Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:52

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов вафотига уч йил тўлди


Ўзбекистон халқ шоири¸ Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов
Ўзбекистон халқ шоири¸ Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов

5 ноябрь куни Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов вафот этганига роппа-роса уч йил тўлди.

Ўзбекистон гимни муаллифи 5 ноябрь куни эрталаб АҚШнинг Хюстон шаҳрида 75 ёшида вафот этганди.

Абдулла Орипов Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида деҳқон оиласида 1941 йили дунёга келди.

Ўрта Осиё Давлат дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика бўлимига кириб, 1963-йилда тамомлади.

1963 йилдан буён турли нашриётларда муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасида котиб, Бутуниттифоқ Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш идорасининг Ўзбекистондаги раҳбари вазифаларини бажарди.

Абдулла Ориповнинг талабалик йилларида яратилган шеърлари республика вақтли матбуотида чоп этилди. 1965-йилда биринчи шеърлар тўплами — «Митти юлдуз» китоби чоп этилди, шундан буён шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Ҳаким ва ажал» (1980) «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983) шеърий тўпламлари босилди.

Абдулла Орипов Дантенинг «Илоҳий комедия» асарини ўзбек тилига ўгирди, Некрасов, Украинка, Шевченко асарларини ҳам она тилига таржима қилди.

Ижодкорнинг шеърий мажмуалари рус ва бошқа тилларга таржима қилинган ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилган.

"Атрофда руҳан гадо одамлар"

Абдулла Орипов вафотидан тўрт ой олдин Озодлик мухбири Шуҳрат Бобожон билан суҳбатлашганди.

Суҳбатда ўзбек шеъриятида Навоийдан кейин энг кўп мутолаа қилинган шоир, деб билинган 75 яшар Абдулла Орипов "ўзбек миллатининг бугунги ҳолидан ўкинаман" деб айтганди.

Абдулла Орипов ўз вақтида унга хушомад қилган, бугун эса унутган “шогирд”ларидан ëзғирганди.

"Атрофда руҳан гадо одамлар. Руҳан майиб одамлар. Ожиз одамлар. Қалбан қул одамлар. Пишмаган қовунлар булар. Тафаккур қилмайди улар. Булар мол–мулк изидан, бойлик изидан, амалдор изидан кетади. Навоий ëки Махтумқулини изидан кетмайди. “Пулинг қанча?” деб сўрайди. Энди муҳит шунақа, Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим," дея ёзғирганди.

Шоир вафотидан бир йил ўтиб Қарши шаҳрида шоир номида она-тили ва адабиëтга иҳтисослашган интернет ташкил қилинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев "Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида" қарорига биноан хиëбонда "миллий адабиётнинг улкан намояндалари" Озод Шарафиддинов¸ Эркин Воҳидов¸ Муҳаммад Юсуфлар қаторида Абдулла Ориповга ҳам ҳайкал ўрнатилди.

XS
SM
MD
LG