Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:45

Сардорбек қаерда? Вазирга арз қилган профилактика инспектори қамоққа олинди


Сардорбек Отабаев 2011-2015 йилларда ИИВ академиясида ўқиган, олий маълумотли ҳуқуқшунос.
Сардорбек Отабаев 2011-2015 йилларда ИИВ академиясида ўқиган, олий маълумотли ҳуқуқшунос.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирига тизимдаги қонунбузарликлар ва ноҳақликлар юзасидан видеомурожаат йўллаган Наманган шаҳар профилактика инспектори Сардорбек Отабаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Озодлик билан мулоқотда Отабаевга нисбатан прокуратура текшируви бошлаганини тасдиқлади.

Дастлабки суриштирувни олиб борган Наманган шаҳар прокуратураси “катта лейтенант С.О. жавобгарликдан қутилиш мақсадида, ўзининг раҳбарларидан норозилиги мазмунида видеомурожаат қилгани”ни айтган.

Бироқ жамоатчилик фаоллари ва тармоқ фойдаланувчилари профилактика инспектори очиқ мурожаати учун жазоланаётганини айтишмоқда.

Сардорбек Отабаевнинг ҳозирда қаерда сақланаётгани номаълум қолмоқда.

Инспектор вазирга мурожаат қилди

Шу йилнинг 12 ноябрида Фейсбукда эълон қилинган мурожаатида Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Отабаев Сардорбек Мирзамурод ўғли тизимдаги адолатсизликлар ва қонун бузилишлари ҳақида сўзлайди.

Унинг иддаосига кўра, Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида таниш-билишчилик, қариндош уруғчилик, мансабни суиистеъмол қилиш каби ноқонуний ҳаракатлар авж олган.

- Масалан, 2-сонли Ички ишлар бўлими бошлиғи (исми ва унвони келтирилган - таҳр.) ҳар бир профилактика инспекторидан 5 та маъмурий баённома, йил давомида яна 2та маъмурий назорат ўрнатилишини талаб қилади. Ўрнатмаган профилактика инспектори ХПБ бошлиғи (исми ва унвони келтирилган - таҳр.) га 50 доллар берса, “маъмурий назорат ўрнатиш”ни плюс қилиб қўяркан. Бу нима дегани? Профилактика инспектори статистикани тўғрилайман деб, ойлигини бериши керакми?

... Профилактика инспекторини ҳуқуқларини ким ҳимоялайди? .. Ҳақ-ҳуқуқ талаб қилсангиз, раҳбарларга “иғвогар” бўласиз, гап етказсангиз – “козёл” ... Бу тизимда нима бўлишини билмай қоляпмиз, - дейди инспектор Сардорбек Отабаев.

Ички ишлар ходими маъмурий баённома тузиш мажбурий “план” қилиб қўйилгани баённомаларнинг сохталаштирилишига олиб келаётганини айтган.

Тармоқлар: Сардорбек қаерда?

Видеомурожаатда катта лейтенант Сардорбек Отабаев ўзи тилга олган ҳолатлар бўйича аниқ исбот-далиллари борлиги, нияти кимнидир ёмон отлиқ қилиш эмас,балки тизимдаги муаммоларни олиб чиқиш ва Ички ишлар ходимлари меҳнат шароитларининг яхшиланишига эришиш эканини таъкидлайди.

Видеомурожаат эълон қилинганидан бир неча кун ўтиб, ижтимоий тармоқларда профилактика инспектори Сардорбек Отабаевнинг дараксиз кетгани ҳақида хабар тарқалди.

Ўзининг Facebook саҳифасида “#Сардорбек_қаерда?” ҳештеги остида чиқарган постида журналист ва блогер Олимжон Ҳайдаров шикоят йўллаган лейтенантнинг қамоққа олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Сардорбек билан кеча, обедларда гаплашганимизда, "ака Прокурор қамоққа олишга санкция берар экан, душанба куни, бўлимда ҳамма шундай деяпти, аниқ экан, келишиб қўйишибди", деганди. Кечадан бери шахсий рақами ҳам, ҳизмат рақами ҳам ўчирилган, деярли 1 кун давомида Интернетга ҳам кирмади”, деб ёзди у.

Озодлик билан суҳбатда Олимжон Ҳайдаров 16 ноябр куни Наманган шаҳрига бориб, Сардобек якшанба куни кечки пайт ҳибсга олингани тасдиғини топгани, шаҳар Ички ишлар бошқармасида бошқа маълумот беришмаганини билдирди.

ИИВ: Отабаевнинг иши прокуратура текширувида

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Сардорбек Отабаевга нисбатан прокуратура текшируви бошланганини Озодликка тасдиқлади.

- Расмий муносабат бердик бу масалада. Уни иши бўйича ҳужжатлар прокуратурага берилган, - деди ИИВ матбуот котиби.

Наманган вилояти ИИБнинг расмий сайтида келтирилган расмий билдиришномада айтилишича, "катта лейтенант С.О. " Наманган шаҳрида яшовчи бир неча кишининг ишончига кириб, фуқароларга кредит олиб беришни ваъда қилиб, сохта маълумотлар асосида 81.400.000 сўм кредит олиб, кўп миқдордаги мулкларини қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган".

Наманганлик журналист Носир Зокирнинг Озодликка айтишича, Сардорбек Отабоевни ҳимоя қилишни сўраб, бошқа профилактика инспекторлари унга мурожаат қилишган.

- Улардан бири менга чиқиб, “Ака, бу бола ҳақиқатни гапирган. Ичкари эзилиб кетган! Порахўрлик, коррупция – ҳаммаси тиқилиб ётибди! Шу болани ҳимоя қилинг”, деди. Мен ҳам шу боланинг қаердалигини тополмаяпман. Озгина-озгина бўлса ҳам ҳамма соҳаларда – судда, прокуратурада - ўзгариш бўлди, лекин милиция тизимида ҳеч қанақа ислоҳот бўлгани йўқ! Сардорбек ўша нарсаларни ҳаммасини очиб ташлади. Кеча Иноятов кетдими – Алматовлар ҳам кетиши керак, тизим ўзгариши учун, - деди журналист.

Айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизимида янги ислоҳотлар бошланаётганини эълон қилди.

Кун.уз нашрига берган интервьюсида ИИВ Академияси раҳбари Рустам Ҳотамов яқин йилларда Ўзбекистонда ички ишлар органлари номи “полиция”га ўзгартирилиши ва янги тизим маҳаллий ҳокимият органлари томонидан бошқарилишини билдирган.

Ҳуқуқ фаоллари Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонун ва қийноқларга қарши қатор қарорлар қабул қилинганига қарамай, тизимда қонунсизликлар давом этаётгани, фуқаролар ҳуқуқлари поймол этилаётганини айтиб келишади.

XS
SM
MD
LG