Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:51

"Ўзбеклар интеллектига" шубҳа билдирган рус шарҳловчиси уни нотўғри тушунишганини айтди


Элдор Шомуродов - Россия премьер-лигасининг энг яхши ўйинчиси
Элдор Шомуродов - Россия премьер-лигасининг энг яхши ўйинчиси

Россия чемпионатида иштирок этаётган иқтидорли ўзбек футболчиси Элдор Шомуродовни “ўзбек бўлса ҳам фикрлаш даражаси юқорилиги” тўғрисида гапирган телебошловчи Геннадий Орлов уни “нотўғри тушунишганини” билдирди.

Орловнинг ўзбек футболчиси маҳоратига берган бу “баҳоси” ортидан футбол ишқибозлари уни ирқчилик ва миллатчиликда айблади.

Шарҳловчи Геннадий Орлов Ўзбекистоннинг футбол бўйича термаси ва Ростов-Доннинг “Ростов” жамоаси ҳужумчиси, 24 яшар Элдор Шомуродовнинг ўйин усули борасида берган шарҳи нотўғри талқин қилинганини билдирди.

- Мени бу ҳужумчи ўзининг ўйин услуби билан лол қолдирди. У малакали футболчиларга хос жуда кўплаб усуллар соҳибидир. У айёр, оригинал футболчи, шу боис ҳам 10 та тўп киритди. Уни ўзбек дея туриб, мен энг аввало унинг Советлар даврида Иттифоқнинг ҳатто Олимпия жамоасига киритилган жуда кучли ўйинчиларни тайёрлаган ўзбек футбол мактабига мансублигини назарда тутган эдим. Албатта, ҳозир ундай эмас, дея айтганини тузатишга уринди Sputnik Newsга берган интервьюсида Орлов.

Россиянинг футбол бўйича премьер-лигасида 10 тўп киритиб, тўпурарлар рўйхатида илғорлик қилаётган сурхондарёлик Элдор Шомуродов кўплаб журналистлар ва спорт мутахассислари назарига тушди.

23 октябрь куни “Спорт-Экспресс” нашрига берган интервьюсида Россия биринчилигида тўп сураётган энг илғор футболчиларга баҳо берган таниқли комментатор Геннадий Орлов, жумладан Шомуродов тўғрисида бундай деганди:

- Менга Шомуродов жуда ёқади. Биласизми нима учун? У ўзбек, аммо унинг футбол интеллекти россиялик форвардлардан устун туради. Менимча, унга бу кўрсаткич бўйича фақат Дзюба тенг кела олади.

Г.Орлов - таниқли спорт шарҳловчиси, видеоблогер
Г.Орлов - таниқли спорт шарҳловчиси, видеоблогер


Футбол мутахассисининг бу сўзлари Интернет-маконда қизғин баҳсларни келтириб чиқарди. Кўпчилик фойдаланувчилар Орловнинг бу сўзларини ўзбекларга нисбатан бўлган ҳақорат дея қабул қилди.

"Яъни унинг сўзларича, ўзбекларнинг ақлий қобилияти ўзбек бўлмаганлардан пастроқми?", дея савол қўйди интернетхонлардан бири.

Бундай шов-шув кўтарилиши ортидан Геннадий Орлов унинг сўзларидан “ирқий ё миллий камситиш” аломатларини изламасликни ва у ўзбек футболчисининг фақат маҳоратига таҳсин айтганини иддао қилди.

Бироқ, рус шарҳловчиси Геннадий Орлов сўзларида ҳеч қандай ҳақорат ва таҳқирни пайқамаган Ўзбекистон Футбол Федерацияси ўз расмий сайтида унинг интервьюсини ўзгартирмасдан чоп этганини ҳам кўриш мумкин.

Бу можародан олдинроқ Россия терма жамоаси мураббийси Станислав Черчесов унга номаълум бир шахс қўнғироқ қилиб “нима учун Россия терма жамоасига энг иқтидорли футболчи Элдор Шомуродов киритилмагани” юзасидан танбеҳ берганини гапирган эди.

- Мен бу одам сўзларини охиригача тинглаб жавоб бердим: сиз ҳаммасини тўғри айтяпсиз, фақат битта муҳим томонини инобатга олмаяпсиз. Жуда истаган тақдирда ҳам мен Ўзбекистон терма командаси ўйинчисини чақира олмайман, дедим, деди ўзбекистонлик ўйинчи маҳорати ҳатто футболдан узоқроқ одамлар назарига тушганини таъкидлаган Станислав Черчесов.

Жарқўрғонлик 24 яшар Элдор Шомуродов футболчилар оиласида улғайган. 6 ёшидан футбол ўйнаб келаётган бу спортчи Муборакнинг “Машъал”, Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаларида тўп сурган. 2015 йилда “Осиёнинг энг яхши футболчиси” унвонига сазовор бўлган Элдор 2017 йилдан Ростов-Доннинг “Ростов” жамоасида ўйнай бошлаган.

2019 йилнинг августида Элдор Шомуродов Россия Премьер-Лигасининг энг яхши ўйинчиси деб тан олинди.

XS
SM
MD
LG