Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:32

VOA: Ўзбекистон вазирлари АҚШда сиёсий ва бизнес доиралар билан мулоқотда


АҚШга борган ўзбек делегациясига ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилик қилмоқда.
АҚШга борган ўзбек делегациясига ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилик қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, адлия вазири Русланбек Давлетов ва Капитал бозорларини ривожлантириш агентлиги раҳбари Отабек Назиров, шунингдек, етакчи сенатор Содиқ Сафоев бу ҳафта АҚШда. Мақсад - Вашингтон ва Нью-Йоркда музокаралар ўтказиб, бу давлат билан ҳамкорликни ошириш, хусусан инсон ҳуқуқлари ва ислоҳотлар, иқтисодий ва молиявий масалаларда Америкадан кўпроқ ёрдам ва хайрихоҳлик олиш.

Вашингтонда 18 июль куни Диний эркинлик бўйича халқаро анжуман ўтмоқда. Ўзбекистон ҳам юзлаб давлатлар қаторида ўз вакилларини юборган. Тадбир асосан ташқи ишлар ва адлия вазирлари даражасида ўтади.

"АҚШ эътиқод эркинлигига асосланган тузумдир", дейди Давлат котиби Майк Помпео.

"Ҳуқуқ ва адолат - бу мамлакат устуни. Диний эркинлик - насроний, яҳудий, мусулмон ёки буддист эркинлиги билан чекланмайди. Диний эркинлик - умумбашарий, умуминсоний эркинлик", деди у.

Вице-президент Майк Пенс дейдики, Америка диний жиҳатдан эзилган одамларни ҳимоя қилади. "Мақсад тинчлик ва эзгулик бўлса, дейди Пенс, АҚШ сиз томонда".

Ўзбекистон делегацияси Нью-Йоркда нуфузли Колумбия университетида бўлиб, бу даргоҳ билан илмий-амалий шерикликни йўлга қўйиш ҳамда дунё молия бозори жойлашган шаҳарда ўз шерикларига эга бўлишни таъминлаш ҳақида келишиб олган.

Вашингтонда Жаҳон банкида ҳам учрашувлар кечган. Унда Ўзбекистондаги молиявий аҳвол ва капитал бозори шаклланиши учун қилинаётган ишлар ҳақида гап кетган.

Тошкентдан келган расмийлар АҚШ Молия вазирлигига ҳам ташриф буюрган. Техник кўмак олиш, яъни Ўзбекистонда энди оёққа тураётган капитал бозорига функционал ёрдам бериш борасида гаплашилган.

Ташқи ишлар вазири Комилов Оқ уйда Президент Трампнинг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон билан мулоқот қилган. Вашингтон Ўзбекистондаги ислоҳотларни қувватлаб келади ва унинг назарида бу жараёнлар бутун Марказий Осиёга ижобий таъсир ўтказмоқда.

Келишув ва меморандумлар оламшумул янгилик эмас. Америка сиёсий, бизнес ва илмий доираларида саволлар кўп. Асосийлари, жумладан: Ислоҳотлар бугунгача нимани янгилади? Конкрет натижалар нималардан иборат? Ўзбекистон бугун қанчалик эркин? Қонун, адолат қанчалик устувор? Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш қандай кечмоқда? Тошкентга ишониш учун қандай асослар бор?

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида делегация билан катта давра суҳбати кутилмоқда. Унда мамлакатдаги бугунги вазият, ташқи сиёсатдаги устувор мақсадлар, шунингдек, адлия ва инсон ҳуқуқлари бобидаги ўзгаришлар ва муаммолар ҳамда капитал бозори ва иқтисодий муҳит муҳокама қилинади.

XS
SM
MD
LG