Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Хоразм ҳокимлиги хорижлик меҳмонлар учун Хон саройида базми жамшид уюштирди (ВИДЕО)


Хивадаги Нуриллабой саройининг ташқи кўриниши.
Хивадаги Нуриллабой саройининг ташқи кўриниши.

Хоразмга сафар қилган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация учун Хиванинг Нуриллабой саройида 8 июнь куни уюштирилган зиёфатда Огаҳий номидаги вилоят драма театри артистларидан тортиб, маҳаллий ашула ва рақс жамоалари санъаткорлари ярим тунгача рақс тушишга мажбурланди.

8 июнь оқшомида бўлган бу воқеа ҳақида хоразмлик маданият ходимлари ва санъаткорлар Озодликка шикоят қилди.

Хоразм вилоят ҳокимлиги Маданият ва аҳоли дам олиш бошқармаси расмийларидан бири ЕТТБ делегацияси учун Нуриллабой саройи ховлисида уюштирилган зиёфатга санъаткорлар олиб чиқилганини тасдиқлади, лекин мажбурланмаганини айтди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки матбуот хизматининг раҳбари Сума Чакрабортининг Ўзбекистонга ташрифи хусусий бўлгани ва ташриф пайти барча хорижлик меҳмонларга кўрсатилувчи "чуқур анъаналарга таянилган" мулозамат кўрсатилганини айтди.

Ўз хавфсизлигини ўйлаб, исми ошкор этилмаслигини истаган хоразмлик маданият ходимининг иддаосича, Хивадаги Нуриллабой саройида 8 июнь куни кечқурун 8 дан ярим тунга қадар давом этган зиёфатда 150 дан зиёд одам ЕТТБдан келган 6 меҳмонга “оч-наҳор тикка туриб” хизмат қилган.

“Хоннинг саройида 6 меҳмон учун 150 нафар одам тик оёқ хизмат қилди. Булар вилоят ва шаҳар маданият ходимлари, электриклар, телеком ходимлари ва бошқа жойдан келган ишчилар. Оч-наҳор, сувсиз тикка оёқда қўйишди. Ҳаммаси норасмий кийимда, ҳоким ҳам, инвестиция вазири ҳам бор эди. Ароқ ичиб, кайф қилиб, ёш-ёш раққоса қизларни меҳмонларнинг олдига итариб, ўйна деб мажбурлашди. Хоннинг даврида ҳам одамлар бунчалик таҳқирланмаган бўлса керак”, - деди исми очиқланмаслигини истаган хоразмлик маданият ходими.

ЕТТБ делегацияси учун "Нуриллабой"да уюштирилган зиёфат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:42 0:00

Озодлик билан суҳбатда бўлган санъаткорлар Хоразм вилоят ҳокимлиги Маданият ва аҳоли дам олиш бошқармаси бошлиғи Шавкат Яхшибоевнинг топшириғи билан Хивада хорижлик меҳмонлар учун уюштирилган зиёфатда хизмат қилганликларини айтишди.Озодлик суҳбатлашган хоразмлик санъаткорлардан бири бундай деди:

“Бундан олдин Германия президентини кутиб олиш учун ёзнинг иссиғида соатлаб репетиция қилдиришди. Кейин Россия бош вазири Медведев келди, уни кутиб олишга чиқаришди. Бу сафар банкирлар учун ярим тунда зиёфатда тикка турғизиб қўйишди”.

Хоразм вилоят ҳокимлиги Маданият ва аҳоли дам олиш бошқармаси расмийларидан бири Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегацияси учун “Нуриллабой” саройи ховлисида уюштирилган зиёфатга санъаткорлар олиб чиқилганини тасдиқлади.

Лекин, расмийга кўра, улар мажбурланмаган.

"Бу уларни вазифаси. Иши шу маданият ходимларини. Бу ерда кимнидир ҳуқуқига даҳл қиладиган ҳолат бўлгани йўқ. Уларни ҳеч ким мажбурламайди, ишини қиляпти. Оч қўйди, деган нарса умуман ёлғон. Мен ҳам шуни ичида юрибманку. Шунча зиёфат бўлиб турган жойда одам оч қоладими", - деди Хоразм вилоят ҳокимлиги Маданият ва аҳоли дам олиш бошқармаси расмийси.

Ўтган ҳафта Хоразм вилоят ҳокимлиги Маданият ва аҳоли дам олиш бошқармаси бошлиғи Шавкат Яхшибоевнинг қўли остидагиларга ухлатмай ишлатиш билан таҳдид қилгани ҳақида Озодликка шикоят тушган эди.

Яхшибоевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиоёзувда овоз эгаси туман маданият бўлимлари ва мусиқа мактаб мудирларига "занжир билан боғлаб, уч-тўрт кун ухлатмай ишлатиш" билан таҳдид қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00
Бевосита линк

Озодликка аудиони жўнатган хоразмлик маданият ходимининг иддао қилишича, ушбу аудиони унинг ўзи Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 29 май ва Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг 30 май кунги Хивага ташрифи олдидан Яхшибоевнинг кабинетида ўтказилган мажлисда ёзиб олган.

Эртаси куни Хивада Германия президенти ва Россия бош вазирини кутиб олиш саҳнаси машқ қилинган, Маданият ва аҳоли дам олиш бошқармаси бошлиғининг кўрсатмаси билан мусиқа мактаби ўқувчиларидан тортиб ашула ва рақс жамоалари жазирама иссиқда тўрт соатлаб репетиция қилишга мажбурланган.

Хивада Германия президентини кутиб олиш саҳнаси.
Хивада Германия президентини кутиб олиш саҳнаси.

Хоразм вилоят ҳокимлиги Маданият ва аҳоли дам олиш бошқармаси бошлиғи Шавкат Яхшибоев Озодлик билан суҳбатда ходимларига ухлатмай ишлашга мажбурлаши ҳақида гапирганини эслай олмаслигини айтганди.

Хивадаги Нуриллабой саройи 1893-1904-йиллар оралиғида Хива Хони Мухаммад Раҳимхон II томонидан ўғли шаҳзода Исфандиёрхон шарафига қурилган.

Шарқона ва Европача услубда қурилган қасрнинг эшик ва ойналарини немис меннонитлари қабиласи дурадгорлари ясаган.

Хивадаги Нуриллабой саройининг ташқи кўриниши.
Хивадаги Нуриллабой саройининг ташқи кўриниши.

Айни пайтда ушбу тарихий обида хорижлик меҳмонлар учун уюштирилаётган зиёфатларда оёқости бўлаётгани ҳақида хавотирлар ҳам айтиляпти.

"Овоз кучайтиргични баланд қилиб, ароқ ичишяпти, айш-ишрат қилишяпти. Хоннинг саройидан бошқа жой қуриб қолдими. Бир-икки миллион инвестиция олиб келаман деб, тарихий обидани оёқости қилишяпти", - дейди хоразмлик маданият ходими.

Лекин, Хоразм вилоят ҳокимлиги Маданият ва аҳоли дам олиш бошқармаси расмийси бу хавотирлар ўринсиз эканини айтади.

"Зиёфат Нуриллабой саройининг ичида эмас, унинг ташқарисидаги ҳовлида ўтказилди. Акустик ускуналарнинг умуман саройга таъсири йўқ. Нуриллабой саройи доимий муҳофазамиз остида, - деди расмий.

ЕТТБ жавоби

Озодлик Нуриллабой саройида ўтказилган зиёфат ҳақидаги таассуротлари ҳақида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Хивага борган делегацияси аъзоларидан изоҳ сўраб мурожаат қилди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бош сўзчиси Антон Усов Сума Чакрабортининг Ўзбекистонга ташрифи хусусий бўлганига эътибор қаратди.

Унинг урғу беришича, барча хорижлик меҳмонларга кўрсатилувчи "чуқур анъаналарга таянилган" мулозамат ЕТТБ раҳабрига ҳам кўрсатилган.

"Савол остига олинган тадбир Ўзбекистонда чуқур илдиз отган, қадимий меҳмондўстлик анъаналари инъикоси ва маҳаллий маданиятни тарғиб этишга қаратилган самимона уриниш эди. Бу тадбир халқаро намояндалар иштирокидаги мамлакатдаги меҳмондорчилик кечаларидан фарқ қилмади", - деб билдирди Усов. ​

(ЕТТБ вакилининг изоҳи 13 июнь куни нашр этилган мақолага 14 июнь куни илова қилинди.)

XS
SM
MD
LG