Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:24

Давлатга 7 млрд сўм зарар етказганликда айбланаётган самарқандлик мулозимлар устидан суд бошланди


4 декабрда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида Самарқанд вилоят Бош архитектори лавозимида ишлаб келаётган Бобир Элмуродов ва яна икки киши устидан суд жараёни бошланди.

Судланаётганлар давлат мулкини талон-торож қилганликда гумон қилинмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокимлигида содир этилган қурилиш билан боғлиқ жиноятлар занжири 2018 йилдан бери тафтиш қилиб келинади.

Нусхаси Озодликка келиб тушган суд ҳужжатида Элмуродовнинг Ўзбекистон Жиноят кодекси 167- моддаси (Ўзлаштириш ëки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205- моддаси (Мансаб фаолиятини суиистеъмол қилиш) ва 228- моддаси (Ҳужжатларни қалбакилаштириш) бўйича суд қилинаëтгани қайд этилган.

Суд ҳужжати
Суд ҳужжати

Маҳаллий блогернинг Озодликка хабар қилишича, суднинг 4 декабрь кунги дастлабки мажлисида Элмуродовга нисбатан вилоят прокуратурасининг айблов хулосаси эълон қилинган.

Бузилган бир бино учун икки марта товон тўланганми?

Суд мажлисида қатнашган маҳаллий журналист Мирзо Субхоновнинг Озодликка айтишича¸ Бош архитектор Элмуродов 2018 йил Самарқанд шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётган пайтда қилган эҳтимолий жинояти учун суд қилинмоқда:

- Суд жорий йилнинг март ойидан Самарқанд вилоят Бош архитектори лавозимида ишлаб келаётган Бобир Элмуродов бюджет маблағларини талон-торож қилганлиги юзасидан кўрсатмаларни тинглади. Тергов ҳужжатларига кўра¸ Элмуродов шаҳардаги Саид маҳалласи Зебинисо кўчасида яшаган 25 дан ортиқ фуқарога «уйлари бузилишга тушган» деб асоссиз равишда давлат бюджети ҳисобидан 7,0 млрд. сўмга яқин товон пуллари тўлаб беришда иштирок этган. Яна ҳам аниқроқ айтсак, “уйи бузилган”ларга икки мартадан товон тўланган дея расмийлаштирган пуллар ўзлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилаётган №1-1401-1902/631-сонли жиноят иши бўйича хусусий қурилиш ширкати эгаси Камолиддин Шукуров ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ходими Темир Халиқулов ҳам судланаётгани блогернинг айтганларидан маълум бўлди.

Прокуратура судга тақдим қилган айблов хулосасига кўра¸ Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ходими Темир Халиқулов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205- моддасида (Мансаб фаолиятини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Хозир Самарқанд вилоят Бош архитектори лавзоимида ишлаëтган айбланувчи Бобир Элмуродов ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мулозими Темир Халиқуловлар гаров пули эвазига ҳибсдан озод қилинган ва судга уйидан қатнамоқда.

Қурилиш ширкати бошлиғи Камолиддин Шукуровга нисбатан эхтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланилган.

Абсурд айблов?

Камолиддин Шукуровни ҳимоя қилаëтган адвокатнинг исми эфирда айтилмаслиги шарти билан Озодликка айтишича¸ унга нисбатан “абсурд айблов” илгари сурилган:

- Шукуровга нисбатан Жиноят кодексининг 205- моддасида кўзда тутилган айб илгари сурилди. (Мансаб фаолиятини суиистеъмол қилиш) Шукуров - оддий қурувчи. У давлат мулозими эмаски ўз лавозимини суиистеъмол қилса?! Унга нисбатан қўлланилган Ўзбекистон Жиноят кодекси 167- моддаси (Ўзлаштириш ëки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳам мантиқан нотўғри. Чунки хусусий қурилиш ширкати давлат пулини қандай қилиб растрата қила олади?

Судда эълон қилинган вилоят прокуратурасининг айблов хулосасига кўра, қурилиш ширкати раҳбари Шукуров ЖКнинг 228- моддаси (Ҳужжатларни қалбакилаштириш) юзасидан ҳам айбланмоқда.

Суд ишида қатнашган журналист Мирзо Субхоновнинг айтишича¸ айбланувчилар судда “товон пулини 15 кишилик комиссия хулосаси асосида” тўлагании айтиб ўзини ҳимоя қилишга уринган.

Суд ўз ишини жорий ҳафтада давом эттириши кутилмоқда.

Самарқанд ҳокимлиги билан боғлиқ бошқа ишлар

Самарқанд вилоят ҳокимлигида қурилиш билан боғлиқ жиноятлар занжири 2018 йилдан бери тафтиш қилиб келинади.

Жорий йилнинг 2 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг ёпиқ суд мажлисида Самарқанд вилоят собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилган эди.

Қурилиш соҳасидаги жиноий схемаларни амалга оширишда айбли деб топилган мулозимлар турли муддатларга кесилган эди.

Чунончи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205- ("Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан чиқиш) ва 210- ("Пора олиш") моддалари билан айбдор деб топилган собиқ ҳоким Туробжон Жўраев 13 йилга, ҳоким ўринбосари Ўткир Абдуллаев 11 йилга, ҳокимлик бош мутахассиси Баҳодир Хўжақулов 7 йилга, мутахассислар Ботир Абдуллаев 6 йилга ва Тўлқин Сулаймонов 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG