Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2025, Тошкент вақти: 09:04
Президентлар Доналд Трамп ва Шавкат Мирзиёев. Оқ уй, Вашингтон, 6 ноябр, 2025. Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати
Президентлар Доналд Трамп ва Шавкат Мирзиёев. Оқ уй, Вашингтон, 6 ноябр, 2025. Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Трамп ва Мирзиёев: 100 миллиард долларлик келишув ва стратегик шерикликнинг янги босқичи - C5+1 саммити якунлари

6 ноябр куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда Марказий Осиёнинг беш давлати етакчиларини қабул қилди.

Ушбу саммит — смартфонлар, электромобиллар ва қирувчи самолётлар каби юқори технологияли қурилмалар учун зарур бўлган нодир ер металларини излаш ва таъминот занжирини диверсификация қилиш бўйича Трампнинг саъй-ҳаракатлари фонида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига кўра, 6 ноябрда Ўзбекистон АҚШ билан нодир металларга оид иккита битим имзолаган.

Ҳозирча битимлар шартлари ва қиймати борасида бирор маълумот очиқланмади. Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистон ва АҚШ уран, мис, вольфрам, молибден ва графит қазиб олиш ҳамда қайта ишлашни ривожлантиради.

Мирзиёев АҚШдан жами саккизта жиддий битим билан қайтаётгани маълум. Жумладан, “Boeing” самолётлари бўйича кўп миллярд долларлик янги шартнома имзоланган.

Ҳозирча битим шартлари тўлиқ маълум эмас.

Оқ уйга кўра, 6 ноябр куни Қозоғистон 15та, Тожикистон 14та, Ўзбекистон эса 8 та самолёт - учта давлат жами 37 та Boeing самолётини сотиш олиш бўйича янги битим имзолаган.

Ўзбекистон бир ярим ой аввалги 22 та самолётга қўшимча яна 8та жами 30та учоқ харид қилиш бўйича битим имзолаган.


03:29 7.11.2025

Мирзиёев АҚШ Савдо вазири билан музокара ўтказди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтонга амалий ташрифи доирасида АҚШ Савдо вазири Ховард Лутник билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, савдо ва сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир масалалар муҳокама қилинди.

"Кўп қиррали Ўзбекистон-Америка муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробар ошиб, қарийб 1 миллиард долларга йетди. Ўзбекистонда 300 дан ортиқ Америка компанияси муваффақиятли фаолият юритиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, инновациялар соҳаларида қатор йирик ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда", дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Музокараларда савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш, Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этишдан томонлар ҳам манфаатдор экани таъкидланган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. АҚШдан соя ва пахта етказиб бериш, Американинг илғор томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки шартномалар аллақачон имзоланган.

Музокаралар якунлари бўйича қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция платформасини яратиш орқали амалий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

22:33 6.11.2025

Қозоғистон ва АҚШ ўртасида ноёб минераллар бўйича меморандум имзоланди


6 ноябрь куни Қозоғистон ва АҚШ ўртасида ноёб минераллар бўйича меморандум имзоланди. Ҳужжатнинг имзоланиш маросими Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев иштирокида бўлиб ўтган. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.

“Президент Қосим-Жомарт Тўқаев иштирокида Қозоғистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ноёб минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми имзоланди”, дейилади хабарда.

Ҳужжатга Қозоғистон Саноат ва қурилиш вазири Эрсаин Нагаспаев ҳамда АҚШ Савдо вазири Говард Латник имзо чеккан.

Ноёб минералларга қуйидагилар киради:

  • Литий – электр транспорт воситалари ва аккумуляторлар учун асосий элемент;
  • Кобальт – аккумуляторлар ва юқори ҳароратга чидамли қотишмалар учун ишлатилади;
  • Никель – зангламайдиган пўлат ва батареялар ишлаб чиқаришда муҳим;
  • Мис – электр узатиш тизимлари ва электроника учун зарур;
  • Графит – батареялар ва электродларда қўлланилади;
  • Нодир ер элементлари – неодим, диспрозий, иттрий ва бошқалар. Улар магнитлар, лазерлар, оптика ва ҳарбий технологиялар учун муҳим;
  • Вольфрам – ҳарбий техника, кесувчи асбоблар ва саноат учун;
  • Молибден – пўлат мустаҳкамлигини оширади;
  • Ванадий – энергия сақлаш тизимлари ва пўлат қотишмаларида ишлатилади;
  • Уран – ядро энергетикасининг асосий хомашёси.


20:51 6.11.2025

Рубио 2026 йилда Марказий Осиё мамлакатларига сафар қилади

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио C5+1 саммитида Марказий Осиё ўлкалари билан янги инвестициялар ва савдо келишувлар имзоланиши кутилаётгани ҳақида X тармоғида ёзди.

"Марказий Осиёнинг беш нафар ҳукумат етакчиларини Вашингтонда АҚШ ширкатлари учун иш ўринлари ва экспорт имкониятларини яратадиган янги инвестициялар ва савдо келишувларини муҳокама қилиш учун C5+1 ўнинчи саммитида қабул қиляпмиз. Президент Трамп бошчилигида Американинг ташқи сиёсати бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қиладиган ҳамда тинчлик ва фаровонликка ёрдам берувчи ҳамкорлик алоқаларини ўрнатади", деб ёзди Рубио.

Марказий Осиё давлатлари вакиллари билан учрашувда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио келаси йили Қозоғистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларига ташриф буюриш нияти борлигини маълум қилди.

Учрашув АҚШ Давлат департаменти биносида 6 ноябр куни бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё-АҚШ” саммити олдидан бўлиб ўтди.

Трамп Марказий Осиё президентлари билан учрашади, чунки АҚШ Хитой ва Россия таъсирига қарши курашмоқчи

АҚШ узоқ вақтдан бери Россия ҳукмронлик қилаётган ва Хитой томонидан тобора кўпроқ илтифотга эга бўлган минтақада таъсир ўтказишга интилаётган бир пайтда АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни Оқ уйда Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарларини қабул қилади.

Музокаралар Марказий Осиёнинг улкан минерал ресурслари учун рақобат кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Ғарб давлатлари таъминот занжирларини Москва ва Пекиндан узоқлаштиришга интилмоқда. Хусусан, АҚШ ўзининг геосиёсий рақибларини четлаб ўтувчи муҳим минераллар, энергия таъминоти ва қуруқликдаги савдо йўлларини таъминлаш учун янги ҳамкорликка интилмоқда.

2015 йилда ишга туширилган C5+1 платформаси иқтисодий, энергетика ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бирлаштиради. Уларнинг раҳбарлари пайшанба куни Оқ уйда Трамп билан кечки овқатда ҳам қатнашади.

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази директори Граcелин Баскараннинг айтишича, маъмурият ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликни давом эттиради, балки АҚШнинг ҳаётий фойдали қазилмаларга киришини таъминлайдиган тижорат битимларини ҳам давом эттиради.

20:34 6.11.2025

Алламжонов: "Визасиз режим алоқалар учун янги имкониятлар очадиган муҳим воқеа"

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари маслаҳатчиси Комил Алламжонов АҚШ ватандошларига Ўзбекистонга визасиз режим жорий этилганини олқишлади.

“Ўзбекистон Президенти АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режимни имзолагани — саёҳатлар, бизнес ва халқларимиз ўртасидаги алоқалар учун янги имкониятлар очадиган муҳим воқеадир, мен бундан жуда хурсандман”.

Президент фармонига оид хабар "Марказий Осиё+АҚШ" форматининг иккинчи саммити арафасида эълон қилинди.

Бу қарор АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ва АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландаунинг Ўзбекистонга ташрифидан қисқа вақт ўтмай олинди.

Тошкентдаги музокаралар чоғида томонлар иқтисодий ва хавфсизлик масалалари бўйича кенг кўламли музокаралар олиб боришлари айтилган.

Бу ҳам Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиё билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва савдо алоқаларини кенгайтиришга интилишининг бир қисми сифатида баҳоланган.

Вашингтон 6 ноябр куни мезбонлик қилажак саммитга Марказий Осиё лидерлари шахсан АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ўзи таклиф қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон фуқароларига АҚШга киришлари учун виза тартиби сақланиб қолмоқда.


Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG