Линклар

Шошилинч хабар
03 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 09:48

Зеленский: "Россия осмонида хавфсиз жой қолмади" Россияга авиақатновлар нима бўлади?

Владимир Зеленский
Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский дронларнинг мунтазам ҳужумлари туфайли Россия осмони «бутунлай хавфли» бўлиб бораётганини билдирди. У ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеосида авиакомпанияларни бу хавфни инобатга олишга чақирди.

Зеленский Украина фуқаролик авиациясига таҳдид солмаслигини таъкидлади. Бироқ унинг айтишича, Россия осмонида дронлар бўлишини ҳисобга олиш керак. У Москва ва Санкт-Петербургга парвозларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини айтди. Зеленский Россия расмийлари йўловчилар учун таҳдиднинг ҳақиқий кўламини яшираётганини даъво қилди.

«Биз Украинада бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлишини истамаймиз. Шунинг учун ҳамкорларимизни огоҳлантирамиз: Россия осмонида хавфсиз жой қолмади», — деди Украина президенти.

Зеленский Киев ва Москвада фаолият юритаётган хорижий дипломатларни бу маълумотни ўз ҳукуматлари ва авиакомпанияларига етказишга чақирди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва тегишли идоралар эҳтимолий ҳалокатларнинг олдини олиш мақсадида Россия осмонидаги таҳдидлар ҳақидаги батафсил ҳисоботларни халқаро ташкилотларга тақдим этади.

Россия президенти Владимир Путин Зеленскийнинг баёнотини «терроризмга даъво» деб атади. ШҲТ саммити доирасидаги матбуот анжуманида саволларга жавоб берар экан, Путин: «Қандай жавоб беришни топамиз», — деди.

Украина Кремль бошлаган кенг кўламли босқинга жавобан Россиядаги инфратузилма объектларига, жумладан чегарадан минглаб километр узоқликда жойлашган нишонларга мунтазам равишда дронлар билан ҳужум қилмоқда.

2022 йил февралидан бери Россиянинг ракета ва дрон ҳужумлари тўхтамаётгани сабабли Украина осмони парвозлар учун ёпиқ қолмоқда.

Pegasus нега Москвага учишдан қайтди?

Туркиянинг Pegasus авиакомпанияси 2 сентябрга ўтар кечаси Москвага йўл олган бир нечта самолётини ортга қайтарди ва Туркия билан Россия ўртасидаги ўнлаб рейсларни бекор қилди. Истанбул, Анталия, Измир ва Даламандан Россия шаҳарларига ҳамда Россиядан Туркияга парвозлар бекор қилинди. Turkish Airlines ҳам бир нечта рейсни амалга оширмади.

Кейинроқ Pegasus рейслар «техник ва операцион сабаблар» туфайли бекор қилинганини расман маълум қилди. Компания 2 сентябрдан Россияга парвозлар жадвал асосида амалга оширилишини билдирди.

Бироқ бекор қилинган рейслардан бирининг йўловчиларига аввалроқ юборилган хабарда бунга парвоз йўналишидаги хавфсизлик билан боғлиқ мулоҳазалар сабаб бўлгани айтилган. Йўловчиларга сафар санасини ўзгартириш ёки чипта пулини қайтариб олиш таклиф қилинди.

Ўзбекистон Россия билан авиақатновлар сони бўйича етакчи

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил июлида Россия ва Ўзбекистон ўртасида барча шаҳарлардан амалга ошириладиган парвозларни қўшиб ҳисоблаганда, ҳафтасига 310 дан ортиқ мунтазам авиарейс бажарилган.

FlightConnections парвозлар базасининг 2026 йил август ойида янгиланган маълумотига кўра, Ўзбекистондаги 11 та аэропорт Россиянинг 25 та аэропорти билан тўғридан-тўғ боғланган. Икки мамлакат ўртасида 84 та тўғридан-тўғ йўналиш мавжуд бўлиб, уларда 11 та авиакомпания парвоз қилади. Бу рақамлар расмий статистика эмас, амалдаги парвозлар жадвали асосида тузилган маълумотдир.

Россия транспорт вазири Андрей Никитин маълумотига кўра, 2025 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасида самолётда 2 миллион йўловчи ташилган. Бу икки йўналишни қўшиб ҳисоблаганда, ҳафтасига ўртача 38,5 минг йўловчи деганидир. 2019 йилда бу кўрсаткич 1,24 миллион кишини ташкил этган — демак, олти йилда йўловчилар сони 60 фоиздан кўпроқ ошган.

Росавиация маълумотига кўра, 2026 йилги ёзги жадвалда Ўзбекистон Россия авиакомпаниялари учун йўналишлар сони бўйича асосий хорижий мамлакатга айланган. Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонга 67 та йўналиш бўйича парвозларни режалаштирган. Бу Хитойга белгиланган 57 та ва Туркияга белгиланган 55 та йўналишдан ҳам кўп. Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари орасида ҳам биринчи ўринда туради.

2 сентябрь ҳолатига Uzbekistan Airways Зеленскийнинг Россия осмони хавфли бўлиб бораётгани ҳақидаги огоҳлантириши ортидан Россияга рейсларни бекор қилиш тўғрисида хабар бермади. Авиакомпаниянинг расмий онлайн таблосида Москва ва Санкт-Петербургдан Тошкентга рейслар жадвал бўйича кўрсатилган эди.

Ҳозирча Ўзбекистоннинг бошқа авиакомпаниялари ҳам Зеленскийнинг баёноти билан боғлиқ ҳолда Россия рейсларини оммавий бекор қилгани ҳақида маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG