Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:20

Мустақиллик учун курашганлар қабрларини зиёрат қилмоқчи FBдошлар ИИБга "суҳбат"га чақиртирилди


ИИБга чақиртирилганлар орасида Чингиз Раимқул (чуратда олд планда) бор эди.
ИИБга чақиртирилганлар орасида Чингиз Раимқул (чуратда олд планда) бор эди.

1 сентябрь куни Совет даврида Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган марҳумларни зиёрат қилиш учун Тошкентдаги Кўкча қабристонига бормоқчи бўлган бир гуруҳ ёшлар - 10 киши 31 августда Шайҳонтоҳур тумани Ички ишлар бўлимига “суҳбат”га чақирилиб, қўйиб юборилди.

Суҳбатга чақирилганларнинг Озодликка айтишича, ИИБнинг террорчиликка қарши кураш бўлимида улардан “сиёсий митинг ва йиғилишларда бошқа қатнашмайман” деган мазмунда тилхат олинган.

Туман ИИБсида ушланганлар билан байрам арафасида “шунчаки суҳбат ўтказилгани” ва ҳеч ким ушлаб қолинмаганини билдиришди.

Озодлик билан суҳбатлашган фаоллар 1 сентябрь, эрталаб соат 10 да улар Тошкентнинг Кўкча масжиди олдида тўпланиб, Шарқий Туркистон озодлиги учун курашган Алихонтўра Соғуний ва Совет даврида Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган Миртемир Мирабдуллаевлар қабрларини зиёрат қилишни, у ерда Шарқий Туркистондаги мазлумлар ҳақига дуо қилмоқчи бўлишганини билдирди.

Бироқ улар 31 августда ИИБга “суҳбат”га чақиртирилди.

Шайҳонтоҳур Ички ишлар бўлимига "суҳбат"га Отабек Умар, Қутфиддин Муҳиддинов, Чингиз Раимқул, Анвар Назир, Жамшид Нурқул ва яна исмини ошкор қилмасликни сўраган бошқа ёшлар чақиртирилгани маълум бўлди.

Шайҳонтоҳур туман Ички ишлари бўлимига чақиртирилган Қутфиддин Муҳиддинов бўлимда 4 соат ушлаб турилгани ва унга тадбирни ўтказмасликни тавсия қилишганини айтаркан, деди:

- Мени телефон орқали 18:30 ларга чақиртиришди. Тадбирни ўтказманглар, деб тавсия қилишди. “Эртага зиёрат қилманглар, бошқа кунлари мумкин” дейишди. Мен Соғуний тақиқланган одам эмаслигини, китоблари бемалол сотилишини айтсам, “Байрам куни ўтказманглар” деб тилхат олишди ва қўйворишди. Абсурд нарса бўлди.

Шайҳонтоҳур туман Ички ишлар бўлимида Озодлик сўровига бу оддий суҳбат бўлгани ва унга чақиртирилганларнинг ҳаммаси қўйиб юборилганини билдиришди.

- Бизда ҳеч ким йўқ ҳозир. Сиз айтаётган одамларни қўйиб юборишган. Шунчаки, байрам олдидан профилактика суҳбатидан ўтказишган, бўлди, деди нима мавзуда суҳбат бўлганини фақат чақиртирган ходим билишини айтган навбатчи офицер.

Кўкча қабристонига бормоқчи бўлган 10 кишидан бири - Отабек Умар ўзи яшайдиган Бўстонлиқ туман ИИБга 31 август, кечки пайт олиб кетилган. Отабек Умар Озодликка бундай деди:

- 1 сентябрь куни Мустақилликка бағишланган тадбир бўлиши керак эди. Кўкчадаги қабристонга бир қанча одамни чақиртирган эдик. Суҳбатга мени уйимдан олиб кетишди. Сўроқни вилоят ички ишлар бошқармаси ва Бўстонлиқ ички ишлар бўлими ходимлари олиб борди. “Сиёсатга қарши чиқадиган йиғилишларга қатнашмайман” деб тилхат ёздиришди.

Отабекнинг айтишича, 3 соат давом этган суҳбат сўнгида у “Мен Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатдан норози эмасман ва турли хил митинглар, сиёсатга қарши йиғилишларда қатнашмайман, агар қатнашадиган бўлсам жавобгарликка тортишларингга розиман”, деб тилхат ёзиб берган.

Отабек ички ишлар ходимлари у билан яхши муомалада бўлгани ва ҳеч қандай босим ёки қўполлик қилмаганини ҳам қўшимча қилди.

Ташкилотчиларга кўра, улар берган эълонда Кўкча қабристонидаги бу тадбир очиқ ва истаган одам қатнашиши мумкинлиги айтилган. Тадбир Фейсбукдаги бир гуруҳ тарихсевар ёшлар томонидан уюштирилган.

Суҳбатга чақирилганлардан бири, сиёсатшунос Анвар Назир Алиҳонтўра Соғуний ва Миртемир Мирабдуллаев Ўзбекистон мустақиллигига ҳисса қўшган тарихий шахслардан бўлган, дейди.

Анвар Назирга кўра, ИИБ ходимлари қандайдир бир шахс гуруҳ устидан ариза ёзганини айтган:

- Гўёки Соғунийнинг масжидда ишлайдиган, Шайҳонтоҳур туманида яшовчи узоқ қариндоши “Бир сиёсий гуруҳ ғараз ниятлари билан Кўкча қабристонида намойиш ўтказмоқчи”, деб ёзиб берибди. Лекин эълонимизда бу зиёрат, Мустақиллик тадбири экани ёзилган.

Анвар Назир бу маълумотлар Кўкча қабристони маъмурияти томонидан берилгани тўғрисида унга ҳужжат кўрсатишгани, аммо шикоят аризасида ҳеч қандай исм келтирилмагани уни шубҳалантирганини айтди.

Сиёсатшунос Фейсбукдаги бу гуруҳ фаолияти устидан олдиндан назорат бўлганини ҳам тахмин қилди.

А.Назир: Маърифатчилик бу экстремизм эмас!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:12 0:00
Бевосита линк

Анвар Назир ички ишлар бўлимида бошқа мавзуларда ҳам саволлар берилганини айтиб ўтди:

- “Нега Соғуний зиёрат қиляпсизлар - у ўзбек эмаску?! Мустақиллик учун бошқа одамлар курашган – буларнинг алоқаси йўқ. Уйғурларни нега қўллаб-қувватлаяпсизлар? Нега ўзбек тилини давлат тили деб кўтараяпсизлар? Хитой камералари тўғрисида нега ёздингиз? Нимага Америкага бориб келдингиз? Нима учун чет элда ўқигансизлар – сизларга ўзбек олий ўқув юртлари ёқмайдими? Сизларнинг тадбирларингиз пулини ким тўлаяпти?”, деган гаплар бўлди.

Анвар Назир бу саволлар ортидан суҳбатга чақиртирилган Фейсбукдаги гуруҳ аъзоларини экстремизмда айблаш ҳаракатлари ҳам бўлгани, бу ҳақда у қатор халқаро ташкилотлар ва элчихоналар расмийларига хабар берганини ҳам қўшимча қилди.

У гуруҳ аъзолари бошқа ўзбек алломаларига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва кечаларни ҳам уюштириб туришини айтди.

XS
SM
MD
LG