Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 11:44

Ўзини Самарқанднинг қамалган ҳокими қурбони ҳисоблаётган тадбиркор ИИБ қароридан норози


Тадбиркор Жамшид Шомуродов

Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бошқармаси 2 октябрь куни тадбиркор Жамшид Шомуродовга тегишли 15 миллиард сўмлик мулкни ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштирганликда гумонланган “Гарант қурувчи сервис” жабрланувчининг зарарини қоплагани боис жиноят иши тўхтатилганини Озодликка билдирди.

Тадбиркор Жамшид Шомуродов 2 октябрь куни Самарқанд шаҳар ИИБ Тергов бошқармасига бориб, ўз норозилигини билдирди: 17 та уйидан ажралган тадбиркор шу мол-мулкка мутаносиб товон берилишини талаб қилмоқда:​

Ўзини Наби Эгамбердиев деб таништирган терговчига кўра¸ “Гарант қурувчи сервис” ширкати жабрланувчи фойдасига 460 миллион сўм пул ўтказган. Пул Самарқанд шаҳар ИИБ депозит ҳисобида турибди.

- Пул энг яқин муддатда даъвогар - Самарқанд шаҳар, Белинский кўчаси, 15- уйда яшовчи Жамид Шомуродов ҳисобига ўтказилади. Жиноят иши тергов бошқармаси тарафидан ЖПКнинг 364-моддаси (Дастлабки терговни тўхтатиш асослари ва тартиби) асосан тўхтатилди.

“Гарант қурувчи сервис” ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда зарарни қоплагани ва тергов бошқармаси қарорига эътирози йўқлигини айтиш билан чекланди.

Даъвогар рози эмас

Самарқандлик 50 яшар тадбиркор Жамшид Шомуродов Озодлик билан суҳбатда 2 октябрь куни Самарқанд шаҳар ИИБ Тергов бошқармасига бориб бу юзадан ўз норозилигини баëн қилганини айтди:

- Бу қарорга мен рози эмасман. 17 та квартира ва 18 йилдан бери ишлаб келаëтган тўрт қаватли клиника биносини тортиб олиб бузиб ташлашди. Кўрган зараримни мустақил комиссия 15 милиард сўм деб нархлаган. Нега мен 460 миллион яъни 40 минг долларга рози бўлишим керак?

Қамалган ҳоким қурбони

Суҳбатдош ўзини хозир иқтисодий жиноятлари боис судланиб жазо ўтаëтган Самарқанд вилоят собиқ ҳокими Туроб Жўраев ва вилоят ҳокимининг капитал қурилиш бўйича собиқ ўринбосари Ўткир Абдуллаевларнинг қурбони деб ҳисоблайди.

Жорий йилнинг 2 августида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Жўраевни 13 йил ва Абдуллаевни 10 йил қаттиқ режимли қамоқ жасосига ҳукм қилган эди. Бу шахслар пора олиш ва жиноий фаолиятдан келган даромадни легаллаштиришда айбли деб топилди.

Самарқандлик тадбиркор Шомуродов эса айни шу икки шахс қилмишлари боис 20 йил давомида орттирган мол-мулкидан айрилганини айтади:

- Улар қамалди. Жиноятчилар хусусан менинг мол-мулкимни рейдерлик йўли билан тортиб олингани ҳам судда тасдиғини топди. Аммо мол-мулк қайтарилмадику менга? Арзимаган 40 минг доллар товон билан ëпди-ëпди қилишмоқчи. Ишни чўзиб-чўзиб срок давности ўтди деб биратўла ëпишмоқчи. Адолат чала бўлмасин.

300 та ҳужжатга битта жавоб

Тадбиркор Жамшид Шомуродов ўз ҳақини талаб қилиб ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилгани ва олган жавобларидан иборат 300 та ҳужжатни Озодликка тақдим қилди.

17 та уйи, 18 йилдан бери ишлатиб келаётган тиббий клиникаси уч ойда бузилиб, ҳаммасидан айрилган тадбиркорнинг қўлида ўша мулклар ўрнига бугун ана шу ҳужжатлар бор холос.

- Биз бутун оиламизнинг топган-тутганини ҳаражат қилиб Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 128-кўп қаватли уйнинг 1,2,3-қаватларидаги квартираларни сотиб олиб (538 квадрат метр қурилиш ости майдони, 1015 метр фойдали майдон), тиббий хизмат кўрсатиш клиникаси очгандик. Аммо собиқ ҳоким аралашуви билан бизнинг мулкимиз жойлашган Гагарин кўчаси 128-уй бузилиб, ўрнини “Гарант қурувчи сервис” олиб кўпқаватли уй қурмоқчи.Умр бўйи йиққан маблағларимизга олинган мулклардан маҳрум бўлиб қолаверамизми?

Битта йирик тиббий клиникаси, 17 та уйидан ажралган тадбиркор шу мол-мулкка мутаносиб товон берилишини талаб қилмоқда:

- Мен қонунда кўрсатилган ҳақимини талаб қилмоқдаман. Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 21-банди ер участкалари давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйлари бузилганда уларнинг хоҳишига кўра ер участкаси ëки квартира берилади¸иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлалигича қопланади¸ дейилган. Шу бандда кўзда тутилган шарт бажарилса розиман, дейди тадбиркор.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG