Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:50

“Саҳна фариштаси” дея улуғланган Яйра Абдуллаева оламдан ўтди (АУДИО)


Яйра Абдуллаева
Яйра Абдуллаева

Ўзбекистон Халқ артисти Яйра Абдуллаева 14 май куни Тошкентдаги касалхонада 89 ëшида оламдан ўтди.

1930 йил 14 августда Тошкент шаҳрида туғилган санъаткор кўзи тирик пайтида Озодлик билан қилган суҳбатларида “юздан ортиқ турли-туман роль ижро этиб, халқ меҳрига сазовор бўлганидан мамнуниятини” изҳор қилган эди.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”сида Ҳафиза, “Оғриқ тишлар”да Хуморахон, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”сида Гулбаҳор, Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” спектаклида Гавҳаршодбегим, Иззат Султоннинг “Номаълум киши”сида Турғуной, Ойбекнинг “Қутлуғ қон”ида Гулнор каби ранг-баранг образлар яратган санъаткор кинода ҳам фаол ижод қилди.

“Шаббона” фильмида ижро қилган лўли кампир образи билан Яйра Абдуллаева томошабинларниннг янги авлоди меҳрини қозонди.

Вильям Шекспирнинг “Қирол Лир” трагедиясидаги Регина образи учун Республика Давлат мукофотага сазовор бўлган актриса билан бундан 10 йил олдин Озодликка суҳбат берган эди.

Яйра Абдуллаева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:52 0:00
Бевосита линк

Саҳна фариштаси

Яйра Абдуллаевага 2006 йилда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Саҳна фариштаси” деган мукофотни берди. "Мен токи танамда жоним бор экан¸ саҳнада тик тураман"¸ дея сўз бошлаган эди 2009 йили суҳбатдош.

- Ҳозир театрда битта спектаклим бор. Унинг номи “Дарахтлар тик туриб жон беради”. Мана шу нарса ҳозир бизнинг театримизда кетаяпти. Мен шунда иштирок этаяпман¸ деган эди Озодлик билан суҳбатларидан бирида санъаткор.

Ҳаëт мазмунини белгилаган исм

Озодлик билан суҳбатда Яйра Абдуллаева¸ Ўзбекистонда урфда бўлмаган ўз исмининг қандай қўйилганини ҳам ҳикоя қилган эди.

- Менгача бўлмаган бўлиши ҳам мумкин. Бу исмим менга жуда ғалати қўйилган. 1930 йилларда Музаффар Муҳаммедов деган жуда катта режиссëр ўтган. Ҳамма уни Музаффар ота дерди.

У киши онамга “Лиза ўғил туғилса ҳам¸ қиз туғилса ҳам исмини ўзим қўяман”, деган экан. Мен туғилганимда мени қучоғига олиб¸ “Мана шу қиз Яйра бўлсин. Саҳнада яйраб гулласин”, деган экан. Қаранг, Худонинг қудрати билан худди дам солгандай бўлиб қолди-да.

Мендан кейин Яйралар жуда кўпайиб қолди. Ҳаттоки Яйра Абдуллаева деган ëшгина журналист қиз ҳам бор. Театрга келиб “Яйра опа¸ мен сиз билан суҳбат ўтказмоқчиман”, деди. Келинг¸ дедим. Келди. "Ўзингизни таништиринг"¸ десам¸ "Яйра Абдуллаева" деса бўладими. Мана шунақалар ҳам учрайди болам¸ деган эди таниқли актриса.

Бирваракайига икки мактаб талабаси

Озодлик билан суҳбатда Яйра Абдуллаева ўзининг театр актрисасига айланиш тарихини ҳам айтиб берган эди.

- Энди буни жуда узоқдан бошлаш керак. Мен ўзим санъаткор оиласида¸ 1930 йил 14 августда туғилганман. Менинг холаларим Тамарахоним¸ Гавҳар Раҳимова¸ менинг онам – булар бешта опа-сингил бўлиб улардан учтаси санъаткор бўлган. Мен шу оилада туғилганман.

Тамарахонимнинг ҳамма концертларида қатнашиб¸ ҳамма репетицияларида болаликдан қатнашиб жуда кўзим пишиб кетган. Мен санъаткор бўламанми ëки йўқми буни ҳеч ўйламаган эдим. Драма актрисаси бўламан¸ деб ҳеч ўйламаган эдим.

Кичкиналигимда кўпинча рақсга иштиëқим бор эди. Менинг онам ҳам раққоса¸ ҳам балетмейстер эди. Қорақалпоқ халқига жуда кўп хизмат қилганлар. Қорақалпоқлардан “Лиза Петросова ким?” деб сўрасангиз ҳаммаси билади. Онамга "балетминистр" деб ном қўйишган.

Хуллас шунақа қилиб мен раққоса бўламан, деб ўйлаган эдим. 1945 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида Театральный институт очилди. Мана шу институтга мен 15 ëшимда кирганман.

Ҳам институтни битирганман¸ ҳам ўрта мактабни битиришим шарт эди¸ чунки ўшанда аттестат бўлмаса¸ диплом берилмас эди. Шунинг учун мен кечки ўрта мактабда ўқиганман. 1949 йилда ҳам мактабни¸ ҳам институтни битирганман.

Қўлимга мактабни битирганим учун аттестат¸ институтни битирганим учун диплом олганман. 1950 йилда мени Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)га ишга олишди. Шу пайтгача мана шу театрда ишлаб келаяпман¸ деган эди Озодлик билан 2009 йилги суҳбатда Яйра Абдуллаева.

XS
SM
MD
LG