Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:06

ИИВ пахта тераётган ходимлари хабарларини рад этди


ИИВга кўра, тизим ходимлари пахта термаяпти, балки кампания давомида жамоат тартибини сақлаш билан шуғулланаяпти
ИИВга кўра, тизим ходимлари пахта термаяпти, балки кампания давомида жамоат тартибини сақлаш билан шуғулланаяпти

Қисқа муддатли ўқув йиғинларида таҳсил олаётган тингловчиларни пахта йиғим-теримига жалб этиш бўйича бирор-бир топшириқ берилмаган, бугунги кунда барча тингловчилар билан режалаштирилган ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Машғулотлар 11 октябргача давом этиб, шундан сўнг тингловчилар тегишли вилоятларга ўз хизмат жойларига қайтариб юборилади.

Бу баёнотни ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси вазирликнинг расмий сайтида эълон қилди.

Вазирлик ўз баёнотини “кейинги кунларда ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малака ошириш марказларининг тингловчилари пахта йиғим-теримига жалб этилишидан норозилиги ҳақидаги видеолавҳалар интернет ижтимоий тармоқларида тарқалгани” муносабати билан эълон қилди.

“Айни пайтда ўқув марказларида юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича ички суриштирув ишлари ўтказилмоқда” дейилган вазирлик баёнотида.

Вазирликка кўра, ИИ ходимлари пахта термаяпти. Улар “пахта йиғим-терим мавсумида жамоат тартибини сақлаш, пахта ҳосилининг нес-нобуд бўлиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, теримга жалб этилган ҳашарчиларни ташиш вақтида хавфсизликни таъминлаш ва бошқа оммавий тадбирларда амалдаги низом ва буйруқлар асосида фаол иштирок этмоқдалар”.

Озодлик 30 сентябрь куни Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бир-биридан мустақил ҳолда келган хабар¸ сурат ва видеоларга ҳамда ИИБ ходимлари билан ўтказилган суҳбатларга таяниб, юзлаб ИИВ ходимининг пахта теришга мажбурлаiш бошланаётгани, баъзи жойларда эса, ходимлар бир неча кундан буён пахта тераётгани тўғрисида хабар берган эди.

Озодлик билан 30 сентябрь куни гаплашган ИИВ ходимлари¸ ўзларининг турли вилоятлардан Тошкентнинг Бектемир туманида жойлашган марказга малака оширишга келганини билдираркан, бундай деган эди.

“Уч кун олдин ëш ходимлардан 300 таси Жиззахга кетди. Кетганлар яқинда ишга кирганлар¸ уларни 3 ойга чақиришган. Малакани энди пахтазорда оширишади. Катта ходимлардан 200 тачамиз¸ биз 1 ойга малака оширгани келганмиз, кетишимизга 10 кун қолганда пахтага юбормоқчи. Вилоятлардан¸ Қорақалпоғистондан ўқишга деб келган одамни¸ тўғри далага ҳайдаяпти. Бунга на кийим-кечагимиз¸ на пулимиз бор. Оилаларимиз кутяпти бизни вилоятларда”.

Қашқадарë вилоятилик профилактика инспекторлари ўзларининг 24 сентябрдан бери Миришкор туманида ëтиб пахта тераëтганини билдираркан, бундай деганди:

“Биз - Шаҳрисабз туман ИИБ ходимларини мажбурий Миришкор туманига пахта теримига жўнатишган. Профилактика инспекторларининг хизмат ҳудудидан бошқа тадбирларга мутлақо жалб килинмаслиги тўғрисида президентимизнинг қарор ва фармонлари борку! Ҳозир қанақа тадбир бўлса¸ биринчи навбатда¸ Шаҳрисабз тумани ИИБ профилактика инспекторлари ва бошқа ходимлари мажбурий жалб қилинади Биз 24 сентябрдан бери ëтиб пахта тераяпмиз. Қачон қайтариши номаълум. Раҳбарларнинг барчаси ишни талаб қилади. Лекин бирорта раҳбар барча тадбирларга мажбурий жалб этилганимизни ҳеч қандай инобатга олишмайди".

Алоқадор

XS
SM
MD
LG