Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:11

Ўзбек-афғон чегараси: Юк машиналарига очиқ, қочқинларга ёпиқ


Ҳайратондаги "Дўстлик" кўприги- март, 2016

Афғонистондан юк олиб кираётган ёки Ўзбекистондан ок олиб чиқаётган афғон тадбиркорлари учун Сурхондарёдаги чегара постлари очиқ қолмоқда.

Ўзбекистон Божхона хизматидан олинган маълумотга кўра, Мозори шарифдаги консулликдан виза олган афғонистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонга кириб чиқишда давом этмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишлаётган ёки билим олаётган афғонистонликлар ҳам чегарадан чиқарилиши мумкин, аммо қайта кириши вақтинча тўхтатилган.

Қўшни Афғонистоннинг Ўзбекистонга туташ 5 та тумани маркази Толиблар назоратига ўтганидан буён, ўзбек-афғон чегараси ёпиб қўйилган.

Божхона ва Чегара қўшинлари Ўзбекистон томони ҳозирча афғонистонлик қочқинларни қабул қилаётгани ёки қилиши мумкинлиги ҳақида маълумот бермади.

Аммо, термизликлар ўзбек-афғон чегара чизиғидан 2 километр атрофидаги масофа ичкарисида қочқинлар учун вақтинчалик лагер қуриш давом этаётганини айтмоқда.

Озодликка маълумот берган норасмий манбаларга кўра, лагер учун 2 гектарга яқин жой ажратилган ва қурилиш ишларига ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги тузилмасидаги кучлар жалб қилинган.


Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги Гулбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида афғонистонлик қочқинлар учун махсус лагер қурилаётгани айтилмоқда.

Исмини сир сақлаш шарти билан гаплашган термизликка кўра, унинг яқини лагерда ишлаган ва унинг 2 гектар майдонда қурилаётганини айтган:

“Чегарадан 2 км берида палатка қуришибди, катталиги уйдай келади, деди. Термиз туманининг Гулбаҳор қўрғонида, 2 гектарча майдонда. Яқинимиз фақат чодир тикипти. У ИИВ тизимида ишлайди. Энди бошқа бўлинмалар бориб, чодирларни ичида ётишга, яшашга шароит қиляпти, деди. Лекин у ҳудудга фақат махсус рухсат билан кириши мумкин, атрофини ўраб олишган”.

Озодлик Термиз туманида яшайдиган яна 2 кишидан шу мазмунда маълумот олди. Булардан бири, шахсан ўзи Гулбаҳор қўрғонида “10 га яқин катта-катта оқ чодирларни кўргани”ни айтди.

“Катта-катта оқ чодирлар. Чегарани ёнида, очиқ майдонда қурилган. У тарафга умуман ҳеч кимни киритишмаяпти, ишлагани кирганлар ҳам телефони билан киритилмаяпти”, деди Термиз туманидаги давлат идораларидан бирида ишлайдиган ходим.

Бунга қадар Eurasianet нашри маҳаллий аҳолига таянган ҳолда Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри яқинида қўшни Афғонистондан келиши мумкин бўлган қочқинларни жойлаштириш учун чодирлар лагери барпо этилди, деб хабар қилган.

3 июль куни Афғонистондан Ўзбекистонга ягона расмий ўтиш жойи ҳисобланувчи «Ҳайратон» чегара пункти яқинидаги ҳудудга ташриф буюрган термизлик журналист Аброр Қурбонмуродов Eurasianet билан суҳбатда унга чодирларни кўришга рухсат беришмагани, аммо хавфсизлик хизматлари расмийлари ростдан ҳам чодирлар лагери барпо этилганини тасдиқлаганини айтган.

«[Давлат хавфсизлик хизмати] ходими чодирлар фавқулодда ёки кутилмаган ҳодисаларга ҳозир туриш учун тикилганини айтди. Чодирларда ҳали ҳеч ким йўқ», - деб айтган Қурбонмуродов.

Термиз тумани ҳокимлиги, Мудофаа вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ва Чегара қўшинлари бошқармалари бу чодирлар борасида Озодлик саволларини очиқ қолдирди.

Ўзбекистон 2005 йилда Андижонда бўлган қонли воқеалардан сўнг БМТ Қочинқинлар билан ишлаш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини мамлакатдан чиқариб юборган эди. Бу агентлик шундан буён мамлакатга қайтмади.

Айни пайтда Ўзбекистонда афғонистонлик қочқинларни қабул қилиш ва уларни жойлаштириш, шунингдек уларга БМТ томонидан бошпана бериш тартибига оид саволларни ҳукумат очиқ қолдирмоқда.

Лагернинг пайдо бўлиши Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШга бир ҳафталик хизмат сафари билан борган бир кезга тўғри келди. У Вашингтон расмийлари билан Тошкент Афғонистонда тез ўзгараётган хавфсизлик вазиятига жавоб қайтариш масаласида қандай ёрдам бериши мумкинлиги тўғрисида музокара олиб боргани айтилган.

Bloomberg нашри 2 июль куни тарқатган хабарга кўра, президент Жо Байден маъмурияти Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистонга АҚШ ҳарбий кучлари билан ҳамкорлик қилгани учун Толибон қаҳрига учраши мумкин бўлган 9 000 нафар афғонистонликни вақтинча ўз ҳудудига киритишни сўраган.

Аммо, 12 июль куни президент матубот котиби Шерзод Асадов, АҚШ ҳукумати томонидан ҳам афғонистонлик аскарларни вақтинча ўзининг ҳудудида сақлаб туриш бўйича Ўзбекистонга сўров йўлланмаганини билдирган.

Унинг маълум қилишича, 23 июндан буён Афғонистондан Ўзбекистонга 150 чоғли ҳарбий қочиб ўтишга урингани, тегишли тергов ва суриштирув ишлари ўтказилганидан улар, халқаро қонунчиликка мувофиқ, ўз давлатига қайтариб юборилганини, ҳеч кимнинг чегарани бузиб ўтишига йўл қўйилмаслигини қайд этди.

“Ҳозирги кунда Афғонистонда бўлаётган тўқнашувлар бу, албатта, Афғонистоннинг ички иши”, дея урғулади Ш. Асадов.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

Ўзбекистон томони шу йилнинг 19 июнидан коронавирус пандемияси яна кучаймоқда, деган важ билан Ўзбекистон-Афғонистон чегараси вақтинча ёпилганини маълум қилган.

Аммо, 16 июль куни Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” божхона пунктидан олинган маълумотга кўра, йўл юклар учун ёпилмаган.

Ўзбекистоннинг Афғонистон, Мозориф шариф шаҳридаги консуллигидан виза олган афғонистонлик тадбиркорлар қисқа муддатга Ўзбекистонга юк олиб кириш ва олиб чиқишда давом этмоқдалар.

Термизликларнинг айтишича, шу кунларда Термиз шаҳри ва туманида қолаётган афғонистонликлар талайгина, аммо уларнинг асл сони ҳақида маълумот йўқ.

Давлат идораларидан бирида ишлайдиган термизликка кўра, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг, Афғонистон билан чегаралар очилгач, Сурхондарёга келиб бизнес қилаётган ёки олий таълим олаётган афғонистонликлар кўпайган:

“Ҳозир ҳам Термиз туманида афғонистонлик талабалар ётоқхонасида қолиб кетган йигит-қизлар бор. Улар кетолмади, чегара ёпилиб қолди. Кейин бизни туманда булар ишга туширган фабрика бор, у ердаги афғонистонликлар ҳам шу ерда. Термиз шаҳар марказида ҳам кўп қаватли уйларни ижарага олиб яшаётган афғонистонлик оилалар бор”.

Бу термизликнинг айтишича, афғонистонлик аксар катта-кичик бизнесменлар, асосан Ўзбекистондан Афғонистонга товар олиб кетади:

“Оддий қатиқ борку, сузма, ҳам дейишади. Шуни маҳаллий аҳолидан килосини 7 - 8 минг сўмдан олиб, Афғонистонда 5 - 6 доллардан сотишаркан. Мен шундай тадбиркор билан яқинда Тошкентга бирга кетдим, таксида. Шуларни гапириб берди. Қаранг, оддий қатиқ бизнеси! Кейин, мен дорихонада ҳам ишладим маълум муддат - ўшанда ҳам улар роса биринчи тиббий ёрдамга керак бўладиган дориларни олишарди - бош оғириғи, иситмага кетадиган таблеткалар, свечалар, мазлар, шунақа дорилар. Лекин, пулни аямайди улар, уларда пул кўп бўлади”.

Сурхондарё вилояти жанубдан Амударё бўйлаб Афғонистон, шимоли-шарқдан Тожикистон, жануб-ғарбдан Туркманистон чегарадош.

Давлат божхона қўмитаси берган маълумотга кўра, вилоятда жами 11 та божхона пости бор:

  • “Айритом”, “Сариосиё” ва”Гулбаҳор” божхона постлари ,
  • “Термиз аэропорти” чегара божхона пости,
  • “Сариосиё”, “Болдир”, “Амузанг” темир йўл чегара божхона постлари,
  • “Термиз”, “Жарқўрғон”, “Денов” ва “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари

Булардан “Айритом” чегара божхона пости, "Termez Kargo Centr” МЧЖ божхона терминали ҳамда “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости Афғонистон билан савдо иқтисодий муносабатлар ҳамда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Икки давлат ўртасидаги чегаранинг узунлиги 137 километрни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG