Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2021, Тошкент вақти: 23:34

AP: АҚШ Афғонистонга қўшни мамлакатларни хавфсизлик масаласида ҳамкорликка ундамоқда


Жорий ҳафтада америкалик дипломатлар Марказий Осиё раҳбарлари билан учрашади. Бу ҳақда “The Associated Press” (AP) агентлиги хабар бермоқда.

АҚШ Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетганидан кейин, мамлакатда ташқаридан келган жангари гуруҳлар жонланиши мумкин. Вашингтон бундай ҳолатда муносиб жавоб қайтариш учун Афғонистонга яқин жойлашган ҳамкор мамлакатни изламоқда.

Аммо АҚШнинг юқори лавозимли дипломатлари минтақага йўл олар экан, улар Афғонистон қўшнилари АҚШ билан хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилишга шубҳа билан қараётганига гувоҳ бўлмоқдалар.

Бу 2001 йилги вазиятдан кескин фарқ қилади. Ўшанда “Ал-Қоида” АҚШда 11 сентябрда амалга оширган террор ҳужумлари ортидан Марказий Осиё мамлакатлари Вашингтонга ўз ҳудудларида база очишга ҳамда аскар ва ҳарбий техника жойлаштиришга изн берган эди.

Собиқ АҚШ дипломатлари сўзларига кўра, АҚШ Афғонистонда фақат қисман муваффақиятга эришгани ҳамда минтақада ва глобал миқёсда йиллар давомида ўзгарувчан сиёсат олиб боргани учун Марказий Осиё Вашингтонни ишончли узоқ муддатли ҳамкор ҳисобламайди.

Марказий Осиёни ўз таъсир доираси ҳисобловчи Россия эса жорий ҳафтада АҚШ минтақада доимий ҳарбий база очишига “йўл қўйиб бўлмаслиги” ҳақида жар солди.

Айни пайтда, 2001 йилдагига қараганда халқаро миқёсда кўпроқ тажриба орттирган Толибон раҳбарияти бу йил ёзда минтақавий пойтахтларга ва Москвага сафар қилиб, Кобулдаги ҳукумат билан можаро натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, минтақавий хавфсизлик, тинчлик ва савдо-сотиқни ҳимоя қилишга ваъда қилди.

“Шуни айтмоқчиманки, шахсан мен Марказий Осиёда Америка базаси аҳамиятини кўриб турибман, аммо Марказий Осиё давлатлари ҳам айни фикрда эканига амин эмасман”, деди АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хёрбст.

Хёрбст 2001 йилда Марказий Осиё ҳудудига АҚШ ҳарбийларини киритиш бўйича музокараларда қатнашган.

“Биз Афғонистондаги муваффақиятсизликларимиз туфайли зарба едик”, деди Хёрбст.

АҚШ Афғонистонда “Ал-Қоида” гуруҳини зарарсизлантиришга муваффақ бўлди, аммо фундаменталист Толибонга қарши курашда ва Кобулдаги ҳукуматни мустаҳкамлашда муваффақиятсизликка йўлиқди.

“Бу ҳаммасини узил-кесил ҳал қиладиган зарбами? Эҳтимол, ундай эмас. Аммо бу жуда кучли омил”, дея сўзини давом эттирди собиқ дипломат.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Марказий Осиёдаги собиқ расмийси, ҳозирда Питтсбург университетида минтақа бўйича тадқиқотчи Женнифер Муртазашвили:

“Афғонистонга қўшни бўлган Марказий Осиёдаги собиқ совет республикалари йиллар давомида АҚШнинг чет элда демократияни барпо этишга қаратилган чақириқларига гувоҳ бўлдилар. Сўнгра президент Барак Обама бир оз бу чақириқларни камайтирди, унинг ортидан президент Дональд Трамп деярли бутунлай тўхтатганини кўрдилар”, деди.

“Менимча, бу АҚШни қандайдир мақсадсиз қилиб кўрсатди”, дейди Муртазашвили.

“АҚШ узоқ вақт давомида Марказий Осиё учун кучли стратегиясини ишлаб чиқмади ёки фаол иштирок этмади”.

Аммо Байден маъмурияти учун Марказий Осиё билан алоқалар ҳозирда хавфсизлик масаласига айланган, Оқ уй фундаменталист Толибон хорижий исломий экстремистларга Афғонистондан АҚШга ёки бошқа мамлакатларга қарши ҳужум ҳозирлаш учун замин ўлароқ фойдаланишига яна йўл қўйишини хоҳламайди.

Чоршанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс АҚШ Афғонистонни тарк этганидан кейин, Марказий Осиё давлатлари “Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик даражаси тўғрисида суверен қарор қабул қилишларини” айтди.

“Бу нафақат бизнинг манфаатларимизга, аслида Афғонистон қўшниларининг бевосита манфаатларига жуда мос келади”, деди котиб.

Байден маъмурияти минтақадан айнан қандай ҳамкорликни хоҳлаётгани, айнан қайси мамлакатлар билан музокара олиб бораётгани ҳақида тўлиқ маълумот бергани йўқ.

АҚШ Форс кўрфази давлатларидан туриб ёки АҚШ авиакомпаниялари ёрдамида Афғонистонга зарба бериши ва аксилтеррор амалиётларни амалга ошириши мумкин. Шундай бўлса-да, Вашингтон Афғонистонга яқинроқ жойда базага эга бўлишни афзал кўради. Бу Афғонистондаги воқеаларни кузатиш бўйича разведка операциялари учун ҳам жуда муҳимдир.

Бундай ҳамкорлик борасида эришиладиган ҳар қандай келишув, эҳтимол, сир тутилади.

Хабарларга кўра, АҚШ афғонистонлик таржимонлар ва бошқа америкалик ишчиларни вақтинча сақлаб туриш учун қўшни давлатларга мурожаат қилган.

Жорий ҳафтада Пентагон матбуот котиби Жон Кирби АҚШ Марказий Осиёдаги мамлакатлар билан фаол музокара олиб бораётганини тасдиқлади.

“Биз минтақадаги давлатлар билан объектлар ва инфратузилмани ишлатиш имкониятлари тўғрисида суҳбатлашмоқдамиз ва музокара олиб боряпмиз”, деди у.

Байден маъмурияти жорий ой бошида айнан шу мақсадни кўзлаб Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирларини Вашингтонга таклиф қилган эди.

Пайшанба куни Байденнинг ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл ва АҚШнинг Афғонистоннинг махсус вакили Залмай Халилзод бошқа америкаликлар билан бир қаторда Ўзбекистон пойтахтида очилган анжуманга отланди. Анжуманда минтақадаги деярли барча мамлакат ташқи ишлар вазирлари ва раҳбарлари иштирок этади.

Бу мамлакатларнинг барчаси АҚШ Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиб кетганидан кейин мамлакат яна экстремистлар учун бошпанага айланишидан хавотир олаётган мамлакатлардир.

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистон учун ташқи бозорларга тезкор етиб бориш умидлари Покистоннинг денгиз портларига Афғонистон орқали темир йўл қуришга боғлиқдир.

“Биз учун бу ҳаётий аҳамиятга эга”, деди Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов.

Афғонистоннинг Кобулдаги ҳукумати лойиҳани қўллаб-қувватлашни ваъда қилган. Толибон ҳам Тошкентга қилган икки сафари давомида айни ваъдани берди.

“Бизга лойиҳага ҳужум қилинмаслиги ёки зарар етказилмаслигини ваъда қилишди”, деди Ваҳобов.

Ваҳобов Ўзбекистон қонунчилиги мамлакатга ҳар қандай хорижий базани жойлаштиришни ёки аксилтеррор ҳаракатларини ўтказишни тақиқлашини айтди. Айни дамда, дипломат Ўзбекистон АҚШга ижобий муносабатда эканини урғулади.

Минтақа ҳозирда Толибон яхши қўшни бўлиш ваъдасини бажара олиш-олмаслигини аниқлашни кутмоқда. Собиқ дипломатларнинг сўзларига кўра, агар жангари гуруҳ яхши қўшни бўла олмаса, Марказий Осиёда АҚШ билан хавфсизлик борасида ҳамкорлик қилишга бўлган эҳтиёж ошади.

“Минтақадаги барча давлатлар Толибоннинг ниятларидан хавотирда. Агар Толибон яхши иш тутса, улар учун бу яхши янгилик бўлади”, деди АҚШнинг собиқ элчиси Хёрбст.

“Агар Толибон ёмон иш тутса, уларга ёрдам керак бўлади, биздан ёрдам”, дея сўзини якунлади у.

XS
SM
MD
LG