Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:02

Алихонтўра Соғуний


Бу киши сиёсат, жамоат, дин арбоби, илк ўзбек маршали ва шунингдек, саратон, бепуштликни даволаган қўли енгил табиб сифатида танилган.

Аниқки, биз Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ҳақидаги манбарларда қайд этилган барча сифатларни санамадик.

Айнан диний фаолиятига келинса, бу киши имом, тафсирчи ва шунингдек, совет Ўзбекистонида илк бор пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом тарихини ёзган адибдир.

Бу кишининг номини олганимиз “Ўзбек имомлари” туркумидир ва шу боис ҳам биз кўпроқ у кишининг дин соҳасидаги фаолиятига эътибор қаратдик.


Алихонтўра Шокирхўжа ўғли – таваллуд Тўқмоқда, вафот Тошкентда

Халқ орасида Алихонтўра Соғуний номи билан танилган алломанинг асл исми - Алихонтўра Шокирхўжа ўғлидир. Соғуний у кишининг тахаллуси. У киши 1885 йилнинг март ойида ҳозирги Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳридаги ўзбек хонадонида туғилган.

Аксар манбаларда у кишининг автобиографияси қисқагина тарзда шундай тилга олинади:

“Унинг отаси Шокирхон Тўра асли андижонлик бўлиб, унинг насл-насаби олийнасаб диний арбобларга бориб тақалар эди. Отаси Шокирхон тўра болалигидан зеҳнли ва иқтидорли бўлган Алихонтўрани акаси Олимхон билан бирга диний таълим-тарбиясини такомиллаштириш мақсадида Маккага ўқишга олиб боради. Ўша жойда ёш Алихонтўра илоҳиёт илмлари - тафсир, ҳадис, фиқҳ ҳамда мантиқни, араб ва форс тилларини чуқур ўрганади”.

Манбаларда келтирилишича, Соғуний 1905-1915 йиллар оралиғида Макка ва кейинчалик Жидда шаҳрида таҳсил олган ҳамда нафақат ислом илми, балки Шарқ табобатини ҳам чуқур ўрганган.

Кейин эса Ўзбекистонга қайтиб, илм олишни Бухорода давом эттирган. Унинг Бухоро мадрасасида ислом илмидан дарс бергани, маҳаллий масжидда имом-хатиблик қилгани ва шу давр оралиғида аста-секин сиёсат билан ҳам қизиқа бошлагани айтилади.

Унинг ўша даврларда Ўрта Осиёга эгалик қилган Чор ҳукуматининг маҳаллий аҳоли устидан ортиб бораётган зулмига муносабати кескин қарши бўлган.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан иқтибос келтирган бир неча ўзбек тилидаги ижтимоий сайтларда бу давр шундай таърифланган.

“Чор маъмуриятининг ерли аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққанлиги учун (А. Соғуний — Таҳ.) подшо маҳфий полицияси таъқибида бўлди. 1916 йил қўзғолони (мардикорликка қарши - Таҳ.) шафқатсизларча бостирилгач, сиёсий муҳожир ўлароқ Қашқар (Хитой)га кетди, кейин Шарқий Туркистон (Ғулжа шаҳри)га борди”.

Аммо яна айрим манбаларда унинг Хитойга кетишидан олдин ўзбек миллий-озодлик босмачилик ҳаракатига ҳайриҳоҳ бўлгани учун собиқ совет ҳукумати тазйиқига ҳам учрагани, тўрт мартта қамалгани ва Сибир лагерига жўнатилиши олдидан этап қилинаётган пайтида қочиб, Уйғуристонга ўтиб кетгани айтилади.

Табиийки, “Туркистон қайғуси” у кишини Хитойда ҳам тарк этмаган.

Яна расмий манбадан иқтибос:

“Омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилганлиги сабабли 1937 йили Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. 1941 йили адлиявий тафтиш натижасида озод қилинди. 1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланди. Миллий қўшин ташаббускори бўлди ва унга қўмондон этиб тайинланди. 1946 йил июнда шўро айғоқчилари томонидан махфий равишда тазйиқ билан Ғулжадан олиб чиқиб кетилган Алихонтўра умрининг охиригача Тошкентда яшади”.

Алихонтўра Соғуний 1976 йилнинг 18 февралида Тошкентда вафот этади ва Тошкентдаги Шайх Зайниддин бобо қабристонига дафн этилади.


Б. Шокир: “Тарихи Муҳаммадий”ни ўқишни президент тавсия қилган

Бугунги ўзбекистонлик мусулмонларнинг кенг қатлами Соғунийни кўпроқ иккита китоби — “Тарихи Муҳаммадий” ҳамда "Туркистон қайғуси" китоби орқали яхши танийдилар.

Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт йўли акс этган "Тарихи Муҳаммадий" собиқ совет замонида ёзилган ва китобхонларга пайғамбар ҳаёти ҳақида жуда кенг маълумот берган илк манбадир.

Бу китоб Соғунийнинг набираси 60 ёшли адвокат Баҳманиёр Шокир ҳаракати билан нашриётга қадар етиб келган.

Бу киши Алихонтўра Соғунийнинг севимли набираси бўлганини фахр билан эслайди.

- Юристман ўзим. Ëшлигимда бобом менга васият қилгандилар: “Сен ишга пишиқсан болам. Шу нарсани кирилл ҳарфида чиқариб, халққа етказгин”, деб. 1988 йилдан бошлаб, ҳозир шу кунга қадар "Тарихи Муҳаммадий" 5 марта нашрдан чиқди. 5-10 мингдан чиқади. У даражада кўп эмасу, оз. Лекин баҳоли қудрат бўлаяпти.

Озодлик: Бу киши ҳақида бир-икки манбаларда ўқидик. Айниқса, "Тарихи Муҳаммадий" ун қопларининг ичида, ертўлада лаҳмларнинг ичида сақланган экан. Сизга қандай етиб келган у? Сизнинг қўлингизга келганда қандай аҳволда эди қўлëзма?

- Қўлëзмалар энди жуда ҳам униққан, сарғайган, кўп ерларида ҳарфлар ўчган бўлган. Энди буни устоз Абдулазиз Мансурнинг ëрдами туфайли нашр қилиб халққа етказдик.

Озодлик: Икки-уч йил бўлиб қолди бир хабар ҳам келган эди, адашмасам, "Тарихи Муҳаммадий" Ўзбекистонда савдодан олинибди деган.

- Йўқ, унақа гап йўқ. Қайтанга юртбошимиз ўзлари “Мана шу китобни ўқинглар. Мана динимиз тўғрисидаги ҳақиқий илм, ҳақиқий савод мана шу китобдан чиқади”, деб айтганлар.

Озодлик: Қачон ва қаерда айтган? Президент Каримов айтганми?

- Юқори доираларда ҳам шу гапларни айтганлар. Устозимиз Абдулазиз Мансур президент давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб турган пайтларида шу гапни бизга етказган эдилар. Бу гапни айтганларига 14-15 йил бўлди.Бобомиз ҳам вафотларидан олдин, умрларининг охирги йилларида Ўзбекистоннинг мустақиллигини башорат қилган инсон бўладилар.

Озодлик: Сиз ўзингиз эшитганмисиз? Нима деб башорат қилган?

- “Болаларим, менинг умрим ниҳоясига етиб қолди. Мен кўрмайман, лекин сизлар кўрасиз: 15-20 йил ўтади, Ўзбекистон мустақил давлат бўлади. Золим совет давлати парчаланиб, кунфаякун бўлади. Йўқ бўлиб кетади”, деганлар. Шунда биз бир-биримизга ҳайратомуз қараганмиз. Худди 15-20 йил эмас 18-19 йил ўтганда ана шу воқеа рўй берди. Ўзбекистон мустақил бўлди.

Озодлик: Мана шу мустақиллик Алихонтўра Соғуний кутган мустақиллик бўлдими, сизнингча?

- Иншооллоҳ. Шундай деб умид қиламиз, - дея бу саволга жавобни қисқа қилди Баҳманёр Шокир.


Соғунийнинг совет ҳукумати тақиқлаган яна бир ҳунари — шарқона табобат

“Тарихи Муҳаммадий” китобига битилган кириш сўзида у кишининг набираси Баҳманёр Шокир Соғунийнинг катта табиб бўлгани ҳақида ҳам ёзади.
Хусусан, у кишининг собиқ совет даврида табу қўйилган яна бир соҳа – сексопатология йўналишида тадқиқот олиб борганини айтиб ўтади.
Биз Баҳманиёр акадан Соғуний табобатчилиги ҳақида ҳам сўрадик.

- Табиб сифатида ҳам энди мукаммал табиб бўлишган. У киши сексопотологиянинг ҳам мутахассиси эдилар деганимизга сабаб, мен юридическийда ўқиганимда бизнинг бир домламиз бўлардилар. 20 йил фарзанд кўрмаган. Шу киши аëллари билан келиб даволандилар. Оз вақтнинг ичида фарзандли бўлиб кетдилар. Ҳозирги кунда қўша-қўша фарзандлари, набиралари бор у кишининг.

Озодлик: Алихонтўра Соғуний даволадиларми?

- Албатта. Яна бошқа кўп мисоллар бор. Лекин, бу мисол мен учун жуда аҳамиятли. Ана шу домламиз умрбод миннатдор бўлиб ўтиб кетдилар. Иккинчиси, юрак хасталиклари дедингиз, совет даврида машҳур бўлган спортчи дўстим бўларди. Спортдан совет иттифоқи чемпиони бўлган. Шу бола ўзидан ўзи озиб, сўлиб юраги оғриб, ҳалокат ëқасига келиб қолганда ҳамма докторларга, врачларга бориб учраб охир-оқибатда бобомга келган. Бобом у болани ишонсангиз, икки ҳафтада оëққа турғазиб юбордилар. Бир ойнинг ичида соппа-соғ бўлиб яна машқларини давом эттириб кетган.

Озодлик: “Тарихи Муҳаммадий”га кириш сўзида “ракка ҳам даво топган”, деган экансиз.

- Ҳа, яшанг. Бу яна бир мисол. Биз болалигимизда 10-11 яшар қизчани отаси олиб келди. У қизчанинг бўйнида бошидай келадиган катта шиш бор эди. Ана шу шишни бутун иттифоқ бўйича 5-10 клиникага олиб борган. Ҳамма ерда “томоқ раки, буқоқ биргаликда” деб ташхис қўйишган. Ана шу касалликнинг ҳам ҳеч бир давосини топа олишмаган. Ана шуни бизнинг кўзимизнинг олдида “ана шу қизчани онаси билан болохонада қолдиринг” дедиларда, бир ойга қолмасдан ҳалиги қизнинг томоғидаги шиш йўқ бўлиб кетди. Ўзининг калласидан катта келадиган шиш бор эди. Ана шунга ҳам даво топганлар бобомиз.

Озодлик: Бу жуда катта мерос эканда сизнинг сўзларингизга қараганда. Кимдир давом эттираяптими?

Афсуски шу гап мана шу ердан чиқмасин деб совет замонида тазйиқлар ҳам бўлган. Шогирдлари бўлган. Аммо у нарсани бобомдай давом эттира олишмаган. Бобом ёзган “Шифо ул-илал” китобида бор ҳаммаси. Аммо, менимча Соғуний билан кетди шу қобилият. Агар парвардигор юқтирмаса, юқиши қийин эканда. У кишида шундай феномен бор эди.


Ярим соатда иймонга келган “кгбшник” иқрори

Алихонтўра Соғунийнинг набираси шу кунларда Соғуний ҳақида ўз хотираларини нашрга ҳозирламоқда.

Севимли набира бобо билан кўп вақтини бирга ўтказган ва Соғунийни таниган-билганлар орасида ривоятга айланаётган айрим воқеаларга гувоҳ бўлган.

Баҳманёр Шокирнинг айитишича, Соғуний дуоси мустажоб инсонлардан бири эди.

Шуни таъкидлар экан, суҳбатдошимиз бобосининг дуоси билан иймонга келганини тан олган собиқ КГБ ходими билан боғлиқ воқеани Озодлик муштарийларига сўзлаб берди.

- Бобомнинг уйига кираверишда узун йўлак бўларди. Совет замони. КГБ деган балонинг ҳукмронлиги даври. Эшикни қаттиқ-қаттиқ тепиб иккита одам кириб келди. “Ким” десам, “Бобонг уйдами? Оч эшикни. Бобонг қани?” деди. Бобомга айтсам “Ҳа, маъқул ўғлим. Майли кирсин” дедилар. Шу билан 30-35 ëшлардаги иккита бобомнинг олдиига кириб кетди. 15-20 дақиқа ўтмасдан қайтиб чиқди. Қўли кўксида. Бобомга юзи билан, бизга орқаси билан. “Тақсир бизни ҳам дуо қилиб туринг”, деб.

Озодлик: Ким бўлган экан ўзи улар?

- КГБнинг ходимлари. Қандайдир навбатдаги текшириш билан келганда. Кейин югуриб бобомнинг олдига кириб “Бобожон, ваҳшийларча кириб келган иккаласи олдингиздан мулла минган эшакдай, сувга тушган мушукдай чиқиб кетишди. Нима гап ” десам, “Болам дуо қилиб қўйдимда” дедилар. Икки оғиз камтарона, ҳокисорона жавоб бердилар. Орадан 40 йиллар ўтиб, бобом дафн этилган Шайх Зайниддин қабристонида бир бўйи узун, гавдали, келишган, 75 ëшлардаги одам билан кўришдим.

“Сиз Бахманëрсиз-а?” дедилар ва йиғлаб кўришдилар. Бу одам ҳалиги замонда келган КГБнинг биттаси экан. “Тарихи Муҳаммадий менинг энг севикли киитобим. Ëстиғимнинг тагида туради. Бизни ўшанда 15 дақиқада имонга келтириб қўйган эдилар. Мен полковник унвонида истеъфога чиқдим. Шеригим 5-6 йил бўлди ўтиб кетди”, дедилар. Шу билан кўп вақт хабарлашиб турдик.

Жуда ажойиб одам эканлар. “Мен иблис мафкурага хизмат қилган эдим. Лекин ўшанда имонга келтириб қўйганларидан кейин умуман шу тузумга нафрат билан яшадим. Хизмат қилганда ҳам қалбимда имоним била яшадим”, дедилар. У кишининг вафотларига 2 йил бўлди. Бу нарсани энтикмасдан, ҳаяжонланмасдан эслай олмайман. Бундай воқеалар кўп гапираман деса. Биттасини айтдимда сизга, -дея бобоси Алихонтўра Соғунийни хотирлади Баҳманёр Шокир.


Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг

Биз бугунги эшиттиришимизда Ўзбекистон мусулмонларининг катта авлоди жуда яхши танийдиган, хотирлайдиган Алихонтўра Соғунийнинг диний фаолияти ҳамда табибати ҳақидаги айрим маълумотлар ва набираси хотираларини сизга тақдим этдик.

Аммо, бу кишининг жуда муҳим ва улкан бўлган сиёсий-ҳарбий фаолияти ҳам тарихда қолган.

Бу киши мустақил Туркистон ғоясини илгари сурган, бунинг учун курашган ва бу асосда “Туркистон қайғуси” асарини ёзган.

Тарихий маълумотларда у кишининг 1944 йилда инқилоб ортидан қайта тузилган Шарқий Туркистон республикасининг илк президенти ва ўзбек миллатидан чиққан илк маршал экани айтилади.

Айни дамда Соғунийнинг мана шу йўналишдаги асарлари ва ғоялари устида иш олиб бораётган яқинлари бор ва биз келгуси дастуримизда улардан бири билан суҳбатлашини режалаяпмиз.

"Ўзбек имомлари" туркумидан бошлаганимиз янги лойиҳа бироз мушкуллиги, айрим маълумотлар нодирлигини инобатга олган ҳолда сизнинг ёрдамингизга умид қиламиз.

Ушбу туркумдаги қаҳрамонимиз Алихонтўра Соғуний ҳақида билганларингиз бўлса, марҳамат, бизга билдиринг.

Озодликка мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, ozodlikweb@rferl.org

Озодликка қўнғироқ қилинг: +420 602 612 713, +420 777 148 199
XS
SM
MD
LG