Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 13:15

Навальний қамоқхонада қасддан заҳарлангани ҳақидаги иддаолар урчимоқда


Алексей Навальний Москвадаги суд залида. 2019, 24 июль

Москвада таниқли мухолифатчи, “Коррупцияга қарши кураш” жамғармаси раҳбари Алексей Навальний қамоқхонадан шифохонасига олиб ўтилиши ортидан у қасддан заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар урчимоқда.

29 июль куни Навальний ётқизилган шифохона доктори Элдар Казахмедов мухолифатчи “умумий аллергик реакцияга” чалинганини, унинг сабаби нима эканлигини айтиш қийинлигини билдирди.

Шифохона ходимларидан бири Навальнийнинг соғлиғи “қониқарли” аҳволда эканлигини айтгани хабар қилинди.

AFP агентлигининг хабар қилишича, шифохона вакилларидан бири Навальнийнинг тана ҳарорати 36.6 градус эканлигини айтган.

Навальнийнинг шахсий врачи Анастасия Васильева у билан қисқа суҳбатлашганидан кейин, унга қўйилган “ўткир аллергик реакция” ташхисига ишонмаслигини, мижози аслида заҳарланган бўлиши мумкинлиги тўғрисида баёнот берди.

Васильева Facebookда унга ўз мижозини яхшилаб текширишга изн берилмаганидан шикоят қилди.

Васильева, шунингдек, шифокорларни Навальнийнинг касаллиги сабабини аниқламагани учун танқид қилди.

Ўтган ҳафтада Навальний россияликларни норозилик намойишларида қатнашишга чорлагани учун қўлга олиниб, 30 кунга қамалди.

Навальний москваликларни иштирок этишга чорлаган, аммо расмийлар рухсат бермаган акция 27 июль куни бўлиб ўтди. Хабарларга кўра, намойишга чиққан бир неча минг одамнинг 1300 нафарини полиция қўлга олган.

Кейинги йилларда Навальний ўндан ортиқ марта қўлга олинди. У бугунга қадар умумий ҳисобда 200 дан ортиқ кунни панжара ортида ўтказди.

“Коррупцияга қарши кураш” жамғармаси матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, 28 июль куни “[Навальний]нинг юзлари шишиб, териси қизариб кетган”. Ярмиш Навальний бунга қадар бирор марта аллергиядан азият чекмаганини қўшимча қилди.

Навальнийнинг ёрдамчиларидан бири Леонид Волков ўтган ойда ўзи ҳам Навальний ушлаб турилган камерада ётганини, шунга ўхшаш аллергияга чалинганини айтди.

Волков “фитна” назарияларига берилмасликка, бунинг ўрнига изолятордаги “гигиена стандартларини” жиддий текширишга чорлади.

28 июль куни кеч полиция Навальний ётқизилган қамоқ шифохонаси олдида тўпланган йигирмадан ошиқ одамни тарқатиб юбориб, бир нафар журналистни қўлга олди.

Полиция, шунингдек, ҳодисани жонли эфирга узатиб турган “Дождь” журналистини қўлга олган.

XS
SM
MD
LG