Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:00

Амазонка ўрмонлари ярим аср ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин


1970 йилдан бери Амазонка ҳавзасининг 5 миллион квадрат километр ҳудуди йўқ қилинди
1970 йилдан бери Амазонка ҳавзасининг 5 миллион квадрат километр ҳудуди йўқ қилинди

Олимлар Амазонка Ёмғир ўрмонлари ортга қайтиб бўлмайдиган бурилиш нуқтаси арафасида эканлиги ҳақида огоҳлантирди. Уларнинг сўзларига кўра, зудлик билан кескин чора кўрилмаса, ярим аср ичида дунёнинг энг йирик экотизимларидан бири бўлмиш Амазонка қурғоқчил саваннага айланиши мумкин.

Бундан ташқари, яна бир йирик экотизим — Кариб маржон рифлари қайтиб бўлмас нуқтадан ўтса, 15 йилда йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Nature Communications журналида эълон қилинган илмий мақолада ёзилишича, ушбу экотизимларнинг ортга қайтиб бўлмас нуқтадан ўтиб кетиши оғир оқибатларга олиб келади.

Ҳар икки тизим тақдирига глобал исиш ҳамда атроф-муҳитга келтирилган зарар туфайли содир бўлаётган ўзгаришлар таҳдид солмоқда. Хусусан, Амазонкага ўрмон ёнғинлари ва аёвсиз дарахт кесиш, Кариб маржон рифларига эса атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳамда кислоталашиш даражасининг ошиб бораётгани зарар келтирмоқда.

БМТ ҳисобларига кўра, Ер сатҳида ўртача ҳарорат саноат даври бошланган пайтга қиёслаганда 1,5 даражадан кўпроқ кўтарилса, жаҳон бўйлаб саёз сувлардаги рифларнинг 90 фоизи йўқ бўлади. Ҳарорат 2 даражага кўтарилса, рифлар бутунлай йўқ бўлишини кутиш мумкин.

Бугунга қадар сайёранинг ўртача ҳарорати аллақачон 1 даражага кўтарилди.

Амазонка учун неча даража ўзгариш ортга қайтиб бўлмас нуқта эканлиги аниқ эмас. Шундай бўлса-да, олимлар ўрмоннинг 35 фоизи йўқотилса, Амазонкани сақлаб қолишнинг иложи бўлмаслигини айтмоқда.

1970 йилдан бери Амазонка ҳавзасининг 5 миллион квадрат километр ҳудуди йўқ қилинди. Мақола муаллифи Саймон Уилкок кейинги йилларда Амазонкада ҳамда Австралияда содир бўлаётган ёнғинлар кўплаб экотизимлар жар ёқасида турганидан дарак беришини айтди.

Мақолага алоқаси бўлмаган олимлар унинг методологиясини маъқуллаб, ундаги хулосалар ҳақида чуқур хавотир изҳор қилишди.

Ўтган ҳафтада чоп этилган бошқа бир илмий мақолада тропик ўрмонлар карбонат ангидрид газини қайта ишлаш қобилиятини йўқотиб бораётгани айтилди. Олимларнинг тадқиқотлари атмосферада CO2 – карбонат ангидрид миқдорининг ортиши иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётганини кўрсатиб келади.

Глобал ўрмонлар, айниқса, тропик ўрмонлар инсоният фаолияти туфайли атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидриднинг 25-30 фоизини кислородга айлантиради. Океанлар эса ушбу газнинг 20-25 фоизини ўзига ютади.

XS
SM
MD
LG