Линклар

Шошилинч хабар
06 август 2020, Тошкент вақти: 03:43

Афғонистонда ёш аёл тошбўрон қилиб ўлдирилди


Тошбўрон қилиш акс этган видеодан олинган сурат.

Афғонистоннинг Мустақил инсон ҳуқуқи комиссияси (МИҲК) бир афғон аёли тошбўрон қилиб ўлдирилгани акс этган видео бўйича тергов бошлаганини маълум қилди.

Икки дақиқалик видеоклипда ерда қазилган чуқурга туширилган аёлни тошбўрон қилаётган бир гуруҳ эркаклар акс этган. Унда воқеага томошабин бўлиб турган кишиларнинг “Ур!” ва “Аллоҳ акбар!” деган қичқириқлари ҳамда аёлнинг бақиргани ва йиғиси эшитилади.

МИҲК вакили “Озодлик” радиосига ушбу видео айнан қачон ва қаерда тасвирга олингани ва аёл нима учун ўлдирилганини аниқлашга ҳаракат қилаётганини айтди.

“Толибон” ҳаракатининг иддао қилишича, 2015 йил октябридаги бу тошбўрон саҳнаси видеотасвирини “Озодлик” радиоси олдин ҳам олган, унда мамлакатнинг марказий қисмидаги Ғор вилоятида 19 яшар қиз зино қилишда гумонланиб ўлдирилган эди.

“Толибон” вакили қизни ҳукуматни қўлловчи халқ қўшини қўмондони тошбўрон қилганини айтди.

Бироқ маҳаллий ҳукумат вакиллари 2015 йилги қатлда “Толибон” ҳаракатини айблаган эди. Исми Рухшона экани айтилаётган жувон куёви билан никоҳдан олдин жинсий алоқа қилганликда айбланган. Фожиа Ғор вилояти маркази Фируз Кўҳ шаҳри чеккасидаги Ғалмин қишлоғида рўй берган.

Аммо афғон журналистлари ва фаоллари илк марта 30 январда ижтимоий тармоқларга юкланган янги видеода бошқа воқеа - Ғор вилоятининг Тайвара туманида яқинда рўй берган воқеа тасвирланганини айтмоқда.

Ғор Афғонистон марказидаги тоғли ва олис ҳудудда жойлашган бўлиб, мамлакатнинг энг қашшоқ ва беқарор жойларидан биридир. Вилоят ҳукуматининг ваколати деярли Фируз Кўҳ шаҳридан нарига ўтмайди.

Ушбу вилоятда “Толибон” ва собиқ ҳарбий қўмондонлар бошчилигидаги бошқа ўнлаб ноқонуний қуролли гуруҳлар ин қуриб олган. Вилоят Афғонистон орқали қурол-яроғ ва наркотиклар ташишда асосий маршрут ҳисобланади.

Янги видеокадрлар Афғонистондаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг қаҳр-ғазабини қўзғатди. Кўпчилик “Толибон”ни айламоқда.

“Толибон”нинг АҚШ билан Афғонистондаги 18 йиллик урушга барҳам беришни кўзлаган музокаралари боши берк кўчага кириб қолди. Тинчлик музокаралари айрим афғонларнинг норозилига сабаб бўлмоқда, чунки улар “Толибон”ни террорчилик ташкилоти деб билади.

“Бир гуруҳ толиблар гуноҳсиз аёлни тошбўрон қилаётган видеони Твиттерда кўриб, ўзимни йўқотиб қўйдим ва чуқур қайғуга ботдим, − деб ёзди Твиттерда 1 февраль куни президент Ашраф Ғанининг матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқий. – “Толибон”нинг ислом номидан қилаётган ваҳшийлиги ва ёвузлиги инсонийликқа қарши жиноятдир”.

Бунга жавобан, “Толибон” вакили Твиттерда зино учун тошбўрон қилиш “ислом қоидаси бўлиб, уни ҳеч бир мусулмон инкор қила олмайди”, деб ёзди. Яна у бу ишга толиблар аралашмаганини ҳам айтди.

Аммо инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари бу ”Толибон”нинг иши эканини бот-бот такрорламоқда.

Видеодаги аёл нима учун жазолангани маълум эмас, чунки Афғонистонда эрга тегмаган қизларга уйдан чиқишга рухсат берилмайди ва улар яқин қариндошларидан бошқа эркаклар билан мулоқот қилиши мумкин эмас.

Мавжуд ижтимоий меъёрларни бузган аёллар қаттиқ жазоланади.

Афғонистон қонунчилигида зинода айбланган кишиларни тошбўрон қилиш тақиқланади, лекин бундай жиноятни содир этган кишилар узоқ муддатга қамалади. 1976 йилда қабул қилинган Жиноят кодексида тошбўрон қилиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.

Афғонистон конституциясида “ҳеч бир қонун муқаддас ислом дини қонун-қоидаларига қарши бўлиши мумкин эмаслиги” қайд этилган ва асосий қонуннинг бу меъёри либерал ва демократик унсурларига зид бўлиб кўринади.

“Толибон” режими 1996-2001 йилларда ҳокимиятни эгаллаб турган пайт зино қилганлар омма кўз олдида ё отиб ташланар, ёки тошбўрон қилинар эди.

“Толибон” шариат қонунларига қаттиқ амал қилишни ёқлайди, уларда тошбўрон қилиш ёки қатл этиш меъёри мавжуд. Ҳаракат назорат қилаётган ҳудудларда никоҳдан ташқарида жинсий алоқа қилган кишилар ёки ўлимга ҳукм қилинади ёки жамоатчилик кўз ўнгида калтакланади.

Афғонистон ҳукумати вакиллари “Толибон”ни ана шундай жазо қўллашда айблаб келади.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG