Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 08:47

Вести.uz Украинадаги урушда ўлган ëлланма "ўзбек"ни "қаҳрамонга" чиқарди. Бу борада қонунчилик нима дейди?


Донбассда отиб ўлдирилган ўзбекистонлик ëлланма аскар Ҳожиакбар Шарипов¸ мамлакат қонунчилига кўра¸ қаҳрамон эмас¸ балки жиноятчидир.

Ўзбекистонда Кремль манфаатларини тарғиб қилувчи Вести.uz (Ўзбекистон миллий домени ) интернет нашри Донбассда Украина ҳукумат қўшинларига қарши сепаратчилар тарафида урушиб ўлган ўзбек ёлланма жангчисини “қаҳрамонга” чиқарди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг "Ëлланиш" ҳақидаги 154-моддасига кўра¸ "чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш” оғир жиноят ҳисобланади ва у 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси бу ҳақда махсус эслатма ҳам чоп этган.

Ўзбекистон миллий доменида фаолият юритувчи Вести.uz ахборот порталида тан олинмаган “Донецк халқ республикаси” тузилмаси таркибида жанг қилган ўзбекистонлик тўғрисида мақолага “Ўзбек Донбасс озодлиги учун жон берди” (Узбек отдал жизнь за свободу Донбасса) деб сарлавҳа қўйилган.

32 яшар қахрамон жасади 6 июль куни Ўзбекистонга, Навоий вилоятига жўнатилди. “Ўзбек” позивнойига эга солдат Донецк аэропорти, Блесна, Авдеевка ва Промкадаги жанглардан ўтган. Дўстлари у ўз ватанини жуда соғинганини айтишмоқда”, деб ёзилади 10 июль кунги мақолада.

Озодлик хабаридан бир кун ўтиб чоп этилган Вести.uz мақоласига Донбассда Украина тарафида урушаётган хориж легионерлари ҳақидаги Озодлик видеолавҳаси ҳам илова қилинган.

Озодлик 3 июль куни Украина шарқида давом этаётган қонли тўқнашувлар пайтида ДНР тузилмаси тарафида жанг қилган ёлланма аскар Ҳожиакбар Шариповнинг отиб ўлдирилгани тўғрисида 9 июль куни мақола эълон қилган эди.

Озодлик гаплашган Шариповни яқиндан билганлар¸ унинг криминал фаолияти ортидан Россиянинг Томск шаҳридан Донбасс сепаратчиларига ёлланиб кетганини айтган эди.

Ўзбекистон медиа ҳудуди Россиянинг империявий пропагандаси учун очиқ майдон?

Вести.uz.Ўзбекистонда Россия манфаатларини очиқ тарғиб қилиб келаётган нашрлардан бири сифатида кўрилади.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг 31 май куни Тошкентга қилган сафари арафасида бу нашр бир гуруҳ рус тилли зиёлиларнинг рус тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги ташаббусини чоп этган эди.

Миллий давлатчилик устунларига қарши ҳаракат сифатида баҳоланган бу ташаббус жамоатчилик орасида кескин эътирозга сабаб бўлган эди.

Айни нашр¸ йиллардан бери Кремль пропагандасининг янги рамзи - Россия империясидан қолган “Георгий лентаси” ва “Ўлмас полк” тадбирлари тарғиб этиб келади.

Вести.uz нашрининг россиялик асосчиси Владимир Березовский 2010 йили Ўзбекистон прокуратураси томонидан жавобгарликка тортилган эди. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникация соҳасини мониторинг қилиш маркази сайтда чоп этилган 16 та хабарни “Ўзбекистонга қарши туҳмат ва ўзбек халқини ҳақорат қилувчи”, дея топган эди.

“Вести.uz” Россия элчихонасининг молиявий кўмагида ташкил топган. Ҳозирда эса МДҲ ва бошқа хориж давлатларида яшайдиган руслар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик масалалари учун масъул тузилма сифатида 2008 йилда ташкил қилинган “Россотрудничество” федерал агентлиги молияси билан фаолият юритади.

Каримов ўлимидан сўнг Россия империявий пропагандасига Ўзбекистонда яшил чироқ ëндими?

Россия Давлат Думаси вице-спикери Владимир Жириновский дохил рус сиëсатчиларининг собиқ СССР ҳудудида Россия ҳукмронлигини тиклаш иддаолари ортидан “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги фаоллиги кучайгани ўзбек сиëсатшунослари хавотирига сабаб бўлмоқда.

Қатор таҳлилчи ва зиëлилар мустақилликка раҳна солувчи Кремль пропагандасининг Ўзбекистонда бемалол олиб борилаëтганига жиддий муносабат билдириш ўрнига¸ Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги каби тузилмаларнинг, турк сериалларнинг ўзбек менталитетига тўғри келиш-келмаслиги ва блогерларни солиқдан озод қилиш масалалари кўпроқ машғул этаëтганини танқид қилмоқда.

Шундайлардан бири Францияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовдир.

Мустақил Украина давлатига қарши россияпараст сепаратчилар томонида жанг қилиб ўлган ўзбекистонликнинг Россия нашри томонидан "қаҳрамон"га чиқарилиши¸ Раббимов фикрича¸ Кремль империявий иштаҳасининг Ўзбекистонда кучайиб бораëтгани ифодасидир.

- Бу жудаям жиддий масала. Бу ўзбек маъмуриятига Россия босимининг ошиб боришидир. Украинада ютқизиб, Россия империячилиги, давлатчилиги ёйилишига Ўзбекистон ҳам учради. Бу информацион-психологик кампания! Ўзбекистон қонунчилиги бўйича ҳам бу ғирт жиноят, чунки Ўзбекистон фуқароси ўзининг давлатидан ташқарида у ёки бу тарафда жанг қилиши жиноятдир. Бу ерда сиёсий нюанслар ҳам бор. Бош вазиримиз Арипов Георгий лентасига қарши чиқди, лекин уни безбетларча тарғиб қилишни давом этди. Россотрудничество, руспараст кучларга қарши Ўзбекистон давлатчилиги ҳеч нарса қилолмади. “Ўлмас полки” ҳам ўтди. Бундан буён бундай босим Россия тарафидан кучайиб боради.

Ўзбекистон янги ҳукумати ким билан манфаат бўлса – ўша билан муносабат яхшилашга, кўп векторли сиёсат юргизишга уринмоқда. Лекин Каримов даврига нисбатан Ўзбекистонда Россия райига қараш кучайди, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

К.Раббимов:Каримов даврига нисбатан Россия райига қараш кучайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:58 0:00
Бевосита линк

“Вести.uz” интернет нашри Россиядаги “Парламентская газета”нинг Марказий Осиё бўйича мухбири Владимир Березовский томонидан 2005 йилда тузилган. Бош муҳаррир Березовский “Вести.uz” “Россия матбуотидаги мақолаларни қайта чоп этиш” билан шуғулланаётганини таъкидлаб келади.

Владимир Березовский 1989 йилда Ўзбекистонда очилган биринчи Рус маданий марказининг раиси ҳам бўлган.

Вести.uz баробарида Ўзбекистонда Кремль пропагандасини ëзиш билан Спутник нашри ҳам шуғулланади.

Спутник агентлиги дунë бўйлаб дезинформация тарқатаëтган агентлик сифатида 10-12 июль кунлари Лондонда ўтаëтган матбуот эркинлиги бўйича глобал конференцияга қўйилмади.

Жорий йил январь ойида Facebook Россиядан бошқарилаëтган 471 аккаунтни¸ "шубҳали фаолияти" учун тақиқлади. Facebook раҳбариятининг бу ҳақдаги баëнотида дезинформация ëпилган аккаунтларнинг каттагина тармоғи Спутник агентлиги томонидан бошқарилгани айтилган.

Шарҳларни кўринг (43)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG