Россия ҳукумати 2027 йилда мамлакатнинг саккиз ҳудудида меҳнат мигрантларининг таксида ишлашини тақиқлашни режалаштирмоқда. Яна бир ҳудудда хорижликларнинг курьерлик қилиши тақиқланиши мумкин. Чекловлар Россияда ишлаш учун патент олиши талаб этиладиган Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда «Ведомости».
Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, таксида ишлашга тақиқ Мордовия, Чувашия, Татарстан ва Удмуртия республикалари, Свердловск, Оренбург ва Ульяновск вилоятлари ҳамда Яҳудий мухтор вилоятида жорий этилиши режалаштирилган.
Калуга вилоятида эса хорижий фуқароларнинг курьер бўлиб ишлашини тақиқлаш таклиф қилинмоқда.
Ҳужжат Россия Меҳнат вазирлиги томонидан тайёрланган ва октябрь охирида Россия уч томонлама комиссияси томонидан маъқулланган. Кейинги босқичда қарорни бош вазир Михаил Мишустин имзолаши керак.
«Ведомости»нинг қайд этишича, бундай чекловлар ҳам федерал даражада, ҳам ҳудудий ҳокимиятлар қарорлари билан белгиланади.
Янги чекловлар таъсирига тушиши мумкин бўлганлар орасида Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Ҳар икки мамлакат Россия билан визасиз тартибга эга, бироқ уларнинг фуқаролари ишга жойлашиш учун патент олиши шарт. Хорижий ишчи кучини жалб қилишга доир чекловлар айнан патент асосида ишлаётганларга татбиқ этилади.
Айни пайтда тақиқлар Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон ва Беларусь фуқароларига тааллуқли эмас. Россияда вақтинча ёки доимий яшаш рухсатномасига эга хорижликлар, шунингдек, юқори малакали мутахассислар учун ҳам истисно кўзда тутилган.
Мордовияда тақиқ заруратини, жумладан, йўл-транспорт ҳодисалари статистикаси билан изоҳлашган. Ҳудудий Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2024–2025 йилларда хорижий фуқаролар иштирокида 24 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, уларнинг олтитасида одамлар ҳалок бўлган. Ҳужжат материалларида таксида ноқонуний ишлаш ва қоидабузарларнинг маъмурий жазодан бўйин товлаши ҳам тилга олинган.
Россия сўнгги йилларда хорижликларнинг мамлакатда бўлиши ва ишга жойлашишига доир қоидаларни қатъийлаштирмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқароларининг ишлаш мақсадида Россияга киришлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,2 фоизга камайиб, 1,1 миллионни ташкил этган. Шу даврда Тожикистон фуқароларининг ишлаш мақсадида Россияга кириши билан боғлиқ 494,5 минг ҳолат қайд этилган — бу бир йил аввалгидан 17,9 фоизга кам. «Ведомости» бу рақамларни чегара хизмати статистикасига таяниб келтирган.