Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2021, Тошкент вақти: 05:22

Телеграмда "таҳқирланган" ургутликларни тинчлантириш учун ҳарбийлар ташланди (ВИДЕО)


Ургутда 22 июль куни кўрилган ҳарбийлар (Видеодан скриншот)

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида аҳоли норозилиги акс этган видеолар тарқалди.

Озодликка маълум бўлишича, Ургутнинг Ғўс қишлоғида бир гуруҳ аҳоли вакиллари Телеграм орқали "ўз шаънларига ҳақоратли сўзлар ишлатгани" даъво қилинган шахсни жазолашни талаб қилишган.

ИИБ маълумотига кўра, ғўсликларни ҳақорат қилган шахс ҳибсга олинган. Унинг кечирим сўраган видеоси тармоқларга жойлаштирилган.

Ғўсликларга кўра, жамоат тартибини сақлаш учун ИИБ, махсус кучлар ва ҳарбийлар жалб қилинган.

Ҳодиса пайти бир неча ғўслик жароҳат олгани ва ўнлаб йигит ҳибсга олингани айтилмоқда.

Ҳодисага гувоҳ бўлган ғўсликларнинг Озодликка айтишича, воқеа аслида 3 кун аввал бошланган:

“21 июль куни Ургут тумани марказида яшовчи бир йигит ғўсликларни жуда ёмон ҳақорат қилди. Жуда уят сўзларни ишлатиб сўкинган. Шу куни ғўсликлар у йигитнинг кимлигини, адресини аниқлашди. Эртасига, яъни 22 июль куни унинг уйига боришди. Лекин унга хабар берилган экан, уйидан қочиб кетибди. Кейин одамлар ҳокимият олдига бориб, ҳақорат қилган йигитни жазолашни талаб қилишди”.

Манбага кўра, ҳодиса ҳақида эшитган қишлоқ аҳли туман марказига йиғилган:

“Жуда кўп одам эди, сизга аниқ сонини айта олмайман. Чунки ҳеч ким санамади. Лекин юзлаб одам бор эди. Неча юзлигини, балки ИИБ санагандир. Одам жуда кўп эди”.

Ҳодисанинг бошқа гувоҳларига кўра, жаҳл отига минган оломонни тинчлантириш учун туман ИИБ бўлими қўшимча куч чақиртирган:

“ОМОН ҳам шу ерда эди. ДХХ ҳам шу ерда эди. Военний формадагилар ҳам бор эди. Бир нечта бронетранспортерни кўрдим. Кимдир танклар ҳам борлигини айтди. Одамлар жуда нервний эди. Ҳамма ўша ҳақорат қилган одамни жазолашни талаб қилишди”.

Озодликка ҳодиса жойидан жўнатилган видеоларда ўнлаб ҳарбийларни кўриш мумкин. Улар қалқон ва дубинкалар билан қуроллангани кўринади.

Ғўсликлар иддаосича, шу куни оломонни тинчлантириш учун ҳарбийлар томонидан куч ҳам қўлланилган.

“Ҳеч ким тарқалишни истамади. Кейин бировларга электрошок қўллабди. Яна кимдир кўздан ёш оқизувчи газ қўлланганини айтди. Кўпчилик жароҳатланди”,- дея иддао қилди ғўслик йигит.

Лекин ғўсликларнинг бу иддаоларини на маҳалла йиғини раиси ва на Ургут туман ИИБ бўлимининг Озодлик боғланган ходими тасдиқлади.

23 июль куни Самарқанд вилоят ИИБ Ургутдаги ҳодиса бўйича расмий баёнот эълон қилди.

Баёнотда айтилишича, 21 июль куни Ургут тумани “Дўстлик” маҳалласида яшовчи 32 яшар Ш.Ш. Телеграм тармоғига "гуруҳ аъзоларини ҳақоратлаган видеомурожаатини жойлаштириб, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаган”.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ш.Ш.га нисбатан «қамоқ» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ш.Ш. ҳибсга олингач, унинг кечирим сўраган видеоси тармоқларга чиқарилди.

Расмий хабарда Ш.Ш.нинг яшаш манзилига бориб, жанжал кўтарган барча фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилгани ва жамоат тартибини бузган ҳар бир фуқаронинг ҳаракатларига қонуний тартибда баҳо берилиши айтилган.

Ғўсликларга кўра, икки кун давомида ўнлаб йигит ҳибсга олинган.

“Ҳаммани олиб бориб, битта хонага қамаб қўйишган. Туалетга чиқишга ҳам рухсат бермаган. Ҳамма битта хонада тиқилиб, тик оёқда турган. Чунки одам кўплигидан ўтириш имкони бўлмаган. Ҳозир Ғўс қишлоғи қамал қилинганга ўхшайди. Военнийлар ўраб олган. Ҳарбий техникалари билан юрибди”,- деган иддаони Озодлик суҳбатлашган икки нафар ғўслик гапирди.

Айни пайтда ғўсликлар 23 июль куни ҳам Ургут тумани марказига йиғилишганини айтишди.

“Бугун ҳам одамлар туман ҳокимияти олдиган боришди. Юзлаб одам бор эди. Одамлар бориб, ҳибсга олинганларни қўйиб юборишни талаб қилишди. Бир кун олдин военнийлар йигитларнинг телефонларини тортиб олиб қўйган, шу телефонларни қайтаришни талаб қилишди”,- деди ҳодиса тафсилотларидан хабардор ғўслик.

Самарқанд вилоят ИИБ ўз баёнотида “қонунда белгиланмаган тартибда бошқа бир фуқарони «самосуд» қилиш ёки шу каби ҳаракатларга уриниш жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши” эслатиб ўтган.

XS
SM
MD
LG