Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 17:35

Тиббиëтни ўқимай табибчилик қилишга рухсат берилди. “Ҳасан табиб”лар кўпаядими ё акси бўладими? (ВИДЕО)


Лицензиясиз табиблик билан шуғулланган Ҳасан Исмоилов Шаҳрихон туман маъмурий судининг 2018 йил 24 декабрь кунги қарори билан "ноқонуний фаолият билан шуғулланган"ликда айбдор деб топилди ва энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари миқдорида жаримага тортилди.

Шавкат Мирзиëев 22 май куни имзолаган қонун билан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

1996 йилги қонунга: “Тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар”¸ деган янги қисм қўшилди.

Озодлик суҳбатлашган олий маълумотли айрим врачлар “саводсиз “табиб”ларни 11 йил ўқиган врачга тенглаштириш бу – геноцид”¸ деса¸ бу ўзгаришни изоҳлаган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси¸ уни “халқ табобатини шарлатанлардан тозалаш учун ҳуқуқий асос”¸ дея изоҳлади.

Вазирлик изоҳи: Халқ табобати ҳуқуқий доирага олинди!

Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатадиган тиббий муассасага лицензия бериш ваколати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармасига берилган.

Мазкур бошқарманинг Озодлик гаплашган мутасаддиси тиббий маълумоти йўқларга аҳолига тиббий ëрдам кўрсатишга рухсат берилганини ҳозирга қадар ҳуқуқий доирадан четда қолиб келган муаммо ечими сифатида изоҳлади.

Ўзбекистондаги табобатчилар орасида бир неча авлоди гиëҳванд ўтлар билан даволаб келаëтган табиблар ҳам бор¸ алдоқчи¸ шарлатанлар ҳам. Ҳозиргача уларнинг фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган эди. Уларга ҳеч ким рухсат бермайди¸ солиқ топширмайди¸ лекин аҳолини "даволаб" ëтипти. Биз хоҳлаяпмизми¸ хоҳламаяпмизми¸ врачларимиз хафа бўлаяптими¸ бўлмаяптими¸ халқ уларга бораяпти. Кун тартибида жиддий муаммо бор эди. Халқ табобати усуллари билан шуғулланишни лицензиялаш билан бу соҳа ҳуқуқий майдонга киритилди”¸ деди Озодлик суҳбатлашган вазирлик мутасаддиси.

“Ҳукумат медицина даражасини кўтариш ўрнига жоҳилликни қўллаяптими?

Президент қарори билан миллий қонунчиликка киритилган ўзгартиш олий маълумотли врачлар ва замонавий медицина тарафдорлари томонидан танқидий руҳда қарши олинди.

Бошланарканда яна кунига учта майиз¸ 11 донадан хандон писта” билан даволаш”¸ деган постинг ижтимоий тармоқда тарқай бошлади.

(Бу – олдига келган беморларнинг ҳаммасига бир хил “кунига уч маҳал асал чой ичиш ва 11 донадан хандон писта чақишни” буюрган шаҳрихонлик Ҳасан табибга ишорат -таҳр.)

Озодлик гаплашган врачлардан бири “саводсиз “табиб”ларни 11 йил ўқиган врачга тенглаштиришни “геноцид”га қиëслади ва ҳукуматни замонавий медицинани ривожлантириш¸ тиббий хизмат сифатини кўтариш ўрнига илмсизликни тарғиб қилишда айблади.

Шифокорларни ҳимоя қиладиган янги қонун нимага қабул қилинмай тўхтаб қолди? Нимага Вазирлар Маҳкамаси регламентига асосан ушбу қонун лойиҳаси 7 кун ичида кўриб чиқилмаяпти? Қонунчиликда муаммо йўқ бўлса¸ нимага тиббиёт ходимлари ҳуқуқларининг поймол бўлиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда? Президент¸ ҳукумат медицина ходимларига ўз иши билан профессионал шуғулланиш имконини бериш¸ уларни ҳимоялаш¸ тиббий хизмат даражасини кўтариш ўрнига¸ чаласавод табибларни қўллаш билан овора. Халқни яна сийдик билан¸ ахлат билан “даволовчилар” қучоғига итармоқда”¸ дейди Озодлик гаплашган врачлардан бири.

Ижтимоий тармоқда бу ўзгаришга муносабат билдирган врачлардан яна бири тиббий маълумотсизларнинг тиббиëт билан шуғулланишига рухсат этиш аҳолига нотўғри мужда беришидан хавотир билдирди.

Номаълум касалликнинг қўрқуви одамларни илмий ва объектив методлардан узоқ бўлган усулларга етаклаб боради. Тиббиёт ўзининг ривожланиши натижасида одамлар бир пайтлар бутун бир халқни қириб юборган касалликларни бирламчи профилактика/вакцинация/ антибиотиклар билан даволашни ўрганишди. Жарроҳликнинг кам инвазив усуллари кўлланила бошланди. Мана бу табиб нусхалар эса ҳали-ҳануз касалларни ахлат билан даволашда давом этаяпти. Одамлар эса уларга мурожаат қилишда давом этишмоқда. Ҳозирги кунда бирорта сеҳр билан даволаш назарияси илмий тажрибаларда ўрганилмаган. Бирорта ҳужжат топа олмайсан. Лекин бир дунё шарлатанлар қўлга олинган”¸ деб ëзди ўзбекистонлик врачлардан яна бири.

Истаган одам табиб бўлавермайди!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси ўзбекистонлик врачларнинг бу хавотирларини аритишга уринди.

“Бу ўзгартириш истаган одам халқ табобати билан шуғулланади¸ дегани эмас. Қонунга қаралса¸ унда Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган махсус комиссиянинг хулосаси асосида¸ деган жойи бор”¸ деди вазирлик мутахасисиси.

Қонунчиликка киритилган ўзгартишни шарҳлай туриб суҳбатдош¸ ҳақиқий табибдан алдоқчи-шарлатанларни ажратиш-саралаш билан қонунда айтилган махсус комиссия шуғулланишини билдирди.

Комиссия таркибида халқ табобати услубида ишлайдиган шифокорлар бор¸ экологлар¸ биоток билан ишлайман¸ дейдиганларни текшириш учун инженерлар¸ шунингдек руҳшунослар бор. Ана шулар мурожаат қилган табибнинг тиббиëт ҳақида¸ инсон организми ҳақидаги умумий билимларини¸ ўз соҳасидаги тажрибасини атрофлича ўрганиб¸ хулоса беради. Ўзгаришни¸ хоҳлаган одам тиббиëтга кириб келади¸ деб тушуниш тўғри эмас”¸ дейди мутахассис.

Куф-суфчи ва Ҳасан табиблар нима бўлади?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси мутасаддиси ҳар хил диний ақидалар воситасида даволаш иддаосидагиларнинг халқ табобатига умуман алоқаси йўқлигини айтади.

Унга кўра¸ бу тасниф ҳуқуқий пойдеворга қўйилган.

Диний йўналишда даволайман¸ дейдиганлар учун битта буйруқни йил бошида Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказдик. 3111-сонли буйруқда диний йўналишда¸ оккультизм билан даволовчилар фаолияти халқ табобатига кирмайди¸ дейилган. Уларга вазирлик хулоса бермайди¸ лицензия ҳам берилмайди. Булар ўз-ўзидан рухсат бериладиган чегарадан чиққанлар бўлади”¸ деди мутасадди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG