Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 00:14

Тошкент АҚШ ширкатларига “энг қулай шартлар” яратиб беришни ваъда қилмоқда


Элёр Ғаниев, Кэролин Лэмм ва АҚШ элчиси Памела Спратлен Тошкентдаги бизнес форумда, 2017 йил 1 феврали.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда АҚШ бизнеси ҳозирлиги кенгайишидан манфаатдор эканини билдирди. Бу баёнотни Ғаниев АҚШнинг 30 чоғли йирик ширкати вакиллари иштирокида 1 февраль куни Тошкентда ўтган АҚШ-Ўзбекистон савдо палатасининг навбатдаги мажлисида берди.

Газета.уз нашрининг ёзишича, вазир Ғаниев анжуманда Ўзбекистон Қўшма Штатлар билан энг аввало энергетика, автомобилсозлик, энергия тежаш технологиялари, машинасозлик, фармацевтика, нефть ва газ, кимё соҳаларида, электрон ва электротехник маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш истагида эканини маълум қилган.

АҚШнинг Baker & McKenzie, General Motors, Cameco, Honeywell International, General Electric, Nukem, Case New Holland Industrial, Caterpillar, John Deere, Coca-Cola, Zeppelin International ва бошқа ширкатлари вакиллари қатнашган мажлисда Ғаниев Қўшма Штатлар билан иқтисодий ҳамкорлик ҳажми шу кунда “жуда камтарона” эканини урғулаган.

Ўзбекистон кўп йиллардан бери АҚШ бизнесининг ишончли ҳамкори эканини қайд этган Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирига кўра, 2016 йил якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 453 миллион 800 минг долларни ташкил этган. Шунга қарамай, томонлар мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдаланмаяпти.

- Инвестицияларни ҳам, савдо-сотиқ ҳажмини ҳам янада кўпайтириш ва бир неча баробар ошириш учун барча зарур шарт-шароит бор, - деган вазир Ғаниев.

Унинг айтишича, Ўзбекистон раҳбарияти иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ташаббусини кўтармоқда, мамлакатда тўртта янги эркин савдо ҳудуди яратиш режалаштирилаяпти.

- Уларда (яъни, эркин савдо ҳудудларида – таҳр.) чет эллик инвесторлар учун мисли кўрилмаган шароитлар яратилаяпти. Қисқа қилиб айтганда, бу солиқлар ва бож тўловлари йўқ деганидир. Яъни бу шарт-шароит идеал эканини англатади, - деган Элёр Ғаниев.

Ўзбек вазири мамлакатда корчалонлик муҳити яхшиланишига олиб келиши керак бўлган коррупцияга қарши кураш чораларига ҳам тўхталган.

Ўзбекистонда АҚШ бизнеси учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапирган Ғаниев General Motors, Boeing, General Electric, Case New Holland, Hilton, Hyatt ва бошқа ширкатлар билан йўлга қўйилган ва қўйилаётган ҳамкорликни мисол ўлароқ келтирган.

Элёр Ғаниев Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-сотиқ ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларга ҳам тўхталган.

- Биз АҚШнинг молиявий институтлари билан алоқаларни тиклаш зарурлиги ва муҳимлигини кўраяпмиз. Афсуски, ИҲРТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти – таҳр.) рейтинги бўйича Ўзбекистоннинг квалификацияси билан боғлиқ муаммо бор – бизни аввалгидек олтинчи тоифага киритаяптилар. Албатта, бу АҚШда келадиган инвестициялар ва мол етказиб бериш йўлида тўсиқ бўлиб ҳисобланади, чунки молиявий таъминотсиз савдо-сотиқнинг самарали бўлиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, - деган вазир Ғаниев.

Ўзбекистон ИҲРТ рейтинги бўйича олтинчи тоифага киритилгани мамлакат учун қўшимча харажатларга сабаб бўлаётганини қайд этган вазир ўз мамлакати, дейлик, Boeing учоқларини Хитой тараққиёт банки кредитларидан фойдаланган ҳолда олишга мажбур бўлаётганига эътибор қаратган ва Ўзбекистон бундай фоизи баланд кредитларни жалб қилишдан манфаатдор эмаслигини таъкидлаган. Ғаниевга кўра, Ўзбекистон раҳбарияти мамлакат ИҲРТ рейтинги бўйича камида тўртинчи тоифага киритилишига умид қилмоқда.

- Бу ўз навбатида АҚШ банклари томонидан бериладиган кредитларни тўлалигича ўзлаштиришга имкон яратади ҳамда ўзаро савдо-сотиқ ва инвестициялар ошишига кўмаклашади, - деган Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев.

Сўз сўнгида Ғаниев анжуман иштирокчиларини Ўзбекистон раҳбарияти америкалик ҳамкорлар мамлакатда ўзларини яхши ҳис қилишлари учун энг қулаш шарт-шароитларни яратиб беришга ҳозирлигига ишонтирган.

АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раисаси Кэролин Лэмм Қўшма Штатлар Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида асосий ҳамкор ўлароқ кўришини ҳамда самарали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини урғулаган. Лэмм хонимга кўра, республикада иқтисодий ўсиш суръатининг жадаллиги бизнес алоқаларни ривожлантириш учун яхши асос бўла олади.

1 февралда ўтган мажлис доирасида қатор меморандум ва шартномалар имзоланган. Жумладан,“Ўзагротехсаноатхолдинг” ширкати СNH Industrial билан пахта териш машиналари ва бошқа қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқариш бўйича ҳужжат, “Ўзбекэнерго” ширкати Honeywell International билан электр энергиясини ҳисоблаш соҳасида чора-тадбирларни жорий қилиш бўйича меморандум, Навоий тоғ-кон-металлургия комбинати Nukem ширкати билан табиий уран концентратини етказиб бўйича шартнома, "Ўзбекнефтегаз” General Electric билан Ўзбекистон нефть-газ соҳасига энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича меморандум, "Ўзфармсаноат” ширкати эса АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан “Сифатли дори-дармон маҳсулотларини олға суриш” лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашиш бўйича англашув меморандумини имзолаганлар.

АҚШ-Ўзбекистон савдо палатасининг аввалги мажлиси 2015 йил октябрь ойида Вашингтонда ўтганди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ ширкатлари иштирокида 164 та корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан 122 таси қўшма корхона, 42 таси эса 100 фоизлик чет эл сармояси билан ишлаяпти.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида АҚШнинг 29 та ширкати аккредитациядан ўтган.

XS
SM
MD
LG