Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:33

Минглаб кишилар Туркия ҳужумидан сўнг Суриядан қочиб чиқмоқда


Туркия Суриядаги курд қўшинларига қарши ҳужумни кучайтиргач, минглаб кишилар уйларидан чиқиб кетишга мажбур бўлди.
Туркия Суриядаги курд қўшинларига қарши ҳужумни кучайтиргач, минглаб кишилар уйларидан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Туркия Суриядаги курд қўшинларига қарши ҳужумни кучайтиргач, минглаб кишилар уйларидан чиқиб кетишга мажбур бўлди, ўнлаб кишилар эса ўлдирилди. АҚШ Конгресси Сурия шимоли-шарқидаги ҳаракатлари учун Анқарага қарши санкциялар жорий қилиш тараддудига тушди.

Айни дамда президент Дональд Трамп 10 октябрда “Туркия билан курдлар ўртасидаги келишувда воситачилик қилиш”га тайёр эканини айтди. Туркиянинг ҳарбий ҳужуми олдидан Трамп минтақадаги курд қўшинларига ёрдам бериб турган АҚШ қўшинларини олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

“Олдимизда учта йўлдан бири бор: қўшин юбориб, ҳарбий ғалабага эришиш, Туркияга молиявий жиҳатдан ва санкциялар билан зарба бериш ёки Туркия билан курдлар ўртасидаги келишувда воситачилик қилиш!” деб ёзди Трамп Твиттерда.

Кейинчалик журналистлар Трампдан қайси йўлни танлашини сўраганда, “Воситачилик қиламиз деган умиддаман”, деб жавоб берди.

Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар Туркияга нисбатан “санкция ва бошқа молиявий масалаларда қандайдир ўта ва ўта кескин иш қилади”.

Яна Трамп бошлиқ Республикачилар партиясининг Намояндалар палатасидаги 28 нафар қонун чиқарувчиси Анқарага қарши Сурия шимолидаги хатти-ҳаракатлари учун санкциялар жорий этиш тўғрисида қонун қабул қилмоқчи экани тўғрисида баёнот берди.

‒ Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва унинг режими Сурия шимолидаги курд иттифоқчиларимизга шафқатсиз ҳужум қилаётгани учун оғир оқибатларга дучор бўлиши керак, ‒ деди Республикачилар партияси вакили, Намояндалар палатасининг Республика конференцияси раисаси Лиз Чейни. У баёнотида Трампни бевосита танқид қилмади.

Намояндалар палатаси ва Сенатдаги республикачилар Трампнинг 6 октябрда АҚШ қўшинларини Сурия шимолидан олиб чиқиш тўғрисидаги баёнотига ноодатий тарзда бир овоздан қарши бўлган, танқидчилар эса буни АҚШга иттифоқчи курдларга нисбатан сотқинлик деб атаган эди.

Сенатнинг бир кун олдин эълон қилинган санкциялар пакети тарафдорларидан бири Грэҳем Линдси президентнинг ушбу қарори “бошқаларнинг маслаҳатларига бутунлай зид тарзда” қабул қилинганини маълум қилди. Республикачилар оқсоқоли Грэҳем Трамп сиёсатининг асосий тарафдорларидан биридир.

Туркия 9 октябрда АҚШ қўллаб-қувватлаётган Сурия курд қўшинларига қарши дастлаб ҳарбий учоқлар ва артиллерия, кейинчалик эса қуруқликдаги қўшинлар билан ҳужум қилди. Эрдўғон ҳужумнинг мақсади “хавфсиз зона” яратиш ва у Сурия шимолидаги курд жангарилари ва Ислом давлати экстремистларига қарши қаратилганини билдирди.

Туркия анчадан бери АҚШ қўллаб-қувватлаётган Сурия курд жангариларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилиб келаётган эди, Анқара уларни террорчилар деб ҳисоблайди.

Курдларнинг Халқни ҳимоя қилиш ҳарбий бўлинмалари (YPG) Сурия шимоли-шарқидаги Сурия демократик кучлари таркибида (SDF) етакчи мавқега эга. Улар уруш хароб қилган мамлакатда Ислом давлатини енгишда АҚШга асосий иттифоқчи бўлган эди.

Трамп дастлаб халқ ўзини “бемаъни ва интиҳосиз урушлардан чиқиш”га ваъда бергани учун сайлаганини ва “энди Туркия, Европа, Сурия, Эрон, Ироқ, Россия ва курдлар вазиятни ўнглаши керак”лигини айтиб, қарорини ҳимоя қилган эди.

Бироқ YPG “елкага пичоқ санчилгани”ни айтиб айблагач ҳамда АҚШнинг ҳам Республикачилар, ҳам Демократлар партияси танқидига учрагач, Трамп Туркия “қуюшқондан чиқадиган бўлса”, унинг иқтисодиётини “йўқ қилиб юбориш” билан таҳдид қилди.

АҚШ президенти кейинчалик Эрдўғон билан гаплашганини, унга одамлари зарар кўрса, ёки турк қўшинларининг хатти-ҳаракатлари “инсонпарвар” бўлмаса, “катта муаммо” келиб чиқишини айтиб огоҳлантирганини маълум қилди.

Туркиянинг ҳужумини қораловчи халқаро баёнотлар кўп куттирмади, бироқ БМТ Хавфсизлик кенгаши 10 октябрда ушбу масала юзасидан баёнот қабул қила олмади. Европаликлар ҳужумни тўхтатишни талаб қилган бўлса, Суриянинг иттифоқчиси Россия “тийилиб туриш”га ва Сурия билан Туркия ўртасида “бевосита мулоқот”ни ёқлаб чиқди.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив ле Дриан АҚШ етакчилигидаги коалициянинг Ислом давлат террорчиларига қарши фавқулодда учрашувини ўтказишга даъват этди. Кўпчилик кишилар Суриядаги курд жангчилари қамоқда ушлаб турган Ислом давлати жангариларидан иборат минглаб маҳбуслар Туркия ҳужумлари вақтида қочиб кетиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилмоқда.

2011 йил мартида ҳукумат қўшинлари норозилик намойишларини бостиргандан сўнг бошланиб кетган фуқролар уруши давомида 400 мингдан ошиқ киши ўлдирилди, миллионлаб кишилар яшаб турган жойларидан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Россия билан Эрон Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлади, Қўшма Штатлар билан Туркия эса турли исёнчи гуруҳларни дастаклади. Ислом давлати эса бошқа барча томонларга мухолиф бўлиб урушга кирган эди.

XS
SM
MD
LG