Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2021, Тошкент вақти: 15:32

Илон Маскнинг Neuralink ширкати миясига чип ўрнатилган маймун видеосини намойиш қилди


Илон Маск Twitter платформасида биринчи Neuralink маҳсулоти фалажланган кишига онгини ишга солиб, смартфонни бош бармоғидан кўра тезроқ ишлатиш имконини бериши ҳақида ёзди.

Миллиардер тадбиркор Илон Маск асос солган Neuralink ширкати миясига чип ўрнатилган маймун содда видеоўйин ўйнаётгани акс этган видеолавҳани эълон қилди.

3 дақиқалик видеода миясининг ҳар икки яримшарига чип ўрнатилган “Пейжер” исмли макака маймуни “Онг понг” ўйнаётганини кўриш мумкин.

Дастлаб жойстик – махсус мослама билан ўйнаган маймун у узиб қўйилгач, мустақил равишда, онгини ишга солиб ўйнашда давом этади.

“Пейжер”нинг миясига 6 ҳафта олдин N1 Link чипи ўрнатилган. Бунинг ортидан унга жойстик билан видеоўйинлар ўйнаш ўргатилган. Вазифани муваффақиятли бажаргани учун у ҳар сафар мукофот сифатида банан шарбати билан сийланган.

Илон Маск Twitter платформасида биринчи Neuralink маҳсулоти фалажланган кишига онгини ишга солиб, смартфонни бош бармоғидан кўра тезроқ ишлатиш имконини бериши ҳақида ёзди.

“Кейинги версиялар миядаги нейролинкдан танадаги ҳаракат/сезги нейрон томирларига сигналлар элтади. Бу эса, масалан, фалаж бўлиб қолган беморларга яна юриш имконини туҳфа этади. Қурилма бош суяги ичига имплантация қилинади ва симсиз қувват олади. Шундай экан, бемор одатдагидек кўринади ва ўзини ўнғай ҳис қилади”, – дея сўзини давом эттирди тадбиркор.

Видео юзасидан берилган изоҳга кўра, ушбу технология маймун миясининг қўллар ва улар ҳаракатини мувофиқлаштирадиган қисмларига жойлаштирилган 2000 дан ортиқ электрод ёрдамида мия сигналларини ёзиб олиш ва уларни ўқиш – декодлаш орқали ишлайди.

“Мия фаолияти тўлқинлари ва улар келтириб чиқарадиган жойстик ҳаракатлари ўртасидаги боғлиқликни математик моделлаштириш орқали декодернинг аниқ ўлчамига эга бўламиз”, – дейди шарҳловчи.

Маск томонидан 2016 йилда асос солинган ва Сан-Францискода жойлашган Neuralink ширкати Альцгеймер касаллиги, ақлий заифлик ва умуртқа поғонаси шикастланиши каби неврологик касалликларни даволаш ва инсониятни сунъий ақл билан бирлаштиришга ёрдам берадиган симсиз мия чипларини ишлаб чиқишни мақсад қилган.

Бундай чиплар фалажланган беморларга ўз онгини ишга солиб телефонини бошқариш, ҳатто компьютер ўйинларини ўйнаш имконини беради. Электрон мосламаларни идрок воситасида бармоқ ишлатгандан ҳам тезроқ бошқариш мумкин. Ишбилармон Маск StarCraft фақат онг кучи билан ўйналадиган илк ўйин бўлишига ваъда берган.

2020 йил август ойида миясига Neuralink чипи жойлаштирилган чўчқа намойиш этилган эди.

Илон Маск, шунингдек, электромобиль ва ракета ишлаб чиқарувчи Tesla ҳамда SpaceX каби илғор технология ширкатларига ҳам асос солган. Хусусан, SpaceX қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракета ясаган дунёдаги илк ширкатдир.

OzodLive

XS
SM
MD
LG