Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:55

Президент кутубхонаси - Янги Ўзбекистондаги энг кераксиз лойиҳа


Янги кутубхона лойиҳаси 22 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинди
Янги кутубхона лойиҳаси 22 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинди

22 ноябрь куни Тошкентдаги Миллий боғ яқинида Президент кутубхонаси қурилиши режаси эълон қилинди. Янги миллий кутубхона (илк хабарларда миллий кутубхона деб аталганди- таҳр.) 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.

Лойиҳага ажратилаётган умумий ер майдони 4 гектарга яқин ҳудудни ташкил этиши айтилмоқда.

Миллий боғдаги реконструкция ва қурилиш ишлари пойтахт жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлиб келади. Фаоллар қурилишлар асносида пойтахт экотизими издан чиқаётганидан хавотирда. Қуйида тармоқ фойдаланувчиларидан бирининг фикрлари:

Янги миллий кутубхона қурилиши (янги Миллий театр қурилиши ҳам) янги Ўзбекистондаги энг кераксиз лойиҳа. Кечагина қурилгани Навоий кўчасида савлат тўкиб турибди. Ёнидаги Cимпозиумлар саройига эса қурилганидан бери тадбир тополмай ҳалакмиз.

Ҳар йили у вазирлик бу вазирликка, бу қўмита у қўмитага Симпозиумлар саройида тадбирлар режаси учун хат ёзади. Симпозиумлар саройи Форумлар саройи ва бошқа кўплаб шифтига Сваровски қандиллари осилган муҳташам, лекин нофункционал саройлар каби иқтисодий жиҳатдан зарарли лойиҳа. Топган пули эксплутацион харажатларни (электр, сув, тозалик, ишчи кучи) қопламайди.

Агар давлат миллий кутубхонанинг эски Ўзбекистон давридаги кўч- кўчлари учун уялаётган ва адолатни тикламоқчи бўлса, унинг Мустақиллик майдонидаги биносини қайтиб бериши мумкин. Совет даврида кутубхона учун қурилган бу бино аввал Сенатга берилди, энди эса президент ихтиёрида.

Янги кутубхона қурилиши инновация ҳам, келажак учун инвестиция ҳам эмас. Навбатдаги престиж лойиҳаси. Замон эса тубдан ўзгарди. Одамлар кутубхонани компьютерида, таблетида ёхуд смартфонида бўлишини истайди. Масофадан туриб кутубхона ичида бўлгиси келади. Агар ҳукумат Миллий кутубхона фондини тўлиқ рақамлаштирса ва уни Яйпандаги, Хонқадаги ва ё Бойсундаги ўқувчи учун ҳам "доступний" қилиб қўйса бу янгилик, бу инновэйшн.

Китобларни рақамли форматга ўтказиш учун эса миллиардларни сарфлаб янги бино қуриш шарт эмас. Китобни сканер қиладиган аппаратдан ўнта олиб ташландиқ ертўлада ҳам қилсангиз бўлади бу ишни. Асосийси узлуксиз электр бўлса бас:))

"Энди Германия йўлидан бориб ривожланамиз" дейилди энг катта минбардан туриб. Германия йўли шакл эмас, балки моҳият устиворлиги, муҳташамлик эмас, балки функционаллик диктатураси, бир марталик тўй эмас, узун барқарор умр фалсафаси...

Биз кўп эслайдиган Германия иқтисодий мўъжизаси ташқаридан бировнинг назарига кирмайдиган пастқамгина кўримсиз бинода ишлаб чиқилган ва қабул қилинган юзлаб қонунлар асосида юз берди. Демоқчи бўлганим, бинолар доим ҳам мамлакат тараққиётини белгилаб беравермайди. Боридан фойдаланиб маблағларни халқнинг бирини икки қиладиган, мамлакат иқтисодиётининг рақобатдошлик даражасини кўтарадиган ишларга сарфлаган маъқулроқ...

Хуршид Ҳабиб

Сиёсатшунос, Германия

OzodTarmoq рукнида чоп этилган мақолалар таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

XS
SM
MD
LG