Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2021, Тошкент вақти: 06:59

Ўзбекистон хабарлари

Хусусий секторга ҳайдовчилик гувоҳномалари учун имтиҳон ўтказиш ҳуқуқи берилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда жорий йил 1 июнидан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорларга барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Бу ҳақда ҳукуматнинг 4 майда қабул қилинган “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар авваллари Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилиб келинганига эътибор қаратган.

Қайд этилишича, мазкур тартиб троллейбус ва трамвай транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун татбиқ этилмайди.

Кун янгиликлари

Ўзбекистонда БААнинг давлат бошқарувидаги тажрибасини жорий этиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатларини янада кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашувда муқобил энергетикани ривожлантириш ва энергетика объектларини модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция компанияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар ҳамда қатор муҳим ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилган.

Учрашув якунида БААнинг давлат бошқаруви соҳасидаги, узоқ муддатли янгиланишлар дастурини шакллантириш ва инновацион тараққиёт йўлига ўтиш борасидаги илғор тажрибасини кенг жорий қилишга қаратилган қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилган.

Жиззахда Суриядаги террорчиларга қўшилмоқчи бўлганлар қўлга олингани иддао қилинди

Иллюстратив сурат.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида Сурия Араб Республикасида террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” таркибига қўшилишни режалаштираётган гуруҳ қўлга олингани ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси 15 июнда маълум қилди.

Расман билдирилишича, гуруҳ 12 июнь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида “ашёвий далиллар билан қўлга олинди”. Аммо хабарда гуруҳ неча кишидан иборат экани, ашёвий далиллар нималардан иборат экани ҳеч нарса айтилмаган.

“Мазкур фуқаролар хорижда бўлиши давомида Интернет тармоғи орқали террорчилик тузилмалари ёлловчиларининг таъсирига тушиб, яшаш манзилларига қайтиб келгандан сўнг ушбу террорчилик ташкилотининг бузғунчи ғояларини аҳоли орасида фаол тарғиб қилиб келганлиги аниқланган”,-дейилади хабарда.

Ўтган йили Тошкентда камида 21 киши “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га, Тошкент вилоятида 25 киши “Жиҳодчилар” гуруҳига, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ҳам бир неча киши “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани хабар қилинганди.

Фарғонада туғилган тўрт эгизакка ота-онаси Шавкат, Мирзиё ва Миромон исмларини қўймади

Иллюстратив сурат.

Фарғона шаҳрининг “Хўжамағиз” маҳалласида яшовчи Ғанижон Одилов ва Мунаввархон Одилова оиласида тўрт эгизак— уч ўғил ва бир қиз туғилди.

“Дарё” нашрининг ўз мухбирига таяниб хабар беришича, чақалоқларга Тўлқинбой, Абдукарим, Абдуҳаким ва Зилола деб исм қўйилган. Одиловлар оиласининг бундан ташқари 2016 ва 2018 йилда туғилган яна икки қиз фарзанди бор.

"Шифокорларнинг таъкидлашича, чақалоқлар соғлом, улар зудлик билан жонлантириш бўлимига ўтказилган ва керакли муолажалар қилинган”,-дейилади хабарда.

Ўзбекистонда бундан аввал уч ва тўрт эгизларга Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач Шавкат, Миромон, Мирзиё деб исм қўйиш урфга айланган эди.

Шу пайтгача бир неча шундай оилага автомашина совға қилинган. Бу ҳолат маҳаллий матбуотда танқид қилинди ҳам.

Масалан, “Даракчи”нинг 2019 йил 16 май сонида эълон қилинган мақола муаллифи бу ҳолатни “ошкора тамагирлик” деб атаган.

Ўзбекистон электр энергиясини сотишни хусусий ширкатларга топширмоқчи

Иллюстратив сурат.

Энергетика вазирлиги 2021-2025 йилларга мўлжалланган уч босқичдан иборат улгуржи рақобатбардош электр энергияси бозорига ўтиш кетма-кетлигини ишлаб чиқди.

Расман билдирилишича, биринчи босқичда электр энергияси корхоналарини эркинлаштириш ва электр энергиясини сотиш истагида бўлган хусусий корхоналар томонидан лицензия олиш кўзда тутилган.

Энергетика вазирлиги бундай йўл билан маҳсулот сифатини яхшилаш ва нархларнинг пасайишига эришилишини иддао қилмоқда.

Иккинчи босқичида электр энергиясини тақсимлаш тизимининг оператори яратилади ва истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш функциялари таъминотчиларга босқичма-босқич ўтказилади.

“Таъкидлаш жоизки, ушбу босқичда истеъмолчилар электр энергиясини онлайн савдо платформаси ёки исталган таъминотчи орқали сотиб олишлари мумкин бўлади. Таъминотчилар ўртасида рақобат муҳити шаклланиши орқали электр энергиясининг таъминоти сифати ошишига эришилади”,-дейилади хабарда.

Учинчи босқичда “Кун ичи (соатбай) савдолар” йўлга қўйилади. Онлайн савдо платформасидаги эркин шартномалар ҳажмларига кўра, электр энергиясини режа асосида соатбай ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ортиқча ёки етишмаётган ҳажмларини сотиш ва сотиб олиш операциялари амалга оширилади.

“Энергетика соҳасидаги давлат муносабатларининг кескин камайиши билан бозор муносабатларига ўтиш электр энергетикасини бошқариш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Натижада мамлакатнинг энергетика хавфсизлиги, республика энергетика таъминотининг ишончлилиги ва барқарорлиги таъминланади. Асосийси, аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш”,-дейилади Энергетика вазирлиги расмий билдирувида.

Президент Ўзбекистон фуқаролигини олишни енгиллаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади

Эндиликда Ўзбекистонда туғилган, аммо фуқаролиги бўлмаганларга фуқаролик олиш учун мамлакатда узлуксиз 5 йил яшаш талаб этилмайди. Адлия вазирлигининг билдиришича, президент 14 июнь куни мазкур меъёр қайд этилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунга асосан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Шунингдек, ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Қонунга кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш учун фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида туғилган ва яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олиш мақсадида илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар 5 йил давомида (фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан) узлуксиз яшаш шарти бекор қилиниши белгиланди.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 104 мингдан ошди

Янги касалланиш ҳолатларининг 149 нафари Тошкент шаҳрида.

Ўзбекистонда 14 июнь куни коронавирусга чалинган беморлардан яна бири вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирусдан ўлганлар сони расман 709 кишига етди.

Ўтган бир сутка мобайнида Ўзбекистонда яна 300 кишида коронавирус аниқланди. Янги касалланиш ҳолатларининг 149 нафари Тошкент шаҳрида, 50 нафари Сурхондарё вилоятида, 24 нафари Қашқадарё вилоятида аниқланган.

Бир неча ойдан бери коронавирусга янги чалинганлар кунлик сони бўйича Тошкент шаҳридан кейин бораётган Тошкент вилояти ва Самарқанд вилоятида янги ҳолатлар кескин камайганини кузатиш мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 14 июнь куни Тошкент вилоятида 7 кишида, Самарқанд вилоятида 5 кишида коронавирус анқиланди.

Шу кунгача коронавирусга чалинганлар сони жами 104113 кишини ташкил қилди.

Касалликдан соғайганлар жами 99986 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. ️Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3418 нафар бемор даволанмоқда.

Қизиқчи Ортиқ Султонов Самарқанд шаҳар маданият бўлимига раҳбар этиб тайинланди

Ортиқ Султонов

Ўзбекистонда таниқли бўлган қизиқчилардан бири, “Ҳандалак” гуруҳи аъзоси Ортиқ Султонов Самарқанд шаҳар маданият бўлимига бошлиқ вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, санъатшунослик фанлари номзоди бўлган О. Султонов дастлабки меҳнат фаолиятини Самарқанд мусиқали драма театри актёри сифатида бошлаган.

Кейинчалик у Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телеканали, “Ўзбекистон” телеканалларида режиссёр бўлиб ишлаган.

Тайинловга қадар қизиқчи “Кулги” хусусий театри бадиий раҳбари бўлган.

Ортиқ Султонов аввалроқ Озодлик билан суҳбатда Украина президенти этиб сайланган ўз ҳамкасби Володимир Зеленский ҳақида ҳавас билан сўзлаган, бироқ ўзининг давлат мулозими бўлиш орзуси йўқлигини, келажакда докторлик диссертацияси билан шуғулланиш ниятида эканини билдирганди.

“Аёллар дафтари”га кирганларга “гўзаллик салони”га айлантирилган контейнерлар берилмоқда

Бухорода турар жойга мослаштирилган контейнерлар (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда контейнерлардан мобил гўзаллик салонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Podrobno.uz нашри хабарига кўра, куни кеча ана шундай контейнерлардан 50 таси чекка қишлоқларга юборилган.

Қайд этилишича, зарур ускуна ва мебель билан жиҳозланган салонларнинг ҳар бирида “Аёллар дафтари”га киритилган ва махсус касбий таълим олган етти нафаргача аёл ишлаши мумкин.

Лойиҳа Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Озодлик Бухоро вилояти ҳокимлигининг “Темир дафтар”га киритилган ночор оилалар учун 1000 дона бизнес учун контейнерлар ясаб, имтиёзли кредит асосида тарқатилишини билдиргани ҳақида хабар қилган.

Ургутдаги газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлашда икки одам нобуд бўлди

Ургутдаги газ қуйиш шохобчасида портлаган юк автомобили (Самарқанд вилояти ИИБ фотоси)

Самарқанд вилоятининг Ургут тумани “Кенагас” МФЙ ҳудудида жойлашган маиший газ баллонларини пропан гази билан тўлдириш шохобчасида 14 июнь куни соат 17:40 ларда “ЗИЛ-130” русумли юк автомобилидан суюлтирилган газни тўкиш вақтида пропан сиғимининг ёрилиши содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, портлаш оқибатида юк автомобиль ҳайдовчиси ва “Bek Diamond Gaz” МЧЖ газ тўлдириш шохобчаси ишчиси воқеа жойда вафот этган.

“Ҳозирда ҳодиса сабаби ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Самарқанд вилояти ИИБ эса портлаш сабабларини аниқлаш юзасидан текширув ишлари олиб борилаётганини билдирган.

Бир ҳафтадан буён кўтарилиб бораётган АҚШ долларининг расмий курси яна 10600 сўмдан ошди

Ўзбекистон Марказий банки 2021 йил 15 июнидан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси аввалги курсга нисбатан 11 сўм 96 тийинга кўтарилиб, 10 минг 609 сўмни ташкил этади. Доллар курси 9 июндан бери кетма-кет кўтарилиб келаётганди. Ўзбекистонда долларнинг расмий курси май ойида ҳам 10 минг 600 сўмдан ошган.

Айни пайтда 15 майдан евронинг расмий курси олдинги курсга нисбатан 27 сўм 90 тийинга пасайиб, 12 минг 851 сўм 74 тийинга тенг бўлади (14 июнь ҳолатига кўра, евро курси 1 сўм 73 тийинга арзонлаб, 12 минг 879 сўм 64 тийинга тенг бўлган эди).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Қўшработда қабристонга ўт кетди, ҳокимлик аланга қарийб 2 соатда ўчирилганини билдирди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги қабристонлардан бирида ёнғин содир бўлганига оид видео тарқалди. Бунга изоҳ берган туман ҳокимлиги ҳодиса 12 июнь куни рўй берганини билдирди.

Қайд этилишича, “Бозоржўй” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Кўктўнли ота” қабристонида ёнғин чиққанига оид маълумот туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига шанба куни соат 11:05 да келиб тушган.

Ёнғинни ўчириш учун бўлим томонидан икки экипаж жалб қилинган ва соат 12:54 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Ҳодиса чоғида бир қанча қабрга шикаст етгани айтилмоқда.

Ёз жазирамасида қабристон ҳудудида юз берган ёнғин сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Ҳокимлик маълумотига кўра, айни пайтда ёнғин ҳодисаси юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон – Тожикистон: Автобус ва темир йўл қатнови тикланади. Ҳамкорликда ГЭС қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан 10-11 июнь кунлари Тожикистонда бўлган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов 14 июнда ўтган матбуот анжуманида билдирди.

Асадовга кўра, икки мамлакат транспорт вазирлари Ўзбекистон ҳудуди орқали юклар транзити тўғрисида битимни имзолаган. Бундан ташқари темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида юк ва йўловчи ташишни кўпайтиришга ҳам келишилган.

Мазкур шартнома доирасида автобус ва темир йўл орқали йўловчи ташишни қайта тиклаш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари ташриф давомида Тожикистоннинг Зарафшон дарёсида ҳамкорликда иккита ГЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида қўшма ширкат ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан 10-11 июнь кунлари Тожикистонда бўлган эди.

Ўзбекистонликлар бу йил ҳам Ҳажга бора олмайди

Дин ишлари бўйича қўмитанинг 14 июнда билдиришича, Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус пандемияси оқибатида жаҳонда кузатилаётган мураккаб эпидемиологик вазият ортидан жорий йилги Ҳаж зиёратига ҳам хориж фуқаролари киритилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилган.

“Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ислом мамлакатларидаги кўплаб фатво ҳайъатлари ва бошқа илмий марказлар томонидан маъқулланган”,-дейилади расмий билдирувда.

Шу муносабат билан Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ўзбекистонликларнинг навбатлари кейинги мавсум учун сақланиб қолинади.

13 июнь куни Озодлик Саудия Арабистони жорий йилда коронавирусга қарши эмланган 60 минг фуқаросига Ҳаж амалини бажаришга рухсат бериши ва Саудия фуқароси бўлмаган шахслар Ҳажга киритилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида хабар берганди.

Ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирган Сирдарё туман ҳокими ўринбосари ишдан кетди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Мирзаев 2021 йил 14 июнь куни ўз аризасига биноан ишдан бўшади.

Бу ҳақда “Sirdaryo Xabarlari” нашри Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Бундан ташқари Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муротов ҳам 14 июнь куни ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг ресторанда ярим-яланғоч раққосаларга пул қистираётгани акс этган видеолавҳа тарқалган эди.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бу видеога муносабат билдирар экан, воқеа ўтган йилнинг октябрь ойида “Евро Азия” ресторанида рўй берганини маълум қилган.

Ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирганлар орасида ҳоким ўринбосари ва ободонлаштириш бошқармаси бошлиғидан ташқари яна туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.

Ҳокимлик муносабатида расмийларга тегишли жазо чоралари кўрилгани билдирилган, аммо айнан қандай чоралар кўрилгани аниқ айтилмаган эди.

Иштихон деҳқон бозорида ёнғин юз берди

Ўзбекистондаги ёнғинлардан бири.

Самарқанд вилояти Иштихон тумани деҳқон бозорида 14 июнга ўтар кечаси ёнғин юз бергани ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, деҳқон бозорининг озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари сотиладиган очиқ савдо растаси ёнган.

Ҳодисани бартараф қилиш учун воқеа жойига 6 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ёнғин соат 00:32да ўраб олиниб, 01:35да тўлиқ ўчирилган. Ўт ўчирувчилар савдо расталарининг 450 квадрат метрини ёнғиндан сақлаб қолган.

“Ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаблари ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда бозорларда тез-тез ёнғин юз беради. Масалан, май ойида Хоразм вилояти Гурлан туманидаги деҳқон бозорида, йил бошида эса Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани марказида жойлашган бозорда ёнғин чиққанди.

Жаҳон банки Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини ривожлантиришга 100 миллион доллар қарз беради

Жаҳон банки Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги шаҳарларни ривожлантириш лойиҳасига 100 миллион доллар қарз беради. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган билдирувда айтилишича, “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида муниципал хизматлар ва инфратузилмани яхшилаш назарда тутилган.

Юз миллион доллар миқдоридаги кредит Ўзбекистонга Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан 30 йилга имтиёзли тарзда берилмоқда.

Билдирилишича, 2019 йилда Жаҳон банки мазкур лойихани Когон, Чортоқ, Янгийўл ва Пскент туманларида амалга оширишга киришган эди.

Лойиҳа Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг қайси туманларида амалга оширилиши ҳозирча аниқ эмас. Лойиҳа иштирокчисига айланадиган туманлар рўйхати вилоят ва шаҳарлар ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар якунланганидан сўнг 6 ой ичида тасдиқланади.

Лойиҳа доирасида, жумладан, сув таъминоти, электр инфратузилмаси, автомобил йўлларини модернизациялаш ва маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишларини олиб бориш кутилмоқда.

Мирзиёев ҳафтанинг иккинчи ярмида Андижонга боради

Шу йилнинг 17-18 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи режаланган. Бу ҳақда, маҳаллий матбуотнинг ёзишича, президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 14 июнь куни ўтказилган брифингда маълум қилган.

Мулозимга кўра, Ш. Мирзиёевнинг ҳафталик кун тартибидан 14 июнь куни соғлиқни сақлаш соҳасига оид масалалар ва таклифлар ҳамда Тошкент вилоятининг Татаристон билан ҳамкорлиги юзасидан бўйича ўтказилган тақдимотда иштирок этиш, 15 июнь куни олий таълим ва жорий йилга ОТМга қабул бўйича йиғилиш ўтказиш, яна шу куни БАА келажак ишлари бўйича вазири Ал-Гергави билан учрашиш, 16 июнь куни Татаристон президенти Рустам Минниханов билан мулоқот қилиш кабилар ҳам ўрин олган.

Ўзбекистондан Грецияга чартер рейслари йўлга қўйилади

Ўзбекистонлик расмийлар июнь ойи бошида грециялик масъуллар билан туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасида чартер рейсларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишган. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 2-4 июн кунлари хизмат сафари билан Грециянинг Афина шаҳрида бўл Туризм ва спорт вазирлиги масъуллари Греция туризм вазири Харис Теохарис ва вазир ўринбосари Софиа Зачараки билан учрашув ўтказганлар. Учрашувда туризм соҳасида ҳамкорлик ва чартер рейсларни йўлга қўйишдан ташқари таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети билан ўзаро тажриба, мутахассислар ва адабиётлар алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари Греция Маданият ва спорт вазири ўринбосари Лефтерис Авгенакис билан икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида тузилган 2006-2009-йилларда таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик дастурини қайта имзолаш, мазкур соҳаларда ходимлар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилганлар.

Афинага ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан Греция Савдо-саноат палатаси, Греция сайёҳлик ва туристик агентликлар ассоциацияси, Греция-Евроосиё Иттифоқи, Греция меҳмонхоналари кенгаши, “Aegean Airlines” авиакомпанияси, “KAD 12 Sports Tips” каби ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари юзасидан музокаралар ўтказилган.

Сирдарё ҳокимлиги ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирган мулозимлар видеоси юзасидан изоҳ берди

Иллюстратив сурат

Сирдарё вилоят ҳокимлиги Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг ресторанда ярим-яланғоч раққосаларга пул қистираётгани акс этган видеолавҳа юзасидан ўз расмий муносабатини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати қайдича, мазкур ҳодиса ўтган йилнинг октябрь ойида “Евро Азия” ресторанида рўй берган.

Мулозимларнинг туман ҳокими ўринбосари (ўша вақтда туман ҳокими ёрдамчиси), туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.

“Мазкур шахслар ўтирган хонага ресторанда хизмат кўрсатаётган “Шоу балет” раққоса қизлари кириб келган. Раққосаларнинг кутилмаганда кириб келиши уларга маъқул келмаган. Шу сабабли раққосаларга пул берилган ва хонани тарк этиши сўралган. Натижада видеодаги ҳолат юзага келган”, дея билдирган Сирдарё вилоят ҳокимлиги.

Видео давра иштирокчиларидан бири томонидан олингани ва у ерда ўтирган мулозимлар юзида қимтиниш ифодаси кўринмаганидан ҳокимлик изоҳи у қадар ишончли кўринмайди.

Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан ресторан маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилгани, масъул ходимларга жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги эслатиб ўтилгани, ҳамда лавозимдан озод этиш каби қатъий чора қўлланилиши белгиланганини қайд этган. Бироқ хабарномада қайси мулозимга қандай жазо қўлланилгани очиқланмаган.

Мобил алоқа абонентлари сони қарийб 27 миллион нафарга етди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда мобил алоқа тизимига уланган абонентлар сони, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 26 миллион 953,5 минг нафарга етган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8 фоизга ёки 2 миллион 636,8 минг нафарга кўпдир.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда шу кунда аҳолининг мобил алоқа билан таъминланганлиги ҳар 100 киши ҳисобига 72 бирликни ташкил этмоқда.

Айни пайтда қўмита 2021 йилнинг январь-апрель ойларида мамлакатга хориждан қиймати 45,4 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 628,9 минг дона мобил телефон олиб кирилганини маълум қилган. Бу эса 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 400 минг донага кўпдир.

Ўзбекистонга бу йил импорт қилинган мобил телефонларнинг учдан икки қисми (422,1 минг дона) Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Сергелида кузатилаётган бадбўй ҳид юзасидан 22 нафар масъулга нисбатан иш очилди

Иллюстратив сурат

Сергели туманида кузатилаётган бадбўй ҳид бўйича 22 нафар мансабдорга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий ишлар қўзғатилган. Бу ҳақда Оқова сув тозалаш иншоотлари хизмат кўрсатадиган ифлослантирувчи ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов маълум қилган.

Мулозимга кўра, тумандаги бадбўй ҳидни бартараф қилиш мақсадида “Тошкент шаҳар сув таъминот” МЧЖ тақдим қилган потенциал хавфли корхоналар рўйхати бўйича Бектемир ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларига техник сувларни ташловчи корхоналарда текширувлар президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман рухсатига асосан ўтказилган. Текширув натижаларига кўра, мансабдорларга қарши маъмурий иш очилган.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, корхоналарда локал оқова тозалаш тизимини ишга тушириш, уларни таъмирлаш ва самарали ишлашини таъминлаш юзасидан қисқа муддатда бажарилиши лозим бўлган мажбурий кўрсатмалар берилган.

“Бектемир туманида жойлашган 9 та корхона томонидан берилган мажбурий кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли давлат экологик экспертизасининг белгиланган муддатдан олдин амал қилишини тўхтатиш ва шаҳар канализация тармоғидан узиш мақсадида Тошкент шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Салар оқова сув тозалаш иншоотига ишлаб чиқариш оқова сувларини ташловчи 18 та корхонадан 11 тасида текширишлар амалга оширилди.
Меъёр даражасида тозаланмаган оқова ташлаётган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди”, деган Ф. Деҳқонов.

Сергелида ёқимсиз ҳид тарқалиши масаласи юзасидан ўтган ой Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳам текширув ўтказган эди.

Коронавирусдан яна уч бемор вафот этди. Вирусга чалинганлар сони 103,5 мингдан ошди

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3386 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда 12 июнь куни коронавирусга чалинган беморлардан яна уч нафари вафот этди. Бу билан ўлганлар сони 708 нафарга етди.

12 июнь куни Ўзбекистонда яна 304 кишида коронавирус аниқланди. Улардан 127 нафари Тошкент шаҳрида, 59 нафари Тошкент вилоятида, 29 нафари Самарқанд вилоятида, 19 нафари Қашқадарё вилоятида, 18 нафари Сурхондарё вилоятида, 13 нафари Жиззах вилоятида, 12 нафари Фарғона вилоятида қайд этилган. Қолган вилоятларда коронавирус аниқланганлар сони 10 нафардан кам.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 12 июн ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганларнинг жами сони 103510 нафарни ташкил этмоқда. Касалликдан соғайганлар жами 99416 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3386 нафар бемор даволанмоқда.

Нукус шаҳрида икки қаватли Neo ресторанида газ портлаши оқибатида ёнғин юз берди.

Ўзбекистондаги ёнғинлардан бири.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, портлаш ресторанннинг 2-қаватидаги ошхонада 12 июнь куни эрталаб соат 6 ларда бўлган.

Воқеа жойига Қорақалпоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Нукус ФВБдан 2 та ёнғиндан қутқариш экипажи етиб келган.

Хабарларда айтилишича, портлаш оқибатида иморат зарарланган. Ҳодисада жароҳат олганлар ва вафот этганлар йўқ. Портлаш вақтида ресторан биносида фақат қоровул бўлган. Унга жароҳат етмаган.

“Айни вақтда суриштирув ишлари олиб борилиб, етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”,-дейилади хабарда.

Ўзбекистонда Туркиядан келган фуқаролар учун карантинда бўлиш тартиби бекор қилинди

Ўзбекистонда Туркиядан келаётган фуқаролар учун карантинда бўлиш тартиби бекор қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Сўнгги 14 кун давомида Туркияда бўлган ва ушбу мамлакат орқали Ўзбекистонга кириб келган Ўзбекистон фуқаролари уй ёки меҳмонхонада карантинда бўлиши шарт эмас энди, дейилади хабарда.

Ўзбекистонга келиш учун авиақатновга рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиш талаби сақланиб қолади.

Шунингдек, Туркияга туристик саёҳатлар учун мўлжалланган чартер авиақатновлар жорий йилнинг 5 июнидан бошлаб босқичма-босқич тикланиши кўзда тутилмоқда.

11 июнь куни Туркиядан Урганчга илк парвоз амалга оширилган эди.

Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси ушбу йўналишдаги парвозлар ҳафтанинг ҳар жума куни амалга оширилишини хабар қилган.

Тошкент метросида яна поезд тўхтаб қолди, бу сафар "шубҳали буюм топилган"

"Ўзбекистон темир йўллари" ширкати Тошкент метрополитенининг "Космонавтлар" бекатида поезддан йўловчилар тушириб юборилгани тасвирланган видео юзасидан изоҳ берди.

Ширкатга кўра, 11 июнь куни соат 11:50 да 38-йўналишда ҳаракатланаётган поезднинг 3-вагонида шубҳали нарса қолдириб кетилган ва бу ҳақда поезд машинистига хабар берилган.

Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент метрополитени ўртасидаги ўзаро келишилган йўриқномага кўра, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар "Космонавтлар" бекатида поезддан туширилган.

Сўнгги вақтларда Тошкент метрополитенида поездларнинг тўхтаб қолиши ва йўловчиларнинг тушириб юборилиши тез-тез юз бермоқда.

13 май куни "Амир Темур хиёбони" бекатида барча йўловчилар тушириб юборилганди.

7 май куни соат 21:10 дан 22:00 гача Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида электр энергияси ўчиб қолганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG