Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2019, Тошкент вақти: 23:44

Халқаро янгиликлар

Эрон Туркия билан чегарадош ҳудудда ҳарбий машқларни бошлади

Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилоятида ўтказилаётган машқларга генерал-майор Абдулраҳим Мусавий етакчилик қилаётгани айтилмоқда.

Эрон армияси мамлакатнинг Туркия билан чегарадош ҳудудида аввал эълон қилинмаган ҳарбий машқларни бошлади. Бу ҳақда Эрон матбуоти хабар тарқатди.

9 октябрь куни ISNA агентлиги машқларда тезкор чора кўриш бўлимлари, ҳужум бригадалари ҳамда вертолётлар қатнашаётганини хабар қилди.
Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилоятида ўтказилаётган машқларга генерал-майор Абдулраҳим Мусавий етакчилик қилаётгани айтилмоқда.
Эрон нашрлари машқларда иштирок этаётган ҳарбийлар сонини очиқламади.

Эроннинг ушбу машқларидан олдин Туркия шимолий Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказишини эълон қилган эди. Сурия президенти Башар ал-Ассадни қўллаб келаётган Теҳрон Туркиянинг амалиётига қаршидир.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 9 октябрь куни Анқарани Сурияда ҳарбий чора кўришдан ўзини тийишга чорлади.

- Туркия ҳақли равишда жанубий чегарасидаги вазиятдан хавотирда. Бу хавотирларни бартараф этиш учун тўғри йўл танланиши керак, деб ишонамиз, - деди президент.

Руҳоний, шунингдек, АҚШ ҳарбийларини ҳудудни тарк этиши кераклигини, курд жангчилари эса Сурия армиясини қўллаши кераклигини таъкидлади.

Кун янгиликлари

Афғонистон шимолида Толибон ҳужумида 15 нафар полициячи ҳалок бўлди

Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятида содир бўлган тўқнашувда 15 нафар полиция ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят кенгаши аъзоси Ғулом Раббоний Раббоний билдирди.

Унинг сўзларига кўра, полиция ходимлари 22 октябрь куни Алиобод туманида Толибон амалга оширган ҳужум натижасида ҳалок бўлган.

Толибон матбуот котиби ҳужумни гуруҳ амалга оширганини тасдиқлади.

Кейинги ҳафталарда Афғонистон ҳукумати кучлари Қундуз вилоятининг Дашти Арчи ҳамда Имом Соҳиб туманларида Толибон билан тўқнашиб келади.

Хабарларга кўра, Толибон жангарилари Қундуз вилоятининг бир неча туманини қўлга олган. Гуруҳ вилоят пойтахти Қундуз шаҳрини 2015 йилда босиб олиб, икки ҳафта бошқариб турган эди.

Толибон Афғонистон ҳудудининг деярли ярмини қўлга олган бўлиб, жорий йилда мамлакат хавфсизлик кучларига қарши қатор ҳужумларни амалга оширди. Тўқнашувларда юзлаб оддий фуқаро ҳам ҳалок бўлди.

Эрдўғон Путин билан учрашиб, Суриядаги вазиятни муҳокама қилади

Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 22 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан Анқара курд жангчиларига қарши амалиёт бошлаган шимолий Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.

Бугун Вашингтон воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви муддати тугайди.

Туркия Сурия шимолида 120 км масофага чўзилувчи “хавфсизлик зонасини” яратиб, у ерга ҳозир Туркияда қолаётган 2 миллионга яқин қочқинни жойлаштирмоқчи.

21 октябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган форумда Эрдўғон Путин билан учрашув ортидан “керакли чоралар” кўрилишини айтди.

- Ушбу жараённи жаноб Путин билан муҳокама қиламиз, сўнгра тегишли чораларни кўрамиз, - деди Туркия президенти.

Кремль сайтида эълон қилинган баёнотда Путин билан Эрдўғоннинг Россиянинг Сочи шаҳрида учрашиши, учрашув давомида икки етакчи “халқаро террор гуруҳларига қарши кураш ҳамда Сурияда сиёсий ечим топиш” масалаларини муҳокама қилиши айтилади.

Эрдўғоннинг Россияга сафаридан олдидан Фаранция президенти Эммануэль Макрон ҳам Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, Суриядаги вазиятни муҳокама қилган эди.

Суриядан олиб келинган 14 қозоғистонлик терроризм айби бўйича судланмоқда

Суд залидан олинган сурат.

22 октябрь, сешанба куни Нур-Султонда Суриядан Қозоғистонга олиб келинган ва ватанида терроризмда айбланаётган 14 киши устидан суд жараёни бошланди. Суд пойтахтнинг Саноат зонасидаги ЕЦ-166/10 муассасасининг тергов изоляторида бўлиб ўтмоқда.

Ўтган ҳафтада Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) бу иш бўйича тергов якунлаганини маълум қилди. Тергов версиясига кўра, Қозоғистон фуқоролари бўлмиш 14 шахс Сурияда “Ислом Давлати”(ИД) экстремистик гуруҳи отряди сафида бўлган. Уларга нисбатан террорчилик фаолиятида иштирок этиш, ёллаш ва терроризм тарғиботи, «шунингдек бошқа оғир жиноятларни содир этиш» айби қўйилди.

Йил бошида Қозоғистон расмийлари Суриядан фуқороларни қайтариш амалиёти якунлагани борасида маълум қилди. Яқин Шарқдан олиб келинган бир неча ўнлаб эркак ва аёлларга нисбатан терроризм билан боғлиқ айблов қўйилди.

17 октябрь куни МХҚ томонидан эълон қилинган хабарга қараганда, «Жусан» амалиёти доирасида Суриядан 595 нафар қозоғистонлик, жумладан 400дан ортиқ бола қайтарилган. Қўмитанинг маълум қилишича, бундан аввал ИД фаолиятида иштирок этиш факти бўйича Суриядан олиб келинган 10 нафар эркак ва беш нафар аёл турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

2018 йил июлида МХҚнинг хабарига кўра, Яқин Шарқда уруш бошланганидан бери Сурия ва Ироққа 800 га яқин Қозоғистон фуқароси кетган.

Пентагон раҳбари: АҚШ Сурияда ўз аскарларининг бир қисмини қолдириши мумкин

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

Қўшма Штатлар америкалик ҳарбийларнинг бир қисмини жангарилар ҳужумига ҳадаф бўлиши мумкин бўлган нефть конларини қўриқлаш учун Сурияда қолдириш режасини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер маълум қилди.

Вазирга кўра, режа ишлаб чиқиш босқичида бўлиб, ҳали президент Трампга тақдим этилганича йўқ. АҚШ президентининг ўзи душанба куни Суриядан америкалик ҳарбийларнинг ҳаммасини олиб чиқиб кетишни исташини билдирганди. Айни пайтда у “нефть хавфсизлигини таъминлаш зарур”лиги ҳамда Суриянинг бошқа қисмидан АҚШ аскарларини олиб чиқиб кетмаслик хусусида Исроил ва Иордания илтимосига эътибор қаратиш лозимлигини ҳам қўшимча қилган.

АҚШ президенти Дональд Трамп икки ҳафта муқаддам Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан сўзлашувдан кейин америкалик ҳарбийларни Сурия шимолидан олиб чиқиб кетиш ҳақида буйруқ берганди. Бу топшириқдан бир ўтиб Анқара Суриянинг қуролли курд отрядлари назорати остида бўлган ҳудудида ҳарбий амалиёт бошлаган.

Трампга кўра, у турк армияси ҳужумига ҳадаф бўлиши мумкин мавқеларни эгаллаган америкалик аскарларнинг ҳаётини хавф остига қўйишни истамаган.

АҚШнинг Суриядаги мингга яқин аскарини Ироққа кўчириш қарори олинган. Қайд этилишича, америкалик аскарлар ҳали тўлиғича Суриядан олиб чиқиб кетилган эмас. Айрим маълумотларга кўра, бу эвакуациянинг Сурия жанубида (Исроил билан чегарада) жойлашган америкалик ҳарбийларга дахли бўлмайди.

Япония: Нарухито расман императорлик тахтига ўтирди

Нарухитонинг императорлик тахтига чиқиш маросими, Токио, 2019 йил 22 октябри.

Японияда 22 октябрь куни император Нарухитонинг расман тахтга чиқиш маросими ўтказилди. Маросимда дунёдаги 170 мамлакат лидери иштирок этди.

Оксфордда ўқиган 59 ёшли Нарухито отаси Акихитонинг тахтдан воз кечиш ортидан шу йил май ойида император эълон қилинганди.

Тахтга чиқиш маросимида сўзлаган Нарухито Япония янада тараққий қилиб, халқаро майдонда дўстлик ва тинчликка ўз ҳиссасини қўшишда давом этишига умид билдирди.

Япония бош вазири Синдзо Абэнинг императорга олқиш нутқи ортидан "Банзай" садолари янгради. Бу сўз "Яшасин император" деган маънони англатади.

Япония ўзини 2600 йиллик тарихга эга бўлган дунёдаги энг эски монархия, деб билади.

Тожикистонда чақалоғини ўлдирган аёл 15 йил қамалди

Кўлоб суди олти ойлик чақалоғини ўлдирган 24 ёшли Жамила Каримовани 15 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Хатлон вилоятининг Хамадоний туманида яшовчи бу аёл жорий йил июнида эрининг қариндошлари билан бўлиб ўтган жанжаллардан сўнг ўғли Муҳаммаджонни каналга ташлаб юборган. Чақалоқнинг жасади бир ҳафта ўтиб топилган.

Жамила оилада мунтазам ҳақорат ва зўравонликларга учраб келгани, шу важдан ўзи ва ўғлини ўлдиришга аҳд қилганини айтган.

Аёл судда ўзгалар қўлида қолиб, азият чекмаслиги учун аввалига ўғлини каналга ташлагани, аммо ўз жонига қасд қилишга улгуролмаганини эътироф этган. Жамила қилган ишидан қаттиқ пушаймон эканини айтиб, суддан хукм чиқараётганда ёшлигини ва чин юракдан пушаймонлигини эътиборга олишларини сўраган.

Хатлон вилоят судидаги манбанинг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, Жамила Каримова жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди. Суд хукми октябрь бошларида чиқарилган ва қонуний кучга кирган.

Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг ваколатлари янада кенгайди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев республика биринчи президенти, Хавфсизлик кенгаши раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг ваколатлари янада кенгайтиришга оид фармон имзолади.

Фармон хукумат амалдорлари ва бошқа раҳбарларни, жумладан, шаҳар ва вилоятлар бошлиқларини тайинлаш, шунингдек, айрим вазирлик ва муассасалар устидан назорат имкониятига тааллуқлидир. Ҳужжат Қозоғистон норматив ҳуқуқий актлар ахборот-хуқуқий тизимига жойлаштирилди. Фармонга кўра, эндиликда Қозоғистон президенти барча вазирларни (ТИВ, ИИВ ва Мудофаа вазиридан ташқари) Назарбоев билан келишганидан кейингина тайинлайди.

Шунингдек, президентга бевосита бўйсунадиган ва унга ҳисоб берадиган идораларнинг раҳбарлари ҳам Хавфсизлик кенгаши раҳбари билан келишганидан кейингина тайинланади. Булар Президент администрацияси, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Миллий банк, Республика гвардияси, Ташқи разведка хизмати, Президентни қўриқлаш хизмати, Республика бюджети ижроси устидан назорат ҳисоб қўмитаси, Президент ишлари бошқармаси.

Қозоғистон президенти вилоят, республика аҳамиятига молик шаҳарлар, Қозоғистон пойтахти Нур-Султон раҳбарларини тайинлашда ҳам Хавфсизлик кенгаши раҳбари билан келишиб олиши керак. Фармон билан Хавфсизлик кенгаши котибини тайинлаш регламентига ҳам ўзгартиш киритилган: эндиликда котиб Назарбоев билан маслаҳатлашилганидан кейингина тайинланади. Авваллари бу лавозимга масъул мулозимни президент ўз администрацияси тавсиясига биноан тайинларди.

79 ёшли Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг 19 март куни Қозоғистон президенти лавозимидан истеъфога чиқди, аммо ўзида мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини сақлаб қолган.

2019 йил июнида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Қозоғистоннинг янги президенти этиб сенат собиқ спикери Қасим-Жомарт Тоқаев сайланди. Аммо унинг мазкур фармони кадрлар масаласидаги асосий қарор ҳамон Назарбоев томонидан қабул қилинишини кўрсатмоқда. Хавфсизлик кенгаши раислигидан ташқари Назарбоев хукмрон "Нур Ўтан" партияси раислигини ҳам ўзида сақлаб қолган.

Айрим экспертларнинг фикрича, Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамон собиқ президент Нурсултон Назарбоев “таъсири остида” қолмоқда ва мустақил равишда сиёсий қарорлар қабул қила олмаяпти.

Туркманистон президенти ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини хорижга сотиш борасида топшириқ берди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бош вазирнинг савдо масалалари бўйича ўринбосари Чари Гилижовга бозорни ўрганиш, мамлакатда истеъмолчиларнинг талабини таҳлил қилиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда инновацион технологияларни жорий қилиш ҳамда ички бозорни юқори сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлдириш юзасидан топшириқ берди.

Бердимуҳамедов фикрича, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш борасидаги ишларни фаоллаштириш ва ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун хорижда янги каналларни топиш керак, деб ёзади "Хроника Туркменистана" нашри.

Туркманистонда қайси маҳсулотлар мўл-кўллиги ҳақида маълумот берилмаган, бироқ мустақил нашрлар сўнгги йилларда мамлакат бозорларида Туркманистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган ун, ёғ, тухум, шакар ва нон етишмаётгани ҳақида муттасил ёзиб келадилар. Бу маҳсулотларни олиш учун эрталабки соат 4 дан бошлаб навбатга турилади, бироқ маҳсулотлар ҳар куни олиб келинмайди.

Молдовада Кишинёв мэри ва маҳаллий кенгаш сайловлари бўлиб ўтди

Молдовадаги сайлов участкасида сайловчилар овоз бермоқда. 2019, 20 октябрь.

20 октябрь куни Молдова пойтахти мэри ҳамда мамлакатдаги бошқа аҳоли пунктлари маъмуриятлари бошлиқлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари бўлиб ўтди.

Молдова пойтахти Кишинёвда шаҳар мэри сайловида россияпараст Ион Чебан ҳамда Европа Иттифоқи билан интеграция тарафдори Андрей Нэстасе беллашди. Чебан 40,30 фоиз овоз тўплади, Нэстасе эса 31,01 фоиз овоз тўплади. Эндиликда мэр сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади.

Жорий йилнинг ёзида Молдовада ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ҳукумат ғалаба қозонган эди. Бош вазир Майя Санду очиқ ва эркин сайловлар ўтказиш ваъдасидан чиққанини айтар экан, аҳолини “иғвогарлардан” эҳтиёт бўлишга чорлади.

Сайловолди сўровлар Чебан Нэстаседан олдинда эканлигини кўрсатган эди.

2018 йилнинг июнида ўтказилган мэр сайловда Нэстасе Чебан устидан ғалаба қозонган эди, аммо суд сайлов натижаларини бекор қилган.

АҚШ Намояндалар палатаси спикери Пелоси ва мудофаа вазири Эспер Афғонистонга хизмат сафари билан борди

Нэнси Пелоси Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ҳамда мамлакатдаги Америка ҳарбийлари билан учрашди.

20 октябрь куни Намояндалар палатаси раиси Нэнси Пелоси, АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер ҳамда АҚШ Конгрессининг яна бир неча аъзоси Афғонистонга аввал эълон қилинмаган хизмат сафари билан борди.

Пелоси Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ҳамда мамлакатдаги Америка ҳарбийлари билан учрашди.

Бу ташриф июль ойида Пентагон раҳбари этиб тайинланган Эспер учун Афғонистонга илк хизмат сафари бўлди. Эспер ҳам ташрифи давомида Ғани билан учрашган ҳамда мамлакатда қолган 14 мингга яқин Америка ҳарбийси билан кўришган.

Ўтган ойда АҚШ президенти Дональд Трамп Толибон билан бир неча ой давомида олиб борилган музокараларни тўхтатиб қўйди.

Хабарларга кўра, Эспер Вашингтон Афғонистондаги террорга қарши курашга салбий кўрсатмаган ҳолда ҳарбийлари сонини 8600 га озайтириши мумкинлигини айтган.

- Мақсадимиз қачондир тинчлик келишувини имзолаш, айнан шу энг тўғри йўлдир, - деган Эспер.

Умрбод қамалган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси қамоқхона раҳбарияти устидан халқаро ташкилотларга арз қилди

Азимжон Асқаров

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги бошқармасининг минтақавий вакили, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги вакили, Бишкекдаги ЕХҲТ Марказига очиқ мурожаат йўллади. Асқаровнинг мактубини Voice of Freedom жамоатчилик жамғармаси бошқаруви раиси Абдумўмун Мамараимов тарқатди. Бу ҳақда Азаттиқ радиоси хабар қилди.

Асқаров жазони ижро этиш №19 колонияси раҳбари Н.А.Труспековнинг нохақ ҳаракатларидан – учрашувни чеклаши, қонунга зид равишда жарима изоляторига жойлаштириши, қонун бўйича маҳбусларга кафолатланган пенсия тўловлари борасидаги талабни инкор қилиши юзасидан шикоят қилган. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, нафақат ўзининг балки бошқа маҳбусларнинг ҳам хуқуқлари бузилмоқда.

«Жаҳон ҳамжамияти Қирғизистон расмийларидан БМТ Инсон хуқуқлари бўйича қўмитасининг қарорини бажариш ва зудлик билан мени озод бўлишимни талаб қилаётган бир вақтда жазони ижро этиш №19 колонияси бошлиғи оила аъзоларим билан учрашишга тўсқинлик қилган ҳолда мени ҳақоратламоқда», - деб ёзган Асқаров.

Унинг таъкидлашича, июнь ҳодисалари бўйича ҳукм қилинганлар БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлардан бу иш бўйича судьялар ва адвокатларнинг даражаси белгиланишини ва июнь ҳодисалари бўйича ҳукм қилинган маҳбусларга, жумладан А.Асқаровнинг ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилгани борасидаги шикоятлар мустақил равишда текширилишини кутмоқда.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозор Қўрғон туманида истиқомат қилган ва ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланган. 2010 йилнинг июнь ҳодисаларидан кейин тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимининг ўлимида иштирок этиш гумони билан ушланди. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Қўмитаси Қирғизистон хукуматига мурожаат қилиб ҳуқуқ ҳимоячисининг иши қайта кўриб чиқилишини сўради. Қўмита ўз қарорини Азимжон Асқаров оғир шароитларда ушлаб турилгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ва у қонунга зид равишда ушлаб турилиши билан изоҳлади. Қирғизистон суди янги вазият бўйича ишни қайта кўриб чиқди ва хукмни ўзгартиришсиз қолдирди.

2019 йилнинг 30 июлида унинг иши жиноий қонунчилик ўзгартирилиши муносабати билан қайта кўриб чиқилди - йил бошида Қирғизистонда янги Жиноий ва Жиноий -процессуаль кодекслар кучга кирди. Уларда жазолар юмшатилиши ва жиноий қонунчилик инсонпаварлик бўлиши кўзда тутилади. Асқаровнинг ўзи суд мажлисларида иштирок этмади. Адвокатлар Асқаровнинг айбсизлигини, шунингдек унинг саломатлиги жиддий ёмонлашганини айтишади. Чуй вилоят суди ҳуқуқ ҳимоячисининг озод бўлишига рухсат бермади.

Ҳиндистон-Покистон чегарасидаги отишмада камида 10 киши ҳалок бўлди

19 октябрь оқшомида Покистон ва Ҳиндистон чегарасида содир бўлган отишма натижасида камида 7 нафар оддий фуқаро, 3 нафар чегарачи ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Ҳар икки тараф тарқатаётган хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар сони ошиши мумкин.

Покистон армияси матбуот котиби генерал-майор Асир Ғафур Ҳиндистонни ҳужумни бошлашда ва оддий фуқароларни нишонга олишда айблади.

Покистон армияси тарқатган маълумотларга кўра, баҳсли Кашмирнинг Покистон бошқарувидаги ҳудудида 6 нафар оддий фуқаро ҳамда бир аскар ҳалок бўлган. Ғафур икки аскар ҳамда беш оддий фуқаро жароҳат олганини қўшимча қилди.

Ғафурнинг сўзларига кўра, Покистон тарафи ҳужумга жавобан ўт очган, натижада тўққиз нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган.

Аммо Ҳиндистондаги манбалар Покистон иддаоларини рад этди. Ҳиндистон полицияси ва армияси расмийлари Покистон чегарачилари ҳинд чегара пунктига ҳужум қилганини, натижада бир нафар аскар ҳалок бўлганини билдирди.

Ҳонконгликлар яна оммавий норозилик намойишига чиқишди

Икки ҳафта давом этган нисбий осойишталикдан сўнг Ҳонконгда демократик кайфиятдаги фаолларнинг кўп минг кишилик юриши бўлиб ўтди. Associated Press ва Reuters агентликлари хабарига кўра, 20 октябрь куни бўлиб ўтган юришга ўн минглаб одам йиғилган.

Полиция рухсатсиз тадбирга йиғилган норозиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солган. Намойишчиларнинг айримлари полициячиларга қарата ичида ёнувчи суюқлик бўлган шишалар отган, кўчаларни тўсган. Жабрланганлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Ҳонконгда норозилик чиқишлари ҳукумат томонидан жиноятчиликда гумонланганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш таклифи ортидан тўрт ой муқаддам бошланганди. Ўшандан бери Ҳонконг расмийлари бу қонун лойиҳасидан воз кечилганини қайта-қайта эълон қилганига қарамай, маҳаллий аҳоли вакилларининг Ҳонконг суверенитетини муҳофаза қилиш чақириқлари билан норозилик чиқишлари тўхтамаяпти.

Ўтган вақт мобайнида норозилик акциялари чоғида икки киши ўқотар қуролдан яраланган, улардан бири жон таслим қилган. Акциялар пайтида минглаб намойишчи енгил жароҳатлар олган, 2,5 мингдан зиёд фаол қўлга олинган.

Пентагон Суриядаги АҚШ ҳарбийларини Ироққа йўллайди

Сурия шимолидаги америкалик ҳарбийлар.

Вашингтон Сурия шимолий-шарқидан олиб чиқаётган америкалик ҳарбийларни Ироққа йўллашни режаламоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер билдирди.

Вазирга кўра, гап 700 дан зиёд ҳарбий ҳақида кетмоқда. Ироқ ғарбига жойлаштирилажак бу ҳарбийлар "Ислом давлати" террор гуруҳига қарши курашни давом эттиради.

Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги 20 октябрь куни АҚШ машиналари карвони шимолий Ироқдан Сурия ҳудудига киргани, улар Туркия ҳарбий амалиёт ўтказаётган ҳудуддаги Америка базаларидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиши ҳақида хабар тарқатди. Агентлик маълумотига кўра, карвонда 100 чоғли юк машинаси бўлиб, уларга ҳарбий қўриқчилар ҳамроҳлик қилмоқда.

Жорий йилнинг 9 октябрида Туркия Сурия шимолидаги қуролли курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Анқара уларни террорчи, деб билади. Вашингтон эса, аксинча, курд отрядларини “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб ҳисоблайди.

Ливанда аксилҳукумат намойишлари авж олмоқда

Ливанда якшанба куни минглаган одам коррупцияга ҳамда солиқлар оширилишига қарши намойишга чиқиб, ҳукумат истеъфосини талаб қилди.

Норозилик тадбирлари 16 октябрь куни расмийларнинг WhatsАpp ҳамда бошқа ижтимоий иловалар орқали қўнғироқларга солиқ жорий қилиш қарорига қарши бошланган. Иловалар орқали қўнғироқларга ойига 6 доллар миқдорида солиқ жорий қилишни кўзлаган расмийлар бу қарорни бекор қилганларига қарамай, норозилик чиқишлари давом этмоқда.

Норозилар эндиликда мамлакатда авж олган коррупцияга ҳам қаршилик билдиришиб, сиёсий тизимнинг бошдан-оёқ янгиланишини талаб қилмоқдалар.

Ливан бош вазири Саъд Ҳаририй бошқарувдаги коалицияга бўҳрондан чиқиш бўйича таклиф киритиш учун 72 соат муҳлат берган.

Душанбеда тарихий бинолар бузилаяпти

Тожикистон пойтахтида ўтган асрнинг 20 ва 30-йилларига оид тарихий бинолар бузилиши давом этмоқда. Душанбе тарихи айнан шу бинолар билан бошлангани айтилади.

Шу кунда Душанбенинг биринчи архитектори Петр Ваулин томонидан қурилган уй бузилиши кутилаяпти. Шаҳарда атиги 30 та тарихий бино қолган.

Қадимий уйларни бузиш қарорига қарши чиқувчилар жуда кўп. Улардан бири тарихчи-ўлкашунос Ғафур Шерматовга кўра, Тожикистон пойтахтидаги бинолар бошқа ҳеч қаерда йўқ – айрим уйлар фақат Тожикистон пойтахти учун лойиҳалаштирилган. Энг асосийси меъморий қадрият эмас, балки тарихий қадриятдир.

Айни дамда Душанбеда қурилиш ишлари фаоллик билан олиб борилмоқда, шунга қарамай, турар-жой биноларининг нархи пасаймаяпти. Тожикистон пойтахтида бир квадрат метр ҳозирги кунда ўртача 500 доллар туради – бу қурилиш таннархидан 2,5 баробар кўп ва мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан уч баробар юқоридир.

Назарбоевнинг набираси полицияга қилган ҳужуми учун шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ойсултон Назарбоев.

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг Буюк Британияда яшаётган набираси - 28 ёшли Ойсултон Назарбоев маҳаллий суд томонидан Лондонда полицияга қилган ҳужуми учун шартли равишда бир йил озодликдан маҳрум қилинди. ВВС хабарига кўра, у жамоат ишларига жалб қилинган.

"Назарбоев гиёҳванд моддалар таъсирида 5 июнь куни Ковент-Гарден туманида полиция ходимига ҳужум қилганликда, уларни уриб ва улардан бири Росс Сэмбрукни тишлаб олганликда айбдор, деб топилди”, дейилади суд қарорида.

Ҳодисадан икки кун муқаддам кичик Назарбоев Лондондаги International Park Plaza Hotel меҳмонхонасининг балконига чиқиб, ўз жонига қасд қилиш билан пўписа қилган. Полиция ундай қилмасликка уни кўндирган. Кейинроқ Қозоғистон собиқ президентининг набираси хонада баланд овозда бақира бошлаган ва қўшнилар полиция чақирган.

Суд ҳукмига кўра, Ойсултон Назарбоев гиёҳванд моддаларга мубталоликдан даволанишда давом этиши ва камида 20 марта шифокор қабулига бориши керак. Шунингдек, унга 18 ойлик синов муддати, 140 соатлик жамоат ишларига жалб этиш, 1 минг фунтлик жарима ва хонага етказилган 5 минг фунтлик зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган. Агар синов муддати даврида Назарбоев қонунни бузгудек бўлса, шартли ҳукм ҳақиқийга айланади.

Британия нашрлари хабарига кўра, Ойсултон Назарбоевни Буюк Британиядан депортация қилиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган.

Ойсултон Назарбоев Қозоғистон собиқ президентининг катта қизи, Сенат спикери Дариға Назарбоеванинг ўғлидир. У 2017 йили гиёҳванд моддаларга мубтало бўлганини тан олган ва гиёҳвандликдан уни айнан бобоси “қутқарган”ини урғулаган. Тақиқлаган препаратларга Назарбоевнинг набираси, ўз эътирофича, бобоси академик Мухтор Алиевнинг вафоти ва Австрия қамоқхонасида отаси Роҳат Алиев ўз жонига қасд қилганидан кейин ружу қўйган.

Сурия шимолида курд жангчилари чегарадан чекинишга рози бўлди

Суриялик курд жангчилар қўмондони Туркия курд жангчилари ва оддий фуқаролар жанг майдонини тарк этишига йўл очиб берса, АҚШ етакчилигида Анқара билан эришилган сулҳ шартларига биноан чегарадош ҳудуддан ўз қўшинларини олиб чиқишини билдирди.

Икки кун олдин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон курд жангчилари ҳудудни тарк этиши учун ўт очишни тўхтатиб туришга рози бўлгани хабар қилинган эди.

Сурия демократик кучлари аъзоси Редур Ҳалил курд қўшинлари Туркия-Сурия чегарасидан 30 км нарига чекланишини айтди. Аммо у бунинг учун Рас ал-Айн ҳамда Тал-Абяд шаҳарларидан ҳарбийлар ва оддий фуқаролар эвакуациясига йўл очиб берилиши кераклигини таъкидлади.

20 октябрь куни Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли Анқара Сурия шимолида яратишга бел боғлаган “хавфсизлик зонаси”да бирорта курд қолмаслигини исташини айтди.

Туркия шимолий Сурияга юриш бошлаши ортидан ўн минглаб одам ҳудудни тарк этишга мажбур бўлди.

НАТО аъзоси бўлган Туркиянинг бу амалиётини халқаро ҳамжамият кескин танқид қилмоқда. Европа давлатлари ҳамда АҚШ Анқаранинг ушбу ҳаракатига жавобан санкция ва бойкот эълон қилди.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.

Амалиёт бошланганидан бери Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.

Тарихда илк маротаба очиқ фазога фақат аёллар чиқди

Жума куни тарихда биринчи маротаба фақат аёллар очиқ фазога чиқди. Бу ҳақда НАСАга таянган ҳолда Euronews агентлиги хабар қилди.

Америкалик астронавтлар Кристина Кук ва Жессика Меир Халқаро фазо станциясининг ташқи аккумуляторларини алмаштирган. Ушбу аккумуляторлар станция Ернинг соясида бўлган пайтда уни энергия билан таъминлайди.

Астронавтлар станция ташқарисида етти соат вақт ўтказишган.

Бундан олдин аёл фазогирлар очиқ фазога фақат эркаклар билан бирга чиқиб келган. Меир очиқ фазога тўрт марта чиққан. Кук учун эса жума кунги амалиёт илк очиқ фазога чиқиш бўлди.

Бугунга қадар умумий ҳисобда аёллар очиқ фазога 14 маротаба чиққан. Илк маротаба очиқ фазога чиққан аёл совет космонавти Светлана Савицкаядир.

Чили пойтахтида фавқулодда вазият жорий қилинди

anniversary of Chile's independence

Чили президенти Себастьян Пиньера пойтахт Сантьяго шаҳрида фавқулодда вазият эълон қилди. Бунга шаҳарда содир бўлаётган тартибсизликлар ва отишмалар сабаб бўлди.

Бундан олдин мамлакатда жамоат транспорти нархларининг кўтарилиши туфайли оммавий норозилик акциялари бошланиб кетган эди.

Айни дамда Чили кўчаларини ҳарбийлар назорат қилаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, Сантьягони бошқа аҳоли пунктлари билан улаб турувчи марказий автомагистраль танклар билан тўсилгани хабар қилинди.

Жамоат транспортидан фойдаланиш нархларининг ошиши чилиликларнинг мамлакатдаги тенгсизлик ва ижтимоий адолатсизликдан норозилиги ошишига сабаб бўлди.

Ангела Меркель Путин билан Украина шарқидаги можарони муҳокама қилди

Германия канцлери Ангела Меркель ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали суҳбатлашиб, Украина шарқидаги можарога оид масалаларни муҳокама қилди.

Германия ҳукумати вакилига таяниб тарқатилган хабарларга кўра, икки раҳбарнинг диққат марказида “Нормандия форматидаги” саммитга тайёргарлик масаласи бўлган.

Саммитнинг санаси ҳали белгиланмаган.

Меркель ва Путин, шунингдек, Сурия ва Ливиядаги вазиятни ҳамда Украина орқали Европага Россия газини юбориш масаласида олиб борилаётган музокараларни ҳам муҳокама қилган.

Икки етакчи суҳбатининг бошқа тафсилотлари очиқланмади.

Британия бош вазири Брюсселдан Брексит учун кўпроқ муҳлат сўради

Британия бош вазири Борис Жонсон Брюсселга Брексит жараёнини узайтиришни сўраб мактуб юборган, аммо унга имзо қўймаган. Бу ҳақда Бош вазир идорасидаги манба Би-би-сига маълум қилди.

Мактуб Брюсселга дипломатик каналлар орқали юборилган. Унинг ортидан бош вазир томонидан имзоланган иккинчи хат юборилган. Иккинчи мактубда Жонсон Брекситни кечиктириш хато бўлишига ишониши айтилган. Жонсоннинг ёзишича, ҳукумат Британия парламенти Европа Иттифоқи билан эришилган келишувни маъқуллашига эришиш учун курашишда давом этади. Бош вазир 31 октябргача буни амалга ошириш мумкинлигига ишонишини айтган.

Бу орада шанба куни Лондонда Брекситга қаршилар норозилик акциясига чиқди. Намойиш иштирокчилари мамлакат расмийларидан Британия Европа Иттифоқидан чиқишига йўл қўймасликни ҳамда иккинчи маротаба референдум ўтказишни талаб қилишди. Намойишда айрим мухолифат вакиллари, жумладан, Лондон мэри Содиқ Хон ҳам иштирок этди.

Туркия ва курдлар бир-бирларини оташкесимни бузганликда айбламоқда

Туркия ва суриялик курдлар бир-бирларини пайшанба куни АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг Анқарага ташрифи пайти эришилган оташкесим шартларини бузганликда айбламоқда.

Туркия Мудофаа вазирлиги баёнотида "террорчилар" (таҳр. Туркия курд жангариларини шундай атайди) 36 соат ичида 14та ҳужумни амалга оширгани таъкидланади.

Вазирликка кўра, ҳужумларнинг аксари Туркия чегарасидаги Рас ал-Айн шаҳрида рўй берган.

Ўз навбатида курдлар Туркияни Рас ал-Айндаги позицияларига ҳужум қилиб, оташкесим шартларини бузганликда айбламоқда.

Аммо, кузатувчилар оташкесимга эришилганидан буён кўламли ҳужумлар минтақада кузатилмаганини айтишади.

Туркия ва АҚШ Сурия шимолида турк ҳарбийлари амалиётини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида пайшанба куни келишиб олгандилар.

Бу ҳақда Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан 17 октябрь кунги учрашувдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билдирганди.

Оташкесим 120 соат давом этади. Бу вақт оралиғида курд қуролли отрядлари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини тарк эта оладилар. Шундан сўнг Анқара амалиётни поёнига етказади.

Пенсга кўра, Вашингтон Анқарага нисбатан янги санкциялар жорий этмоқчи эмас, ўт очиш тўхтаганидан кейин эса амалдаги чекловлар ҳам бекор қилинади.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.

Амалиёт бошланганидан бери ўтган 9 кун давомида Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.

Бу орада курд отрядлари ҳам Дамашқ билан келишувга эришиб, Анқара ҳужумидан ҳимоя қилиши учун қатор шаҳарларни Сурия ҳарбийларига топширишди.

Британия парламентида "Брекзит" бўйича ЕИ билан келишув мухокама қилинади

Британия парламенти бугун мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича келишувини мухокама қилади.

Бош вазир Борис Жонсон икки кун аввал ЕИ раҳбарияти билан эришган келишувни парламент маъқулласа, бу Британиянинг 31 октябр куни Иттифоқдан чиқиши учун йўл очади.

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига бағишланган референдум 2016 йил июнида бўлиб ўтди, ўшанда кичик фарқ билан брекзит тарафдорлари ғалаба қозонди.

Шундан кейин Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Тереза Мэй расман ЕИдан "ажралиш" бошланганини эълон қилди, аммо шунга қарамай ЕИдан чиқиш борасидаги талаблар борасидаги музокаралар ҳамон давом этмоқда.

Красноярскда дамба ёрилиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди

Россиянинг Красноярск ўлкасида дамба ёрилиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, яна шунча киши жароҳат олди.

Яна ўндан ортиқ кишининг тақдири номаълум қолмоқда.

"Сибзолото" ширкатига қарашли дамба ўпирилгандан сўнг сел кончилар яшайдиган вагон уйларни оқизиб кетган.

Фожиа маҳаллий вақт билан соат 6лар атрофида юз берган.

Конда ҳаммаси бўлиб 180 га яқин одам ишлаган.

Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG