Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2021, Тошкент вақти: 06:25

ЕТТБ: 1000дан ортиқ фермер ери Indorama Agro МЧЖга олиб берилишига оид жиддий шикоят йўқ


Президент Шавкат Мирзиëев 2020 йил 11 июнь куни Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки президенти Сума Чакрабарти билан онлайн суҳбат ўтказди

2021 йилнинг 27 январь куни бош офиси Лондонда жойлашган Европа Тикланиш ва Тараққиëт Банки директорлар кенгашининг Ўзбекистондаги энг йирик пахтачилик кластерига айланган Indorama Agro МЧЖга 70 миллион АҚШ долларига тенг иккита кредит ажратиш режаси бўйича қарор қабул қилиши белгиланган.

2019 йили кўриб чиқиш бошланган бу кредит лойиҳаси¸ банк расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ якуний текширувлардан ўтган¸ унинг ижросини бошлаш учун фақат кенгаш тасдиғидан ўтиш қолган.

У ëки бу лойиҳани молиялаштирар экан¸ Европа Тикланиш ва Тараққиëт Банки ўз миссиясида қайд этилишича¸ мазкур жараëн орқали очиқ ва барқарор бозор иқтисодиëтини ривожлантириш¸ демократик принципларни қўллаб-қувватлаш¸ экологик ва ижтимоий жиҳатдан соғлом тараққиëтга ҳисса қўшишни мақсад қилади.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мазкур банк Ўзбекистондаги ўз фаолиятини қайта жонлантирди ва ҳукумат ва хусусий сектор лойиҳаларига катта миқдорда кредит ажратишни жадаллаштирди.

Мирзиëевнинг 2019 йил 10 июнь куни Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация билан учрашувида¸ президент матбуот хизматига кўра¸ 1.5 миллиард долларлик кредит маблағлари истиқболи муҳокама қилинган.

Жорий йил июлида ЕТТБ президентлиги лавозимидан кетган асли ҳиндистонлик Чакраборти¸ сентябрь ойида Мирзиëевнинг иқтисодий тараққиëт ва халқаро ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.

2019 йилнинг 4 октябрь куни Indorama Group раҳбари Sri Prakash Lohia Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев билан учрашди.
2019 йилнинг 4 октябрь куни Indorama Group раҳбари Sri Prakash Lohia Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев билан учрашди.

Президент Шавкат Мирзиëев таклифи билан Ўзбекистонда иш бошлаган Indorama Agro МЧЖ эгаси Сингапурда рўйхатга олинган Indorama Corporation Pte. Ltd. (IRC) ҳисобланади. Гуруҳ нефть-химия маҳсулотлари ва турли хил ўғит етиштириш бўйича Осиëдаги энг йирик компания ҳисобланади ва унинг мулкдори¸ ETTBга кўра¸ асли ҳиндистонлик Лоҳиалар оиласидир. Бу оила эса¸ Лондонда яшайдиган ҳиндистонлик миллиардер Лакшми Миттал билан қариндош. Ҳиндистонда чиқадиган The economic times нашрига кўра¸ ЕТТБга раҳбарлик даврида Чакрабарти банкнинг Митталга алоқадор ширкатлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйган.

Ҳинд миллиардерларининг ҳиндистонлик менежерлар томонидан бошқариладиган Indorama Agro МЧЖга Тошкент ҳукуматининг 2018¸ 2019 йилги қатор қарорлари билан Сирдарё (Оқолтин, Сардоба) ва Қашқадарё (Касби, Нишон) вилоятларидан жами 54 минг гектар пахта майдони ажратиб берилди.

1000 дан ошиқ ўзбек фермеридан олиниб¸ ҳиндистонликларга берилган бунча катта ер майдонига Indorama Agro МЧЖ пахтачиликнинг халқаро майдондаги илғор тажрибасини олиб кириши¸ пахтачиликни механизациялаштириш ва қўл меҳнатини қисқартириш орқали мажбурий меҳнат муаммосини ҳал этишга ëрдам бериши айтилди.

Айни пайтда¸ 2020 йилнинг сўнгги кунлари Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик фермер ва пахтачилик экспертлари Indorama Agroнинг Сирдарë вилоятидаги фаолияти асосида¸ унинг бундай амалиëтдан йироқлигини даъво қилди.

ЕТТБ лойиҳаларини кузатиб келаëтган CEE Bankwatch Network ноҳукумат ташкилоти фаоллари ҳам¸ Indorama Agro фаолиятининг маҳаллий фермерлар фаолиятига салбий таъсири¸ атроф-муҳитга етказаëтган зарари билан боғлиқ хавотирлар боис¸ Европа банкини 70 миллион долларлик кредитни ажратишга шошмасликка даъват қилмоқда.

Ана шу хавотирлар муносабати билан туғилган айрим саволларни Озодлик ЕТТБнинг Марказий Осиë фаолияти учун масъул матбуот хизматига йўллади.

Қуйида ЕТТБ томонидан Озодлик саволларига берилган ёзма жавоблар матни тўлиқ тақдим этилмоқда.

