Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2021, Тошкент вақти: 10:07

ЖССТ ходими: Коронавирус келиб чиқишини аниқлаш учун Хитойдаги кўршапалак ғорлари ўрганилиши керак


ЖССТ ходими коронавируснинг келиб чиқишин аниқлаш учун кўршапалак ғорларини ўрганишни таклиф қилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти - ЖССТнинг Ухань шаҳрида COVID-19 вируси келиб чиқишини ўрганаётган илмий гуруҳи аъзоси вируснинг генетик элементларини аниқлаш учун Хитойдаги кўршапалак ғорларини ўрганиш кераклиги ҳақида баёнот берди.

Reuters агентлигининг ёзишича, зоолог ва ҳайвон касалликлари бўйича мутахассис Питер Дасак Хитойнинг Ухань шаҳрида тадқиқот ўтказаётган гуруҳ илк бор 2019 йил охирида айнан шу шаҳарда аниқланган вирус қай йўсинда глобал миқёсда пандемия келтириб чиқарганини ўрганаётганини айтган.

Дасак, аввал иддао қилинганидай, вирус лабораториядан тарқалганини кўрсатувчи далил йўқлигини билдирди.

Бир неча давлат, жумладан, Америка Қўшма Штатлари Хитойни юқумли касаллик тарқала бошлаганидан кейин кўрилган илк чоралар ҳақида тўлиқ маълумот бермасликда айблаб келади. Расмий Пекин эса вирус бошқа жойда пайдо бўлган, деган фикрда.

Дасак 2002-2003 йилларда оғир ўткир нафас олиш синдроми коронавируси (SARS) келиб чиқишини ўрганишга қаратилган тадқиқотда қатнашган. Ўшанда вируснинг келиб чиқиши Юньнань вилояти ғарбидаги ғорда яшовчи кўршапалакка бориб тақалиши тўғрисида хулоса берилган эди.

«Агар вируснинг табиатдаги асл ўчоғини аниқлашни хоҳлайдиган бўлсак, шунга ўхшаш тадқиқот ўтказишимиз керак бўлади», - деди олим.

«Вируснинг манбаси бўлган эҳтимолий кўршапалакни топишга қаратилган бундай тадқиқот жуда муҳим, чунки бу каби хавфли вирусларнинг манбаларини топсак, уларни тарқатувчи жонзотлар билан алоқани камайтира оламиз», - деди Дасак Reuters агентлигига берган интервьюсида.

Айни дамда Хитой расмийлари мамлакатдаги кўп сонли кўршапалак ғорларидан намуна олаётгани ёки олмаётгани аниқ эмас. COVID-19 инфекциясини келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 вирусига ўхшаш вируслар бунда олдин Юньнань вилоятида аниқланган эди.

Дасакка кўра, Ухандаги илмий гуруҳ вирус қандай қилиб пандемия келтириб чиқаргани тўғрисида янги маълумотларни қўлга киритган.

Жамоа томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилаётган версияларнинг бирига қараганда, вирус Ухань шаҳрида илк маротаба аниқланишидан анча олдин пайдо бўлган.
Олимлар касалхона, илмий-тадқиқот муассасалари ва вирус илк маротаба аниқланган денгиз маҳсулотлари бозорига ташриф буюришди.

Аммо улар Ухань шаҳри бўйлаб фақат Хитой расмийлари қуршовида ҳаракатлана оладилар.

Аввалроқ ЖССТ ўз экспертларининг ҳаракат доираси чекланганини, Хитой расмийлари жамоатчилик саломатчилиги муҳофазасини баҳона қилиб, уларнинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан эркин мулоқот қилишига имкон бермаётганини таъкидлаган эди.

Шундай бўлса-да, Дасак Хитой расмийлари илмий жамоанинг тегишли иншоотларга ташриф буюриш ёки муҳим шахслар билан учрашиш илтимосларини умуман олганда рад этмаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG