Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2021, Тошкент вақти: 23:55

Трамп тарафдорларининг ҳужумига учраган Конгресс Жо Байден ғалабасини тасдиқлади


6 январь куни Конгресснинг ялпи мажлиси  Трамп тарафдорларининг Капитолийга бостириб кириши ортидан тўхтаб қолган эди

Капитолий Трамп тарафдорларининг ҳужумига учраган 6 январь тунида АҚШ Конгресси палаталарининг қўшма мажлиси Жо Байденнинг президент сайловларидаги ғалабасини расман тасдиқлади.

Сайлов натижаларини рад этиши кутилган бир неча республикачи сенатор натижаларни маъқуллаб овоз берди. Бу билан улар Президент Трамп тарафдорларининг Конгресс сессиясини тўхтатиб қолишга уринишларини рад этди.

Вакиллар палатаси республикачиларнинг Пенсильвания штатидаги сайловчилар ҳайъати берган овозлар юзасидан эътирозларини қабул қилмади.

Одатда расмиятчиликдан иборат бўлган сайловчилар ҳайъати берган овозларни тасдиқлаш жараёни бу йил фавқулодда эътиборни тортди. 10 дан ортиқ республикачи сенатор бир неча штатда овоз бериш тартиби бузилганини айтиб, натижаларни тан олишдан бош тортди. Сенаторлар текширув ўтказиш учун махсус комиссия тузишни таклиф қилишган.

Жо Байден президент Трампни зудлик билан ўз тарафдорларини зўравонликни тўхтатиб¸ уйига қайтишга чақиришга даъват қилди - Вашингтон, 6 январь, 2021
Жо Байден президент Трампни зудлик билан ўз тарафдорларини зўравонликни тўхтатиб¸ уйига қайтишга чақиришга даъват қилди - Вашингтон, 6 январь, 2021

6 январь куннинг иккинчи ярмида Конгресс йиғилиши Трамп тарафдорларининг Капитолийга бостириб кириши ортидан тўхтатилди. Бир неча соат ўтиб, Конгресс биноси ва атрофи зўравон намойишчилардан тозаланганидан сўнг конгрессмен ва сенаторлар мажлисни қайта бошлашди.

Қонун чиқарувчилар Конгрессдаги зўравонликларга қарамасдан, айни сессияда Байден президентлигини тасдиқлаш жараёнини охирига етказишда қатъият кўрсатгани учун олқишланмоқда.

Жо Байденни қасамёдга келтириш маросими 20 январга белгиланган.

Йирик ижтимоий тармоқ сайтлари Трампни блоклаб қўйди

Айни пайтда Американинг йирик ижтимоий тармоқ сайтлари президент Дональд Трампга қарашли аккаунтларни музлатиб қўйди. Facebook, Instagram, Twitter ва Snapchat, шунингдек, YouTube президентнинг видеомурожаатини тармоқдан олиб ташлади. Видеомурожаатда Трамп Капитолий биносига бостириб кирган тарафдорларини уйларига тарқатишга чақирганди.

Трампнинг Твиттердаги аккаунти камида 12 соатга блоклаб қўйилди. «Вашингтонда давом этаётган мислсиз зўравонликлардан сўнг биз @realDonaldTrump аккаунтидан учта твитни олиб ташлашни сўрадик", –дейилади Twitter эълон қилган расмий баёнотда. Унда Трамп АҚШ президент сайловлари сохталаштирилганини даъво қилган. Бундан ташқари, Трамп тарафдорлари фойдаланиб келгани айтилган #StormTheCapitol («Капитолийни забт эт») хештеги ҳам олиб ташланган.

Facebook президентнинг иккита постидаги қонун бузилишлари ҳақида хабар берди, Instagram ҳам бу қарорга қўшилди. Snapchat вакили эса TechCrunch нашрига Трампнинг аккаунти чоршанба куни музлатилгани, ушбу қарор мамлакатдаги вазиятдан келиб чиқиб бекор қилиниши мумкинлигини айтган.

The Verge нашрининг хабар беришича, YouTube ижтимоий тармоғи Трампнинг Капитолийга бостириб кирган тарафдорларини уйларига тарқалиш ва зўравонликлардан тийилишга чақирган видеомурожаатини олиб ташлаган. YouTube видеомурожаат АҚШдаги президент сайловлари ҳақида сохта маълумотни ўз ичига олган, деб ҳисоблашини маълум қилган.

Трамп тарафдорлари Конгрессга бостириб кирди. Вашингтонда комендантлик соати жорий қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:16 0:00

Нашрнинг қайд этишича, YouTube шунингдек, Капитолийга бостириб кирган намойишчиларнинг видеоларини ҳам блоклаган. Айни пайтда бошқа оммавий ахборот воситаларига бу каби видеоларни ишлатишга рухсат берилган.

Facebook ва Twitter ҳам Трампнинг ўз тарафдорларини Капитолийни тарк этишга чақирган видеомурожаатини президент сайловларига доир ишончсиз маълумот тарқатгани важидан блоклаган. Ўз видеомурожаатида Трамп "Бизнинг овозларимини ўғирлашди, биз уларни тор-мор қилдик, ҳамма буни билади, айниқса, қарши томон», дея иддао қилган эди.

"АҚШ демократиясига қилинган ҳужум"

Жаҳон давлатлари лидерлари президент Трамп тарафдорлари АҚШ Конгрессига бостириб киргани ва тартибсизлик уюштирганини қоралади.

Британия бош вазири Борис Жонсон Twitterда «АҚШ Конгрессида шармандали манзара. Қўшма Штатлар бутун дунёда демократияни қўллаб-қувватлайди. Ҳозир ҳокимият тинч ва тартибли равишда ўтказиб берилиши жуда муҳим», деб ёзди.

Украина ташқи ишлар вазири Димитро Кулеба эса Ғарб расмийларининг фикрларига ҳамоҳанг тарзда Вашингтонда қонун устуворлиги ва демократик тамойиллар тикланиши кераклигини айти.

«Бу нафақат АҚШ учун, балки Украина ва бутун демократик дунё учун ҳам муҳимдир», деб ёзди сиёсатчи Twitterда.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Трамп тарафдорларини «демократик қадриятларни оёқости қилишни бас қилишга» чорлади.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель эса Вашингтондаги ҳодисаларни «АҚШ демократиясига қилинган ҳужум» деб атади.

«Дунё назарида бу кеча Америка демократияси қамал остида қолгандек кўриняпти», деб ёзди Боррель Twitter платформасида.

«Бу Америка эмас. 3 ноябрдаги сайлов натижаларига тўлиқ амал қилиниши керак», дея қўшимча қилди у.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова АҚШ журналистининг «Америка Қўшма Штатлари бундан буён жаҳонга демократия намунаси эканини иддао қила олмайди», деган сўзларини иқтибос сифатида келтирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги Россия элчисининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский эса Вашингтондаги манзараларни «Майдон услубида» деб атади. Полянский бу билан 2014 йилда Украинанинг Москвага дўстона президенти Виктор Януковични ҳокимиятдан ағдарган халқ қўзғолонини назарда тутди.

Полянскийнинг ушбу твитини Россия Ташқи ишлар вазирлиги қайта улашди.

Капитолий Трамп тарафдорларидан тозаланди, 4 киши ҳалок бўлди

Вашингтон полицияси тартибсизликларда иштирок этган тўрт киши “тез тиббий ёрдам кўрсатиш” жараёнида ўлгани ва 52 киши қамоққа олинганини билдирди.

Сенат йиғилишини вице-президент Майк Пенс очиб берди. У Конгресс биноси Трамп тарафдорлари томонидан босиб олинганини қоралади.

“Бугун Капитолийда хаос уюштирганлар билинг-ки, сиз ютқаздингиз”,-деди Пенс.

Хабарларга қараганда, тартибсизлик пайтида кўксидан ўқ еган аёл касалхонада вафот этган.

Хабарларда айтилишича, ҳалок бўлган аёл Трампнинг ашаддий тарафдори ва АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари ветерани бўлган.

Вашингтон полицияси тартибсизликларда иштирок этган яна уч киши “тез тиббий ёрдам кўрсатиш” жараёнида ўлганини ва 52 киши қамоққа олинганини билдирди.

Сенаторлар мажлисни бошлаган пайтда, Вашингтонда соат 18дан бошлаб комендантлик соати жорий этилгани ва полициянинг кўплигига қарамасдан, Конгресс биносида Трампнинг яна юзлаб тарафдорлари қолаётган эди.

Капитолий Трамп тарафдорлари бостириб кирганидан тўрт соат ўтганидан сўнг “хавфсиз” деб эълон қилинди.

Капитолийда тартиб ўрнатиш учун Миллий гвардия кучлари сафарбар қилинди. Сўнгги хабарларга кўра, Конгресс биносида хавфсизлик қайта тикланган. Конгрессга бостириб кирганларга нисбатан кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланилди.

6 январь куни Президент Трампнинг қуролли тарафдорлари Вашингтонда полиция билан тўқнашди ва АҚШ Конгресси биносига бостириб кирди.

Зўравонликлар бошланганидан кўп ўтмай АҚШ жамоатчилигига жонли тарзда мурожаат қилган Жо Байден¸ президент Трампни зудлик билан ўз тарафдорларини зўравонликни тўхтатиб¸ уйига қайтишга чақиришга даъват қилди.

Байден чиқишидан кўп ўтмай Трамп Twitter орқали ëйинланган видеомурожаатида “сайловларнинг ўзидан ўғирлангани” ҳақидаги асоссиз баëнотини такрорлади¸ айни пайтда ўз тарафдорларидан “уйига қайтиш”ни сўради.

15 декабрь куни Сайловчилар ҳайъати демократ Жо Байденнинг ғалабасини тасдиқлаганди. Байденга 306 сайловчи, Дональд Трампга эса 232 сайловчи овоз берган. Ғалаба учун 270 та овоз тўплаш керак .

6 январь куни Конгресснинг ҳар икки палатаси сайловчилар ҳайъати томонидан тасдиқланган президент сайлови натижаларини маъқуллаш учун тўпланди. Бу янги сайланган президентнинг қасамёд маросимидан олдинги энг сўнгги процедура ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG