қилса-да, йигирма йилдан буён Human Rights Watch ва "Эркин Европа/Озодлик радиоси" каби ташкилотлар Ўзбекистонда аккредитациядан ўта олмаяпти. Форумлар ва ҳамкорлик ҳақиқий эркинликларнинг ўрнини боса олмайди. Фақат мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ва эркин Оммавий ахборот воситаларига ҳурмат орқали Ўзбекистон ижобий халқаро имижга эга бўлиши мумкин” - дейди ҳуқуқбон Надежда Атаева.

У айтган Инсон ҳуқуқлари форуми 2024 йилнинг 13-14 июнида бўлганди. Жорий йилнинг 4 апрелида эса шу шаҳарда ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити олдидан Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини минтақадаги мулоқотларнинг марказига қўйишга чақирган.

Форум

XS
SM
MD
LG