Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:35

Навоийликлар автокредит ваъда қилган аёлдан юзлаб миллион сўмини қайтариб ололмаяпти


Навоийдаги якка тадбиркорга алданганини айтаётган одамлардан бир гуруҳи.
Навоийдаги якка тадбиркорга алданганини айтаётган одамлардан бир гуруҳи.

Навоий шаҳрида яшовчи бир гуруҳ «беш йиллик автокредит» ваъда қилган тадбиркор Гулноза Абдуллаева томонидан алданганини иддао қилмоқда.

Навоийлик 27 киши имзолаган ва Озодликка юборилган шикоятда иддао қилинишича, Гулноза Абдуллаева "100 кишидан камида 3,5 миллиард сўмни автокредит учун бошланғич бадал сифатида олиб, ноқонуний равишда ўзлаштириб юборган".

Навоий вилоят Ички ишлар бошқармаси терговчиси Озодликка бу маълумотни тасдиқлади ва айни пайтда тергов ишлари олиб борилаётганини айтди.

"Фирибгар тадбиркор камида 3,5 миллиард сўм пулни ўғирлади"

Навоийлик Ғуломжон Жумаевнинг Озодликка айтишича, у 2019 йилнинг мартида якка тартибдаги тадбиркор Гулноза Абдуллаевага автокредит учун бошланғич бадал сифатида 25 миллион сўм пул берган:

- Шартномага асосан менга автомашина 2019 йилнинг июнида берилиши керак эди. Мен бу машинани олиш учун 25 миллион сўм бошланғич бадал бердим. Беш йил давомида ҳар ойда бўлиб-бўлиб автомашина учун 125 миллион сўм тўлашим керак эди. Аммо шу кунгача машина ҳам йўқ, бадал сифатида берган пулим ҳам йўқ. Суриштирсак, Гулноза Абдуллаева юздан ортиқ одамни мана шу тарзда алдаб, пулини ўзлаштириб олган экан. Камида 3,5 миллиард сўмни ўғирлаганини аниқладик,-деди Ғуломжон Жумаев.

Янги молиявий пирамидами?

Маълумотларга қараганда, тадбиркор Гулноза Абдуллаеванинг офиси Навоий шаҳридаги “Технопланет” мажмуасининг 2-қаватида жойлашган. Тадбиркор 3 йилллик муддатга тилла тақинчоқларни, 5 йиллик муддатга автомобилларни кредитга олишга кўмак кўрсатишни ваъда қилган.

Навоий шаҳрининг асосий кўчаларига Гулноза Абдуллаеванинг буюртмаси асосида автокредит тўғрисидаги рекламалар ўрнатилган.

Мижозларнинг Озодликка айтишича, Гулноза Абдуллаева гўёки автосалонлар ва тилла тақинчоқлар дўконлари билан шартномаларга эга эканини айтиб, автомобиллар учун улардан бошланғич бадал олган. Бу бадал эвазига у уч ой ичида мижозни машина билан таъминлашга, мижоз эса кейинги беш йил давомида автомашина пулини бўлиб тўлашга келишган. Бироқ мижозларнинг айтишича, улар тўлаган пуллар банк ҳисобига ёки автосалон ҳисобига бориб тушмаган, пуллар ўзлаштириб олинган.

Озодлик радиосининг тадбиркор Гулноза Абдуллаева билан икки кун мобайнида боғланиш ҳаракатлари самара бермади. Унинг телефонлари “хизмат доирасидан ташқари”да бўлиб чиқди. Тадбиркорга алданган одамлар ҳам уни топа олмаётганликларини айтмоқдалар.

"Уч ой ичида Гулноза иши бўйича тўртта терговчи ўзгарди"

Тадбиркорга алданганлардан яна бири Ўткир Муратовнинг айтишича, Гулноза Абдуллаевага нисбатан тергов уч ой олдин бошланган.

- Уч ой ичида жиноят иши бўйича 4 та терговчи ўзгарди. Биз мижозларни алдаган якка тартибдаги тадбиркор Гулноза Абдуллаева, унинг шериклари Мафтуна, Фарангиз ва Фирдавс деган шахслар устидан президент порталига, Навоий вилояти прокуратурасига ҳамда Навоий вилоят ИИБга мурожаат қилган​ эдик. Аммо бизга юборилган жавоб хатларида негадир улар эмас, Гулнозанинг турмуш ўртоғи Зафар Абдурасулов айбланувчи деб кўрсатилган. Ҳамманинг айбини Зафар Абдурасулов бир ўзи бўйнига олиб, қолганлар эса озодликда қолиб​, одамлардан ўзлаштирган​ пулларга мазза қилиб​ яшаши керакми?- деди Ўткир Муратов.

Навоий вилоят Ички ишлар бошқармасининг мазкур жиноят ишини олиб бораётган терговчиси Лазизнинг (фамилиясини айтмади) 13 январда Озодликка билдиришича, Гулноза Абдуллаевага нисбатан жиноят иши қўзғатилган:

- Гулноза Абдуллаеванинг ўрнига эри қамоққа олинди деган гап нотўғри, ҳозирча ҳеч ким қамоққа олинган эмас. Жиноят иши бўйича тергов-суриштирув ҳаракатлари ўтказилиб, ҳозирда гумонланувчиларга расман айблов билдириш арафасида турибмиз. Алданганларга келтирилган моддий зарар cуд белгилаган тартибда ундириб берилади. Бу иш юзасидан бошқа ҳеч нарса айта олмайман.

Ўзбекистонда қамалган фирибгарлар

Молиявий пирамида тузиб, одамларнинг катта миқдордаги маблағи ва мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани учун Ўзбекистонда биринчи бўлиб 2019 йилнинг 28 октябрида чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев 13 йилга қамалган эди.

“Аҳмадбой иши” доирасида 11 минг 710 киши жабрланувчи деб эътироф этилган, етказилган зарар миқдори эса 386 миллиард сўмдан кўпроқни (тақрибан $40,5 млн) ташкил қилган.

Аҳмаджон Турсунбоев қўлга олинганидан сўнг Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти 2019 йилнинг июнида Тошкент вилояти Янгийўл туманида молиявий пирамида қуришда гумон қилинаётган шахс ҳам қамоққа олингани ҳақида баёнот берганди.

Баёнотда халқ орасида "Муродбой" деб танилган шахс ташкил қилган ширкат раҳбарлар устидан жиноят иши қўзғатилгани айтилган.

Шунингдек, Бош прокуратура Тошкент вилояти ҳудудида молиявий пирамида қуриш орқали фирибгарлик қилишда айбланган яна бир неча шахс ушлангани ҳақида хабар берган.

XS
SM
MD
LG