Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:27

FT: Ўзбекистон ЕИдан Алишер Усмоновга қарши санкцияларни бекор қилишни сўраган


Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиёев билан.
Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиёев билан.

Британияда чиқадиган Financial Times нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқидан россиялик олигарх Алишер Усмоновга нисбатан жорий этилган санкцияларни олиб ташлашни сўраган.

Нашрнинг ўз манбаларидан иқтибос келтиришича, Евроиттифоқ вакиллари билан яқинда ўтган учрашувлар чоғида ўзбек расмийлари санкциялар Усмоновнинг мамлакатга сармоя киритишини чеклаётганини айтиб, уларнинг бекор қилинишини сўраганлар.

FT маълумотича, расмий Тошкент шунингдек, Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловани ҳам санкциялар рўйхатидан чиқаришни сўрамоқда. Европа Иттифоқи Усмоновнинг синглиси унинг қатор активлари, жумладан, 600 миллион долларлик Dilbar суперяхтасига эгалик қилади, деб ҳисоблайди.

Тошкент Усмоновга ёрдам беришга "тайёр"

Тошкент ва Брюссель ўртасидаги муҳокамалардан хабардор икки кишининг айтишича, Тошкент Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи расмийлари ўртасидаги сўнгги учрашувларда санкциялар юзасидан хавотир билдирган. Ўзбекистон, шунингдек, агар Иттифоқ чекловларни олиб ташлаш сўровини рад этса, Усмоновга Брюсселга қарши юзага келиши мумкин бўлган даъвода ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқчи, деб ёзмоқда Financial Times.

Алишер Усмонов Путинга “яқин эмас”лигини исботлай оладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:43 0:00

Нашрнинг маълумотларига кўра, Путин босқинидан олдин 20 миллиард долларга яқин бойлиги бўлган Усмонов ўзи туғилиб ўсган Ўзбекистон билан яқин алоқада. Тошкент унга қарши қўйилган санкциялар, жумладан, активлари музлатилиши миллиардернинг ўз бойлигининг бир қисмини мамлакатга сармоя сифатида киритиш имкониятини чеклаб қўйганини даъво қилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги FT сўровларига жавоб бермаган. Усмоновнинг матбуот котиби эса “Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатларига баҳо бера олмаслиги, аммо санкциялар сармоя ва хайрия лойиҳаларига ҳақиқатан ҳам ҳалақит бераётгани"ни айтган.

Financial Times мақоласида ёзилишича, Усмонов ўз бойлигини 1990‑йилларда Россиянинг “Газпром” давлат газ ширкатининг катта директори бўлганда қозонган, ўз лавозимидан пўлат, мис, телекоммуникация, технология ва медиани қамраб олган саноат конгломерати қуриш учун фойдаланган.

Британия нашри Тошкентнинг Усмонов учун лоббилик қилиши Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилаётган бир пайтда содир бўлаётганига эътибор қаратган.

Европа Иттифоқи расмийлари FT билан суҳбатда Усмонов ва Исмоиловага қарши санкцияларни бекор қилиш - Европа Иттифоқининг барча 27 аъзоси бир овоздан маъқуллаши керак – санкцияларга дучор бўлган ўнлаб икки фуқароликка эга россиялик олигархлар атрофида ҳам худди шу каби баҳсларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтишган.

Еврокомиссия вакили Иттифоқ ва учинчи давлатлар ўртасидаги учрашувларга изоҳ бермаслиги, санкциялар муҳокамаси эса махфий бўлганини айтган.

“Европа Иттифоқининг санкциялар режими рўйхатга киритилган барча жисмоний ва юридик шахсларга Европа судига қонуний шикоят қилиш имкониятини беради”, дея ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича бош вакили Питер Станонинг сўзларидан иқтибос келтимоқда Financial Times нашри.

Немис полицияси сешанба куни Швейцариянинг UBS банкининг Франкфурт ва Мюнхендаги офисларида Усмоновнинг пул ювиш билан боғлиқ тергов ишлари доирасида рейд ўтказган.

Усмоновнинг матбуот котиби унинг пул ювиш ёки солиқ тўлашдан бўйин товлагани ҳақидаги ҳар қандай айбловларни «қатъий» рад этган.

Усмоновнинг бошқа бир синглиси Саодат Нарзиева сентябрь ойида, вакилларининг айтишича, “ёлғон айбловларга асосланган” қарорлар устидан муваффақиятли шикоят қилгани учун Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан ўчирилган.

ЕИ Усмоновга қарши санкцияларни "бекор қилиши мумкин"

Айни пайтда Британияда чиқадиган яна бир нашр Тhe Guardian Европа Иттифоқи яқин кунларда Алишер Усмонов ва синглисига қарши санкцияларни бекор қилиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.

Тhe Guardian манбаларига кўра, санкцияларни вақтинча бекор қилиш тўғрисидаги қарор келгуси икки ҳафта ичида, якуний қарор эса йил охиригача қабул қилиниши мумкин.

“Ушбу қарор қабул қилинса, Усмонов ва унинг қариндошлари музлатилган ва мусодара қилинган активларидан фойдаланиш имконига эга бўлади”, деб ёзди Британия нашри.

Ҳар икки нашр 69 яшар Алишер Усмонов бир вақтлар "Путиннинг энг яқин олигархларидан бири" дея таърифланганини эслатган.

  • Алишер Усмонов Россиянинг энг бой одамларидан ҳисобланади. Forbes унинг бойлигини $11,5 миллиард деб баҳолаган. Шу йил февралида Россиянинг Украинага тажовузи бошланиши ортидан Усмонов Евроиттифоқининг санкциялар рўйхатига тушди. Кейинроқ санкцияларга АҚШ, Британия, Австралия, Канада ва Япония ҳам қўшилди. Бу давлатлар олигархнинг Кремлга яқинлигини айтиб, уни Путин режимини дастаклашда айблашган.
  • Шу йил майида Алишер Усмонов Люксембургдаги Европа судига санкциялар устидан шикоят киритди. Усмоновга қарши санкцияларни олиб ташлашни Венгрия ҳам сўраган.

Форум

XS
SM
MD
LG