Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2021, Тошкент вақти: 07:30

Януковичнинг ўғли Санкт-Петербургда “Буғу ибодатгоҳи” номли тунги клуб очгани айтилмоқда


Санкт-Петербургда “Буғу ибодатгоҳи” деб номланган тунги клуб очилди: у собиқ “Арсенал” заводи ҳудудида, шундоққина Нева соҳилида, Финляндия вокзали ва Смольний бинолари билан ёнма-ён жойлашган. Бир пайтлар бу ерда ракета двигателлари ва денгиз артиллерия қуроллари ясаларди, 2014 йили, Украина инқилобидан кейин бинони Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг ўғли Александрга алоқадор ширкат сотиб олди.

Собиқ цехлар эндиликда – замонавий тунги клуб: ажнабий ва россиялик дижейлар бу ерда “муросасиз техно” услубидаги мусиқаларни қўяди. Аммо шинавандалар ҳозирча кўп эмас – ё коронавирус туфайли ёки бу жой ҳали янгилиги учун.

Клуб дарбонлари қадам ранжида қилган журналистларни хушламай кутиб олишади: эшик тагидаёқ уларнинг мобил телефонлари камераси елимланади. Шунга қарамай, одамлар барибир суратга оляпти.

Келгусида завод ҳудудини бутунлай қайта қуриб, концерт саройи, фотостудия, шунингдек, икки ёқасида қатор ресторану барлар ва бошқа кўнгилхушлик масканлари жойлашадиган бутун бошли кўча солиш режаланган.

Янги тунги клубни ким очгани ҳақида маълумот йўқ ҳисоби. ОАВда ҳолландиялик сирли сармоячилар ҳақида гаплар юрибди, аммо “Деловой Петербург” газетаси суриштирувчилари ушбу тахминни рад этди.

Улардаги маълумотга кўра, клубга алоқадор бўлмиш “Арсенал Инвест”, “Арсенал Истейт” ҳамда “Арсенал Недвижимость” ширкатлари ягона марказдан бошқарилади (икки ширкатнинг муассиси битта, уларнинг офислари эса деярли қўшни биноларда жойлашган). Украина собиқ президентининг ўғли Александр Янукович эса бу ширкатларнинг учаласи билан ҳам боғлиқ. Хусусан, у “Арсенал Истейт”нинг бенефициари саналади.

“Буғу ибодатгоҳи” мутасаддилари “Настояшчее время” мухбири саволига жавобан, ижарага берувчи ширкатнинг Александр Януковичга боғлиқ ёки йўқлигидан бехабар эканликларини билдириб, унинг номини айтишдан бош тортган. Уларнинг айтишича, бу ижара шартномасининг махфийлик ҳақидаги бандига хилоф эмиш.

Александр Янукович Украинада яшаган пайтларидаёқ бизнес билан шуғулланарди. Отаси президент лавозимига ўтирганидан кейин эса у катта тадбиркорга айланди.

“2010 йилдан 2014 йилгача Александр Янукович чинакам олигарх бўлиб етишди. Бошқа олигархлар – Ринат Ахметов, Дмитрий Фирташ, Виктор Пинчук, Коломойский уни тўғридан-тўғри рақобатчи деб билишарди”, дейди тадқиқотчи журналист Александр Черновалов.

2010 йилдан эътиборан Александр Янукович металлургия, энергетика, оғир саноат ва кўмир саноатлари билан қизиқа бошлаган. Унинг бизнес салтанатида “Бутунукраина тараққиёт банки” алоҳида ўрин тутади.

“2010 йилдан сўнг, яъни Виктор Янукович президент бўлгач ушбу банк Украинадаги энг йирик банклардан бирига айланди”, урғулайди Черновалов.

Инқилобдан сўнг Украинанинг собиқ президенти Россияга қочди, унинг ортидан ўғли ҳам. Ўшанда Александр ва отасига қарши Европа Иттифоқи персонал санкцияларни жорий қилганди.

“Персонал санкциялар активларни, ҳисобварақларни, мол-мулкларни “музлатиш”ни, Европа Иттифоқи мамлакатлари бўйлаб ҳаракатланиш ва уларнинг молиявий воситаларидан фойдаланишни тақиқлашни назарда тутади”, дейди “Трансперенси Интернешнл – Россия” директори Илья Шуманов.

Унинг таъкидлашича, жиддий сармоя бўлмаса, кичик Янукович Петербургда бунақа йирик лойиҳани амалга ошира олмаган бўларди. Агар Украина собиқ президентининг ўғли “Буғу ибодатгоҳи”га шахсий маблағини тиккан бўлса, Россия ҳукумати, мантиқан қаралса, лоақал бу пуллар қаердан келганини бир сўраб кўриши керак. Бироқ бунақа текширув ҳам, Александр Януковичнинг Украинага экстрадиция қилиниши каби хомхаёл эканига Шумановнинг ишончи комил.

“У таъқиб қилиниши учун икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик бўлиши ва тергов органлари қандайдир сўровлар доирасида бирга ҳаракат қилиши талаб қилинади. Аммо ҳозирги вазиятда, Россия ва Украина одил судлов идораларининг бу тарздаги алоқалари сиёсий сабабларга кўра имконсиздир”, дейди Шуманов.

“Forbes” журнали Россия шуъбаси журналистлари 2014 йилнинг қишида Александр Януковичнинг мол-давлатини 510 миллион АҚШ долларига баҳолаган эди. Уларга кўра, Александрнинг номидаги мол-мулклар катта эҳтимол билан, аслида отасиники бўлган.

Кичик Янукович Украинага қайт(арил)ган тақдирда, “ўзгалар мулкини эгаллаб олгани ва жуда кўп миқдордаги маблағларни талон-торож қилгани” учун мол-мулки мусодара қилиниб, ўзи 12 йилга панжара ортига жўнатилиши мумкин. Ва бу ҳали фақат битта модда бўйича. Ҳолбуки, унга қарши жами тўртта жиноят иши очилган.

XS
SM
MD
LG