Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 14:11

OzodTa'sir: Чет элга ишга жўнатаман деб 700 кишининг пулини олган “Human"нинг лицензияси тўхтатилди


Ўзбекистонда 59 ширкат ишчиларни хорижга юборишга рухсат олган

18 сентябрда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Германия ва Чехияга ишчи ёллаб, жўнатмаган, ишчиларнинг пулларини қайтариб бермаган “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ лицензиясини вақтинча тўхтатганини эълон қилди.

Тилга олинган хусусий агентлик лицензиясининг тўхтатилиши 13 ва 17 сентябрь кунлари Озодликда чоп этилган хабарлари ортидан рўй берди.

“Human xususiy bandlik agentligi”нинг ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланишга берилган лицензияси амал қилиши вақтинча тўхтатилгани борасида Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг Телеграм расмий каналида эълон қилинди.

Хабарда айтилишича, “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ устидан вазирликка кўплаб фуқаролар томонидан норозилик мазмунидаги мурожаатлар келиб тушгани, ташкилот Германия ва Чехияга деб ёлланган ишчилардан олинган пулларини қайтариб бериш бўйича ўзига олган мажбуриятни бажармагани аниқлангани айтилган.

“Шу муносабат билан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 45 ва 46-бандларига мувофиқ, “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ лицензиясининг амал қилиши 10 иш куни муддатига тўхтатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилди”, дейилади расмий хабарда.

Вазирлик юқорида белгиланган 10 кунлик муддат ичида фуқароларга маблағларини қайтариб бериш талабини қўйди. Акс ҳолда лицензия бекор қилиниши масаласи кўриб чиқилиши айтилди.

Меҳнат вазирлиги ўзбекистонликларни хусусий бандлик агентликлари билан шартнома имзолашда эътиборли бўлишга, шартнома шартларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, қўл қўйишга даъват этди.

Тошкентдаги “Human xususiy bandlik agentligi” Германия ва Чехияга жўната олмаган 700 нафарга яқин ишчилардан олинган пулларни душанба, 16 сентябрь куни қайтариш тўғрисида ваъда берган эди. Бироқ, “Human xususiy bandlik agentligi” раҳбарияти ўз ваъдасидан чиқмагани ва ишчилар маблағлари на душанба ва на сешанба куни берилгани ортидан 70 га яқин ўзбекистонлик сешанба, 17 сентябрь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Мустақиллик майдонидаги бош идорасига ўз норозилигини ифода қилиш учун борган эди.

Ўз ҳақларини талаб қилган ўзбек ишчилари шикоят аризалари Яккасарой туман Ички ишлар бўлими, Вазирлар Маҳкамасининг Фуқаролар билан ишлаш бўлими ва Меҳнат вазирлигида қабул қилиниб, масала ижобий ҳал этилади, деб ваъда берилган эди.

Агентликнинг ишчиларга берган изоҳига кўра¸ Чехия ва Германия иш визаси бермагани юзлаб ўзбекистонлик билан тузилган шартноманинг амалга ошмай қолганига сабаб бўлган.

Германияга деб Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан ёлланган 197 нафар ўзбекистонликнинг ҳар бири агентликка 35 миллион сўмдан пул тўлаган.

Тошкентдаги бошқа бир воситачи ширкатга 1000 доллар хизмат ҳақи тўлаб Болгарияга ишга келган беш ўзбекистонлик кўчада қолган эди.

Work in World хусусий бандлик агентлиги 800 евролик ойлик¸ камида бир йиллик меҳнат шартномаси¸ текин турар-жой ва озиқ-овқат ваъдаси билан уларни Болгарияга юборган.

Августда Ўзбекистонда ишга жойлаштириш билан шуғулланганТошкент, Самарқанд, Навоий ва Фарғона вилоятидаги 8 та хусусий агентлик фаолияти тафтиш этилгани хабари чиққанди.

Шарҳларни кўринг (2)

XS
SM
MD
LG