Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 22:07

Ички ишларнинг минглаб ходимлари “фавқулодда ҳолат”да пахта термоқда (ВИДЕО)


Ички ишлар тизими ходимлари бу йилги пахта теримига нафақат жамоат тартибини сақлаш¸ балки асосан пахта териш учун жалб этилмоқда.

Озодликка 30 сентябрь куни Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бир-биридан мустақил ҳолда келган хабар¸ сурат ва видеолардан юзлаб ИИВ ходимининг ўз асосий ишини қўйиб¸ пахтакорликка мажбурланаëтгани кўрилади.

Бундай видеолардан бирида пахтага кетиши буюрилган формали ходимлар ўз зобитининг “ҳозир фавқулодда ҳолат” деган гапига “Бошлиқ¸ фавқулодда ҳолат билан бу ҳолатнинг фарқи бор жудаям”¸ деб эътироз билдиради.

Шахси сир қолишини сўраб гапирган ички ишлар тизими ходимларидан айримлари Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган ИИВ ходимлари малакасини ошириш марказига бир ойлик ўқишга келганларнинг айни кунларда Жиззахда пахта тераëтганини билдирса¸ бошқалари Қашқадарëдаги профилактика инспекторларига 24 сентябрдан пахтага ëтарлик сафарбарлик эълон қилинганини айтди.

ИИВ матбуот хизмати телефон рақамларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермагани боис¸ вазирликдан тизимдаги мажбурий меҳнатга оид шикоятларга муносабат сўрашнинг имкони бўлмади.

Бир ойга малака оширишга келиб¸ икки ойлик пахтага ҳайдалиш таҳдиди

Озодлик билан 30 сентябрь куни гаплашган ИИВ ходимлари¸ ўзларининг турли вилоятлардан Тошкентнинг Бектемир туманида жойлашган марказга малака оширишга келганини билдирди.

Уч кун олдин ëш ходимлардан 300 таси Жиззахга кетди. Кетганлар яқинда ишга кирганлар¸ уларни 3 ойга чақиришган. Малакани энди пахтазорда оширишади. Катта ходимлардан 200 тачамиз¸ биз 1 ойга малака оширгани келганмиз, кетишимизга 10 кун қолганда пахтага юбормоқчи. Вилоятлардан¸ Қорақалпоғистондан ўқишга деб келган одамни¸ тўғри далага ҳайдаяпти. Бунга на кийим-кечагимиз¸ на пулимиз бор. Оилаларимиз кутяпти бизни вилоятларда”¸ дейди Озодликка гапирган ИИВ ходимларидан бири.

Озодликка юборилган видеолардан бирида¸ бир ойга ўқишга келганлар ходимларга пахтага кетиш шартлиги эълон қилинганидан кейинги вазият акс этган.

Милиция пахтага чиқишдан норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:49 0:00

Унда овози яхши эшитилмаган бошлиқнинг¸ афтидан¸ пахта термини фавқулодда ҳолатга қиëслашига эътироз билдирганлардан бири¸ бу қиëснинг нотўғри эканини айтишга ботинади.

Айни пайтда¸ хавфсизлини таъминлаш мақсадида Озодликка юзларини кўрсатмасдан видеомурожаат юборган ички ишлар тизими ходимлари¸ ўзларининг мажбурий меҳнат қурбонига айлангани ва бундан президентнинг хабари йўқлигига ишонишларини айтади.

Айни пайтда¸ 29 сентябрь куни Олмалиқдаги Ички ишлар органлари ходимлари малакасини ошириш ўқув марказига вилоятлардан келган зобитлардан ҳам айни шундай мурожаат бўлди.

"Биз Тошкент вилояти Олмалиқ туман Ички ишлар органлари ходимлари малакасини ошириш марказида бир ойлик малака оширишдамиз. Бизни уйга қайтишимизга 10 кун қолганда мажбурий пахта теримига юбормоқчи. Бормаймиз десак¸ домлалар бўшаш ҳақида рапиртингни ëзда¸ кейин кетавер деяпти. Бизда ҳалиям мажбурий меҳнат давом этаяпти".

