Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 13:07

Москвадаги намойишларда "ҳаддан зиёд" куч қўллангани кескин қораланди (ВИДЕО)


Москвадаги намойиш, 27 июль, 2019

Москвада сентябрга белгиланган шаҳар кенгаши сайловлари олдидан кузатилаётган қонунбузарликларга қарши норозилик акциясига чиққан 1300 дан ошиқ намойишчи қўлга олинди.

27 июль куни Москва мэрияси олдига тўпланган намойишчиларни полиция фавқулодда шафқатсиз куч ишлатиб, қўлга олгани кузатилди.

Европа Иттифоқи ҳамда инсон ҳуқуқлари гуруҳлари намойишчиларга қарши “ҳаддан зиёд” ва "пала-партиш" куч қўлланилганини кескин қоралади.

27 июль кунги рухсат берилмаган намойишларда асосий талаб Москва шаҳар Думасига мустақил номзодларни рўйхатга олиш бўлди.

Пойтахт марказига йиғилган норозилар билан тўқнашувларда полициянинг ёшу қари, аёлу эркакка баробар кескин куч қўллагани кузатилди.

Москва Сайлов комиссияси кенгашга номзодлигини кўрсатмоқчи бўлган бир неча мустақил номзод арзини турли баҳона билан рад этганди.

Мухолифат вакиллари расмийлар фақат ҳукуматни қўлловчи номзодларнигина рўйхатга олаётганини айтмоқда.

Полиция 1074 нафар одам қўлга олинганини маълум қилган. Аммо, Мустақил “ОВД-инфо” гуруҳи 1373 намойишчи қўлга олинганини хабар қилди.

Қўлга олинганларнинг айримлари кечга қадар қўйиб юборилган.

Рухсат берилмаган акция давомида шаҳар кенгашига номзодлигини кўрсатмоқчи бўлганлар ҳам қўлга олингани хабар қилинди. Улар орасида Коррупцияга қарши кураш жамғармаси директори Иван Жданов, мухолифатчи Дмитрий Гудков ҳамда мустақил номзод Юлия Галяминалар бор.

Айрим етакчилар эса Москва марказидаги намойиш жойига етиб боргунича қўлга олинган.

Мухолиф партия номзоди Александра Парушина ОМОНчилар унинг бошига урганини, полиция намойишчиларга қарши “ваҳшийларча” куч қўлланганини айтди.

Amnesty International ташкилоти ҳам полиция намойишчиларни резина таёқлар билан уриб, ерга қулатганини айтиб, қоралади.

Намойиш арафасида Москва шаҳри мэри ва президент Владимир Путиннинг яқин ҳамкори Сергей Собянин шаҳарда “тартиб сақланишини” ваъда қилган эди.

Намойишга неча одам келгани номаълум бўлиб қолмоқда, чунки полиция намойишчиларга бир ерда тўпланишга изн бермади.

Полиция маълумотларига кўра, мэрия яқинида 3500 одам, жумладан, 700 журналист ва блогер тўпланган.

Аммо мухолифат фаоллари аслида бундан бир неча баробар кўп одам намойишга чиққанини айтмоқда.

Россия расмийлари мустақил номзодларни рўйхатга олишдан бош тортаётгани туфайли жорий ойда бир неча марта норозилик акцияси уюштирилди.

20 июль куни бўлиб ўтган намойишга 20000 одам келгани айтилмоқда.

Мухолифатчи Алексей Навальний намойишлар мустақил номзодлар рўйхатга олинмагунича давом этишини айтган.

Жорий ҳафтада Навальний россияликларни норозилик намойишларида қатнашишга чорлагани учун қўлга олиниб, 30 кунга қамалди.

XS
SM
MD
LG