Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:05

Бухорода ЮНЕСКО ҳимоясидаги “Арабов уйи” ҳоким қарори билан "йўқсилларга" берилмоқда


"Арабов уйи"нинг ички кўриниши
"Арабов уйи"нинг ички кўриниши

Бухоронинг эски шаҳар қисмидаги Турки Жанди кўчасида жойлашган “Арабовлар уйи” сифатида ЮНЕСКО рўйхатига кирган иморатни кам таъминланганларга бериш ҳақидаги шаҳар ҳокими қарори санъатшунослар танқидига учради.

Санъатшунослар фикрича, мазкур бино 19 асрдаги асл ҳолида сақланиб қолган ноëб обида бўлиб, унинг турар-жой қилиб берилиши вандализмдир.

Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камолов жорий йилнинг 31 июлида имзолаган фармойишда бинонинг “кам таъминланган¸ боқувчисини йўқотган бева-бечораларга турар-жой сифатида берилиши” кўзда тутилган.

Шаҳар ҳокимлиги мулозимига кўра¸ шу кунларда "Арабов уйи" кам таъминланганлар учун ëтоқхона қилишга ҳозирланмоқда.

Вазирликнинг ҳабари йўқ

Бухоро ганчкорлик ва нақш-нигор санъатининг ноëб намуналари сақлаб қолинган ва 19- асрда яшаган ўзбек зодагони яшаш тарзини акс эттирган иморатнинг нима сабабдан камбағалларга уй қилиб берилгани ҳақида Ўзбекистон маданият вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозимлари аниқ-тугал фикр билдиришмади.

Бухоро шаҳар маданият бошқармаси ходимлари ЮНЕСКО ҳимоясидаги уй “йўқсиллар учун ëтоқхонага айлантирилаëтганидан бехабар эканлигини" Озодликка айтишди.

Шаҳар ҳокимлиги президент қарорини пеш қилди

Бухоро шаҳар ҳокимлигининг уй-жойларни ҳисобга олиш ва нотурар жойлардан фойдаланиш давлат корхонаси мулозими Озодлик билан суҳбатда “бўш ëтган уйни кам таъминланганларга бериш ҳақидаги ҳоким фармони Ўзбекистон президентининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3268 сонли қарорига асосан чиқарилганини айтиш билан кифояланди.

Ҳоким фармойиши
Ҳоким фармойиши

"Маданий мерос" розилик берганми?

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича инспекцияси мулозими бинодан турар-жой сифатида фойдаланиш вақтинча бўлиши кераклиги ҳақида шаҳар ҳокимига тавсия мазмунидаги хат берганини Озодлик мухбирига билдирди.

Шаҳар ҳокимлиги мулозими эса, жорий йилнинг 16 апрелида "Маданий мерос" инспекциясидан “Арабовлар уйи"дан турар-жой сифатида фойдаланиш ҳақида 328- сонли рухсат хати олишганини Озодлик мухбирига билдирди.

Ҳоким қарорини вазирлик бекор қиладими?

"Маданий мерос" идорасининг республика бошқарувидаги мулозими ҳокимликнинг бу гапини “дезинформация” деб атади ва меъморчилик обидаси сифатида ноëб бўлган “Арабовлар уйи" борасидаги шаҳар ҳокими фармойиши бекор қилиниши учун ҳаракат бошлашга ваъда қилди.

Фармойиш бекор қилиниши ҳақида Маданият вазирлигидаги исми айтилишини истамаган рутбаси юқори мулозим ҳам айтиб берди.

"Арабов уйи"нинг умр баёни

Бино 1991 йилдан бошлаб Ўзбекистон Маданият вазирлиги тасарруфида бўлган. Вазирлик мулозимига кўра¸ бино бир муддат омборхона сифатида фойдаланилган ва сўнгги 5 йил ичида бўш турган. Совет даврида бу бино Ўз ССР Маориф вазирлиги тарафидан турли мақсадларда фойдаланилган. 1924 йилдан олдин бухоролик зодагон Арабовлар тарафидан қурилиб, тасарруф қилингани боис, бино "Арабов уйи" дея санъатшунослик ва меъморчиликка оид адабиëтларда тилга олинади. Баъзи манбаларда Арабовлар бой сифатида қулоқ қилиниб, сургун қилингани айтилса, бошқа манбалар уларнинг қочиб кетганини айтишади. Арабовларнинг маҳаллий бойлардан бири бўлганидан бошқа аниқ маълумот Озодликда йўқ.