(Мазкур ўқув марказидаги 120 нафар малака оширишга келган ходим номидан қилинган бу мурожаатга ҳам сурат ва ҳужжатлар илова қилинган. Уларни юборганлар хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида Озодлик уларни эълон қилмаëтир - таҳр.)

Республика бўйлаб оммавий сафарбарлик?

30 сентябрь куни Озодликка боғланган ички ишлар тизими ходимларига кўра¸ ўтган ҳафтадан республика бўйлаб бу тизим ходимларини оммавий равишда пахтага чиқариш бошланган.

ИИВ тизимининг юқоридаги ходимларидан мустақил ҳолда Озодликка боғланган Қашқадарë вилоятидаги профилактика инспекторлари ўзларининг 24 сентябрдан бери Миришкор туманида ëтиб пахта тераëтганини билдирди.

Биз - Шаҳрисабз туман ИИБ ходимларини мажбурий Миришкор туманига пахта теримига жўнатишган. Профилактика инспекторларининг хизмат ҳудудидан бошқа тадбирларга мутлақо жалб килинмаслиги тўғрисида президентимизнинг қарор ва фармонлари борку! Ҳозир қанақа тадбир бўлса¸ биринчи навбатда¸ Шаҳрисабз тумани ИИБ профилактика инспекторлари ва бошқа ходимлари мажбурий жалб қилинади Биз 24 сентябрдан бери ëтиб пахта тераяпмиз. Қачон қайтариши номаълум. Раҳбарларнинг барчаси ишни талаб қилади. Лекин бирорта раҳбар барча тадбирларга мажбурий жалб этилганимизни ҳеч қандай инобатга олишмайди".

Озодлик 30 сентябрь куни гаплашган ички ишлар тизими ходимлари¸ асосий функцияси жамоат тартибини сақлаш бўлган бу органнинг минглаб ходимларини профессионал фаолиятига алоқаси йўқ ишларга мажбурлаш давлат ва жамоат хавфсизлиги вазиятида салбий акс этишидан огоҳлантиради.

Ўзларининг ҳам ҳокимият¸ ҳам жамоатчилик кўз ўнгида "ëмонотлиққа" чиқарилганидан руҳи тушиб бораëтганини айтган бу тизим ходимлари¸ ишдан кетишдан бошқа чоралари қолмаëтганини таъкидлади.

Озодлик 30 сентябрь кунги телефон суҳбатларида билдирилган эътирозлар¸ қолаверса¸ видеолардаги манзарага изоҳ олиш мақсадида ИИВ матбуот хизматига қўнғироқ қилид. Аммо кун давомида қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Ўзбекистон президенти ўтган ой ўзи раислик қилган мажлислардан бирида бу йилги пахта теримига бюджет ташкилотлари ходимларининг умуман жалб қилинмаслиги ҳақида топшириқ берган эди.

Жорий ой Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси эса¸ мамлакатда ҳеч кимнинг ўз хоҳишига қарши пахтага мажбурланмаслигини эълон қилган ва бундай ҳолатларда мурожаат қилиш учун ўз телефон рақамларини тақдим этган эди.

Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ нафақат ИИВ¸ балки бошқа ҳарбий ва ҳарбийлашган тизим ходимлари айни кунларда пахтага кетиш ëки ўз ишидан айрилиш танлови олдида қолган.

Пахтага кетишга мажбурланаëтган бу тизим ходимлари¸ қолаверса¸ ҳарбийлашган олий ўқув юрти талабалари пахта кўнгилли равишда чиқиш сўралган тилхатларга қўл қўтишга мажбур қолаëтганини айтмоқда.

Шарҳларни кўринг (13)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG