Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:35

Венгрия рус ва беларуслар учун виза режимини енгиллаштирди


Венгрия Бош вазири Виктор Орбан июль ойида Москвага бориб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашган
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан июль ойида Москвага бориб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашган

Венгриянинг яқинда қабул қилган Россия ва Беларус фуқаролари учун виза режимини соддлалаштириш қарори Европа Иттифоқида танқидларга сабаб бўлмоқда. ЕИ раҳбарияти Венгрия орқали иттифоқ ҳудудига жосуслар кириб келишидан огоҳлантирди.

Европа Кенгаши президенти Шарл Мишелга йўллаган мактубида Европа халқ партияси раҳбари Манфред Вебер Венгриянинг бу ҳаракати "миллий хавфсизликка оид жиддий ташвишлар"ни келтириб чиқаришини айтди.

"Шубҳали" янги қоидалар жосуслик фаолияти учун жиддий бўшлиқлар яратади. Шунингдек, бу кўп сонли русларнинг Венгрияга минимал назорат остида киришига имкон беради ҳамда миллий хавфсизлик учун жиддий хавф туғдиради", деган Вебер ўз мактубида.

Financial Times Вебер томонидан юборилган мактуб матнини эълон қилди.

Жорий ой бошида Венгрия саккиз давлат қатори Россия ва Беларус фуқаролари учун хавфсизлик текширувларисиз ва бошқа чекловларсиз Венгрияга киришга имкон берувчи соддалаштирилган виза тартиби ҳақида эълон қилди. Будапешт Россиядан келадиганлар асосан Росатом билан қурилаётган АЭС ишчилари бўлишини айтмоқда.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинига жавобан Ғарб давлатлари Россияга тегишли авиакомпанияларнинг Европа Иттифоқи ҳаво ҳудудига киришини тақиқлаган. Бу эса Россия фуқароларининг EИ ҳудудига киришини қийинлаштирган эди. Европа Иттифоқига аъзо ҳар бир давлат ишчи визаларни бериш бўйича ўз тартиб қоидаларига эга.

Вебер ўз мактубида Европа Иттифоқи раҳбарларини "Шенген ҳудуди яхлитлигини зудлик билан ҳимоя қилиш, аллақачон пайдо бўлган хавфсизлик билан боғлиқ хатарларни чеклаш ҳамда аъзо давлатларнинг келажакда шунга ўхшаш ўзбошимчалигига йўл қўймаслик учун энг қатъий чораларни кўриш"га чақирди.

Путин билан дўстона алоқалари учун узоқ вақтдан бери танқид қилиб келинадиган Орбан ўтган ой бошида Москвага ташрифидан сўнг янги норозиликларга дуч келди.

Орбан бу ташрифни тинчлик миссияси деб атади. Аммо ЕИ раҳбарлари Орбанни блок номидан вакил қилиб юбормаганини билдирди.

Европарламент депутати, Литва собиқ мудофаа вазири Раса Юкневисен Current Time нашрига берган интервьюсида Орбаннинг хатти-ҳаракатларини танқид қилди.

"Кўпчилик Венгриянинг қароридан ҳайратда гарчи бундай бўлиши керак бўлмаса-да. Венгрия ва Орбаннинг ҳаракатлари EИни ичкаридан вайрон қилмоқда. Аммо сабримиз эртами-кечми тугайди", деди Раса Юкневисен.

Россиянинг Украинага босқини давомида Орбан Киевга қурол-аслаҳа беришдан бош тортди, EИнинг Киевга молиявий ёрдам кўрсатиш ва Москвага қарши санкциялар бўйича саъй-ҳаракатларини мунтазам равишда блоклаб келди.

У, шунингдек, Венгрияда матбуот ва суд тизимини таъқиб қилганликда ҳамда қонун устуворлиги ва демократия стандартларини бузганликда ҳам айбланган.

Форум

XS
SM
MD
LG