Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:04

Озодлик манбалари: Юнусобод ҳокимининг қурилиш бўйича муовини коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди


Юнусобод тумани ҳокимлиги биносининг ташқи кўриниши.
Юнусобод тумани ҳокимлиги биносининг ташқи кўриниши.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан биридаги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги бир-биридан мустақил икки манбасидан олинган маълумотга қараганда, Тошкент шаҳар, Юнусобод туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари Э. З. коррупция билан боғлиқ айбловлар билан ҳибсга олинган.

Озодлик 22 октябрда қўлга киритган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан 13 октябрь куни иш хонасидан олиб кетилган ҳоким муовини ҳозирда Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан танилган ДХХ ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

Юнусобод туман ҳокимлиги мулозими Э.З. ўрнига Шерали Усмонов ҳокимнинг қурилиш бўйича муовини вазифасини бажарувчи этиб вақтинча тайинланганини айтди.

Юнусобод туман ҳокимлигининг бошқа бир мулозими Озодликнинг Э.З. оид саволига жавобан, унинг "хизмат сафарида" эканини айтиш билан чекланди.

- Унинг ўрнини ўтган ҳафтада муовини Шерали ака Усмонов эгаллади, - деди ҳокимлик мулозими. Яна бир мулозим: "Э. ака командировкага кетган, деб айтишди, биздаги маълумот шу", - деди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходими, Озодлик сўровига жавобан, Юнусобод туман ҳокимининг ўринбосари Э. З. қўлга олингани ҳақидаги хабарларга ярим соат ичида аниқлик киритиб беришни ваъда қилди, кейин эса унга кун давомида қайта боғланиб бўлмади.

Айни пайтда Юнусобод тумани ҳокимлиги расмий сайтида Э.З. ҳокимнинг қурилиш бўйича муовини лавозимида турибди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги Озодлик манбасига кўра, "Э.З. 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пора билан ушланган. Уйи тинтув қилинганида 1 ярим миллион АҚШ доллари миқдоридаги нақд пул ва ўзи ҳамда нотаниш аёл номига Малдив оролларига олинган учоқ чиптаси топилган".

Аммо, Озодликда бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ..

Ички ишлар вазирлиги ҳам Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам Э.З.нинг қўлга олингани ҳақида ҳозирча расмий маълумот бермади.

Э. З.нинг ҳибсга олиниши Юнусобод тумани ҳокимлигидаги шов-шувли ҳибслардан бир йил ўтиб рўй берди.

Ўтган йил сентябрида Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга олингани ҳақда Озодлик хабар берган.

Абдусаматов шу йилнинг май ойида Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топилиб, 5 йилга қамалган.

Э. З. шу йилнинг бошида Юнусобод туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Унгача Э.З. узоқ йил "Ўзуйжойжамғармабанк" банки тизимида раҳбар лавозимларида ишлаган, "Makon Kapital Invest" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ва молия масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳам бўлган.

Кейинги икки йил ичида Ўзбекистоннинг ўнлаб туманларида “пора билан ушланган мулозимлар” тўғрисидаги хабарлар расмий матбуотда бот-бот чиқиб турибди.

Ўтган йил октябр ойида Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туман ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари 5000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган эди.

Бундан олдин Хоразм вилоятининг Урганч туман ва Хива шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари пора олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олингани ҳақида Озодлик хабар берган.

Сўнгги икки йил ичида Тошкент, Навоий, Самарқанд вилоятлари ҳамда Самарқанд шаҳар, Чуст¸ Бойсун туманлари ҳокимларининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосарлари 200 АҚШ долларидан тортиб 5000 долларгача бўлган миқдорда пора олганликда айбланиб, ҳибсга олингани ҳақда маҳаллий матбуот хабар тарқатган эди.

XS
SM
MD
LG