Сграффито услубида безалган уйнинг эстетик қиммати

Бухоро ҳокими кам таъминланганларга бериб юбормоқчи бўлган “Арабов уйи"нинг эстетик қиммати ҳақида гапирган санъатшунос Турдиев бу уй “ремонт қилинмагани билан қадрли”эканига эътибор қаратди:

- Файзуллев Хўжаев ëки Садриддин Айний уй-музейлари евроремонт қилиниб, ялтиллатилб қўйилгани боис оригинал тароватдан мосуво бўлган. "Арабов уйи" эса таъмирланмай турибди. Девор ва шифтдаги нақшларга ҳали ҳеч ким қўл теккизмаган. Шифтда ëғоч ўймакорлиги намуналари бор. Бронза ва мисдан ясалган қандил осиғлиқ. Деворга эса махсус услубда гулдасталар расми чизилган.

Санъатшунос “Арабов уйи” деворига ишланган нақшин фресканинг ноëб технологиясига тариф берди:

- Вазага солинган гулдаста шаклидаги линиялар олдин ганч сатхга тиғ билан ўйилиб чиқилган. Кейин бу жажжи каналлар ичи асал муми аралашган қуюқ бўëқ билан тўлдирилган. Диққат қилинг мўйқалам билан чизилмаган¸ балки ичи тўлдирилган. Бу технология боис гулдасталар юз йил ичида ўчиб кетмади. Баъзи гулдасталарнинг устига совет даврида мой бўëқ суртилган. Айнан каналларга бўëқ тўлдириб ишлангани боис бу мойбўëқ қатлами олиб ташланганида тасвир бенуқсон сақлангани аëн бўлди.

Бухородаги итальянча безак

Санъатшунос Турдиевнинг яна айтишича¸ бино ичидаги ганч ишларидаги технология ҳам уникал:

- Бу технология Ғарбий Европадаги, хусусан Италиядаги Сграффито (итал. sgraffito-тахр) услубини эслатади. Турли рангдаги ганч қоришмаси алоҳида-алоҳида устма-уст, қатма- қат қилиб сувалади. Сувоқ қотмасдан устига ахта (нақш туширилган тешик қоғоз) орқали қора кукундан шакл тезгина туширилган. Кейин бу шакл махсус пичоқ билан қисқа муддатда кесиб олинганида ўзига хос рангли панно ҳосил бўлган.

Санъатшунос “Арабовлар уйи” меъморий тузилмасини ҳам тушунтириб берди:

- Бино ичкари, ташқари ва отхонадан иборат бўлган. Бинода тўртбурчак кўринишдаги мусулмон ғишт¸ мовий ложувард кошин ҳамда мармар ишлатилган.

Тарих такрорими?

"Бухоронинг вайрон қилиниши" деган тасвирий инсталляцияни Лондондаги "Zaman" галереясида намойиш қилган рассом Вячеслав Охунов " Ноëб обиданинг йўқсилларга берилишини" тарих такаррури деб атади:

- Тарих ва ўзликдан нафратланадиган қизил тўда 1924 йилда Бухородаги қадимий обидаларни йўқсилларга берган ва бу йўқсиллар обидаларни ўзига мослаб ҳаробага айлантирган эди. Бугун эса Бухоронинг манқурт раҳбарлари айни ишни қилмоқда. Бугунги раҳбарларнинг эскилардан фарқи бор. Бугунгилар камбағалга уй қилиб бераман деган баҳона билан ўз чўнтагини тўлдирмоқда. Бухородаги вандализмдан кейин Маданият вазири истеъфо бериши керак.

XS
SM
MD
LG