Озодлик: Бу лойиҳа учун нега айнан Indorama Agro танлаб олинди? Танлов қандай амалга оширилди?

ЕТТБ: Indorama Corporation Сингапурда жойлашган кўп тармоқли халқаро конгломерат бўлиб, у 2011 йилдан буён Ўзбекистондаги энг йирик хорижий сармоядорлардан бири ҳисобланади. Унинг Қўқонда пахта толаси асосий хом ашё бўлган йирик ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда. Ўз эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда Indorama бизнесини вертикал равишда кенгайтириш ва калава-ип ишлаб чиқариш учун зарур пахтани ўзи етиштиришга қарор қилди. Шу мақсадда Indorama 2019 йилдан бери фаолият юритиб келаётган "Indorama Agro" МЧЖ ХК ни ташкил этди. ЕТТБ га кўра¸ бу лойиҳа орқали Indorama ўз хўжаликларида йиғим-терим ишларини тўлиқ механизациялашни режаламоқда. Бу ҳосилни йиғиш давридаги меҳнат билан боғлиқ муаммоларни бартараф этади. ЕТТБ давлат назоратида бўлиб келаëтган ушбу соҳада хусусий секторнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватламоқда. Ушбу ёндашув Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. ЕТТБ 2019 йилдан буён лойиҳа бўйича жиддий экспертиза (de diligence назарда тутимоқда -таҳр.) ўтказиб келмоқда. Бу эса¸ лойиҳанинг молиявий тузилишини синовдан ўтказиш, шунингдек унинг атроф-муҳит ва ижтимоий таъсирларни баҳолашни ўз ичига олади.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати ЕТТБ томонидан Indorama Agro учун 70 миллион долларлик кредит ажратиш лойиҳасига лоббичилик қиляптими?

ЕТТБ: Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу лойиҳага лоббичилик қилишга қаратилган конкрет аралашув бўлгани йўқ. Ўзбекистонда тўқимачилик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган исталган хусусий компания иш бошлаш учун ариза бериш ва ўз фаолиятини қўллаш мақсадида пахта етиштиришни бошлаш ҳуқуқига эга. Кейинги икки йил ичида Ўзбекистонда 100 га яқин турли хусусий кластерлар ташкил топди.

Озодлик: Ўтказилган экспертиза давомида Indorama Agro компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти¸ хусусан¸ 70 миллион долларлик кредит лойиҳаси билан боғлиқ эҳтимолий коррупцион амалиëтлар ҳам кўриб чиқилдими?

ЕТТБ: Биз ўтказган экспертиза (due diligence) давомида бундай рисклар мавжудлиги аниқланмади. Кўриб чиқилаëтган ҳар қандай лойиҳа каби¸ ЕТТБ ўтказган текширув процедураларидан сўнг корпоратив бошқарув стандартларини қайта кўриб чиқиш ва эҳтимолий репутацион таҳдидларни ўз ичига олган қўшимча баҳолаш ҳам ўтказилди. Бу тўлиғича тижорий қарорларга асосланган хусусий лойиҳадир. Компания (Indorama Agro) ҳукуматнинг бирор таянч ëки субсидиясига қарам эмаслиги боис¸ коррупцион амалиëтлар таҳдиди ўта минимал даражададир.

Озодлик: 70 миллион долларлик кредит ажратишга оид ЕТТБ лойиҳаси хулосасида Ўзбекистонда ерни қўлга киритиш жараëнида жами 1068 та фермер хўжалиги Indorama Agro билан кўнгилли равишда ер-ижара шартномаси имзолагани айтилади. Аммо Озодликка бўлган мурожаатларда кўпчилик кичик фермер хўжаликларининг маҳаллий ҳокимиятлар босими остида Тошкент ҳукумати қўлловига эга қудратли хориж компаниясига ўз ерини беришга мажбурлангани таъкидланмоқда. Бу фермерларга ерини Indorama Agroга топширгани учун на тегишли компенсация¸ на бошқа ер майдони ажратилган. Уларга муқобил тариқасида берилган қурт боқиш билан шуғулланиш таклифи, фермерларга кўра¸ иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди. ЕТТБ 70 миллион долларлик кредит ажратар экан¸ унинг ортидан зиëн кўрадиган ўзбек деҳқонларининг адолатли компенсация олишини таъминловчи қандай механизмга эга?

ЕТТБ: Indorama Agroнинг Ўзбекистонда ер олиш жараëни атрофлича ўрганилди ва ер-ижара шартномаларининг босим остида бекор қилинганини кўрсатувчи бирор далил топилмади. ЕТТБ лойиҳаси ва унинг ижтимоий таъсирини баҳолаш жараëни маҳаллий фермерлар ери Indorama Agroга олиб берилганидан кейин бошланди. Лойиҳанинг атроф-муҳит ва ижтимоий таъсирини баҳоловчи ҳисобот (ESIA) баробарида¸ ЕТТБ лойиҳанинг ери олинган хўжаликларга таъсири ва улар фаолиятини тиклашни режалаштиришни ҳам атрофлича тадқиқ қилинишини сўради. Indorama бу жараëнда зарур деб топилган қўшимча чораларни амалга ошириш учун маблағ ажратади ва унинг бажарилишини ташқаридан ëлланган экспертлар мониторинг қилади. Indorama Agroнинг ер олиш жараëни таъсир қилган жамоалар¸ хусусан фермер хўжаликлари ва улар ишчилари билан тадқиқот давомида ва ундан сўнг ўтказилган суҳбатларда ерни қайта тақсимлаш жараëни билан боғлиқ жиддий шикоятлар аниқланмади. Фермерларнинг ҳаммасига Indorama Agro расман иш таклиф қилган. ЕТТБга маълум бўлишича¸ ҳукумат ери олинган фермерларга бошқа жойдан ер¸ Indorama эса¸ бу жараëн дахл қилган ижарачиларнинг ҳаммасига иш таклиф қилган. Уларнинг қарийб ярми бу таклифни қабул қилган.

Озодлик: Лойиҳага оид ЕТТБ хулосасида унинг ижтимоий¸ қолаверса, атроф-муҳитга таъсири атрофлича ўрганилгани айтилади. Аммо айрим ноҳукумат ташкилотлари¸ хусусан¸ CEE Bankwatch Network бу тадқиқот ниҳоясида чиқарилган хулосалар¸ хусусан¸ Indorama Agro томонидан ишлатилаëтган пестицидлар таҳликаси ҳақидаги хулосани “чала ва етарли эмас” деб баҳолади. Мазкур гуруҳ баëнотида¸ Indorama Agroнинг саратон қўзғатувчи¸ инсон эндокрин тизимини ишдан чиқарувчи ва генотоксик хусусиятларга эга пестицидлардан оммавий равишда фойдаланиши мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли саломатлигига жиддий таҳлика солиши¸ чорва моллари¸ сув ва ерга салбий таъсир кўрсатиши айтилган. Лойиҳадан туғилаëтган бу каби жиддий хавотирларни тарқатиш учун ЕТТБ нима қилмоқчи?

ЕТТБ: Биринчидан¸ бу лойиҳа аввалдан пахтачилик қилиб келинган ва шу боис қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган химикатлар¸ сув ва ерни ëмон бошқаришдан таъсир кўрган ерларда амалга оширилмоқда. 2019 йили бевосита ушбу ҳудудда амалга оширилган текширувлар хулосасига кўра¸ ЕТТБ пул ажратиши кутилаëтган лойиҳанинг аллақачон ифлосланган атроф-муҳитга таъсири нисбатан ижобий бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари¸ Indorama ишлатаëтган химикатлардан бирортаси тақиқланмаган ва ЕИ томонидан фойдаланишга рухсат этилган (буни Bankwatch ҳам тан олган). Лойиҳадан кўзланаëтган мақсадлар доирасида Indoramaнинг бу йўналишда мавжуд энг яхши тажрибаларни қўллаш орқали ер ва сувнинг ифлосланишини камайтириши белгиланган ва вазиятни баҳолаш давом этади. Бунга қўшимча равишда Indorama зараркунандаларга қарши курашни комплекс бошқариш (IPM) сиëсатини ишлаб чиқди ва уни ўзига қарашли хўжаликларда амалга оширмоқда. Лойиҳанинг атроф-муҳит ва ижтимоий ҳаëтга таъсирини ўрганиш давомида Indorama ишлатадиган химикатларнинг у ерда яшовчи жамоаларга таъсири минимал даражада¸ деб топилди. Бу муаммоларнинг барчаси лойиҳанинг тўлдириб борилаëтган Экологик ва Ижтимоий менежмент режасида эътироф этилган ва уни ҳал қилиш усуллари кўзда тутилган.

Озодлик: Озодлик манбалари иддаосича¸ Ўзбекистон ҳукумати ичида қудратли ҳомийга эга бўлган Indorama Agro мамлакат агробизнесида монополия мақомини қўлга кирита бошлаган. ЕТТБ ўтказган лойиҳаолди экспертизасида бу хавотирлар ҳам ўрганилдими? Ўрганилган бўлса¸ қандай хулосага келинди?

ЕТТБ: Бу секторда монополистик тенденциялар борлигига оид хавотирлар мавжуд эмас. Биринчидан¸ Indorama Agro ўзи етиштирган пахтадан ўз эҳтиëжи¸ яъни Қўқондаги корхонасида калава ип ишлаб чиқариш учун фойдаланади. Indorama айнан ўз таъминот занжирини яратиш мақсадида пахтачиликни йўлга қўйган. Indorama Agro ҳозирда 54 минг гектар ерда пахтачилик қилади ва бу Ўзбекистонда пахтачиликка ажратилган жами ер ҳудудининг 10 фоиздан ҳам камроғини ташкил этади. Мамлакат ҳукумати хусусий компанияларнинг пахтачиликдаги иштирокини қўллаб -қувватламоқда ва ЕТТБ лойиҳаси айнан шу сектордаги давлат устунлигини камайтиришга ҳисса қўшади.

XS
SM
MD
LG