Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:00

Британия матбуоти: Жонсон партияси ҳомийси Гулнора Каримовага пора беришда маслаҳатчилик қилган


Британияда чиқадиган The Guardian нашрига кўра, бош вазир Борис Жонсон мансуб бўлган Консерваторлар партиясининг асосий ҳомийси Муҳаммад Амерси Швеция телекоммуникация ширкатига Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага пора беришда маслаҳатчилик қилган.

Нашрнинг 4 октябрь кунги мақоласида ёзишича, Telia Гулнора Каримовага 220 миллион доллар миқдорида пора бергани ортидан Ўзбекистон бозорига кирган.

Амерсининг адвокатлари у "билиб туриб“ Гулнора Каримовага пора беришда маслаҳатчилик қилган, деган хулоса "сохта" эканини айтишмоқда. Уларга кўра, ўзбек телеком бозорига кириш борасида ундан икки йил аввал келишувга эришилган эди. Адвокатларнинг таъкидлашича, Амерси Telia Гулнора Каримовага пора беришини “ҳаёлига ҳам келтирмаган”.

Бироқ Guardian ва BBC Panorama ўтказган журналистик суриштирувда аниқланишича, Амерси Telia билан 6 йил давомида ҳамкорлик қилган ва мазкур ширкатнинг Марказий Осиё бозорига киришида муҳим рол ўйнаган.

Бу вақт давомида йирик халқаро телеком шартномаларида ўзининг воситачилик хизмати билан танилган Амерси 65 миллион долларга яқин пул ишлаганини айтган Guardian нашрига кўра, якшанба куни эълон қилинган "Пандора ҳужжатлари" (Pandora Papers)бу пулларнинг бир қисми Британияда қимматбаҳо кўчмас мулк сотиб олишга харжланганини кўрсатмоқда.

Guardian ва Би-би-си минглаб саҳифа ички электрон ёзишмалар, суд ҳужжатлари, тўлов қоғозлари, корпоратив файллар ва ички ҳисоботлар билан танишиб чиққан ҳамда Telia ширкатининг Марказий Осиёдаги бизнесида Амерсининг ролидан яхши хабардор манбалар билан суҳбатлашган.

Guardian нашрининг қайд этишича, 2017 йилда Оксфорд университетида чиқиш қилган Амерси "коррупцияга қарши курашдаги садоқати" учун олқишланган. Унинг ўзи коррупцияга қарши курашни "юрагига яқин мавзу" деб атаган.

Кенияда туғилган 61 ёшли Амерси 2019 йилда Британияда ўтган парламент сайловларида Консерваторлар партиясига 100 минг фунт-стерлинг (тақрибан 136 минг АҚШ доллари) хайрия қилган. Бунга қадар у етакчи "тори"лар саналган партия раҳбарлари - Борис Жонсон, Майкл Гоув ҳамда Жереми Хантларнинг сайловолди кампанияларини молиялашга ҳисса қўшган эди. Консерватив партиянинг "Етакчи донорлар гуруҳи" аъзоси сифатида Амерси ҳукумат вазирларига эксклюзив имконни қўлга киритгани айтилади.

Guardian маълумотича, телеком корчалони ҳозирда ўзи тузган янги гуруҳ ёрдамида консерваторларнинг Яқин Шарқ бўйича стратегиясига таъсир ўтказишга уринмоқда.

Амерсининг адвокатлари унинг барча хайрия маблағлари қонуний мижозларга кўрсатилган хизматлар ҳисобидан амалга оширилганини айтиб, уларнинг ноқонунийлиги борасидаги ҳар қандай тахмин "сохта" эканини урғулашмоқда.

Жорий йил февралида Швеция суди Гулнора Каримовага пора беришда айбланган Telia ( олдинги номи Teliasonera - таҳр.) мобил алоқа ширкатининг собиқ раҳбарларини оқлаш тўғрисидаги ҳукмни кучда қолдирган эди.

Ўзбекистон: Гулнора Каримова миллиард долларни қандай ўмарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:41 0:00

4 февраль куни Стокҳольм маҳкамаси Telia ширкатининг (Ўзбекистондаги Ucell бренди-таҳр.) собиқ раҳбари Ларс Нюберг ва унинг икки шеригига нисбатан чиқарилган оқлов қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Ширкатнинг уч собиқ раҳбари Ўзбекистон телекоммуникациялар бозорига кириш учун ўша вақтдаги президент Ислом Каримоавнинг қизи Гулнора Каримовага қарaшли оффшор ширкатларига тахминан 320 миллион доллар пора берганликда гумон қилинган

Бу гумон илк бор Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) ҳамда Швеция телевидениесининг (SVT) 2012 йилдаги журналистик суриштирувида янграган.

Улар Стокҳольм маҳкамасининг 2019 йил февралидаги ҳукми билан¸ гумон қилинган жиноятларда айбсиз деб топилган. Ҳакамлар бундай қарорга келишини собиқ раҳбарлар “техник жиҳатдан” Каримовага пора бермагани билан изоҳлаган.

Ҳукмга берилган изоҳга кўра¸ пора деб аталган юзлаб миллион доллар берилган йилларда швед қонунчилигига кўра¸ у ëки бу давлат расмийсига пул ëки бошқа нарса беришгина коррупция ҳисобланган ва айблов томони маҳкама давомида Гулнора Каримованинг давлат расмийси бўлганини шубҳа қолдирмайдиган даражада исбот қила олмаган.

Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 2020 йилнинг 18 март куни 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Каримова жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

XS
SM
MD
LG