Линклар

Шошилинч хабар
06 август 2020, Тошкент вақти: 02:41

Милтиқдан отилган уч қўқонлик йигит касалхонадан мажбуран олиб кетилиб, ўн суткага қамалди


Бахтишод Мамажонов олган жароҳат

Қўқон шаҳридаги “Шедевр” чойхонаси олдида 6 февраль куни кечаси қирқма ов милтиғидан кўп сонли жароҳат олган уч йигит 7 февраль куни тез ёрдам касалхонасидан олиб кетилиб, Фарғона вилояти ИИБ изоляторига қамаб қўйилди.

Жабрланганлар яқинларининг айтишларича, таналаридаги ўқлар ҳали тўла-тўкис олинмаган беморларнинг олиб кетилишига врачлар ҳам тўсқинлик қилмаган.

Жабрланганлар 8 февраль куни Фарғона тумани судига олиб борилган ва уларга ўн суткалик қамоқ жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси милтиқдан ўқ отган шахс ушлангани ва бу иш юзасидан тергов ўтказилаётгани ҳақида хабар қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг хабар қилишича, 6 февраль куни соат 00.10 ларда Қўқон шаҳар, Генерал Узоқов кўчасида жойлашган чойхонада бир фуқаро чойхона кириш эшиги олдида турган уч кишини ов милтиғидан икки марта ўқ отиб яралади ва воқеа жойидан яширинди.

Воқеа ўқ отган ва ўқ еганларнинг ўзаро жанжали ортидан юз берган.

Жиноят ишини қўзғатиш ҳақидаги Қўқон шаҳар прокуратурасининг қарорида ёзилишича, “тиббиёт бирлашмасидан берилган дастлабки маълумотга кўра, Бахтишод Мамажоновда сочма ўқдан шикастланиш, чап қўл билак-кафт, бармоқ, қорин олди девори, оралиқ соҳаларида кўплаб ёт жисмлар, Абдуқодир Қодировда ўнг елка ва кўкрак олд юзасида кўплаб сочма ўқдан олинган жароҳатлар, Шоҳаббос Жабборовда чап кўкрак қафаси олд юзаси ва қорни олд деворларида кўплаб сочма ўқдан жароҳатланиш аниқланган.

Жабрланганларнинг яқинлари гумонланувчи шахс нима сабабдан уларни милтиқдан отгани сабабини билмасликларини айтмоқда.

Жабрланганлар 6 февралдан 7 февралга ўтар кечаси Қўқон шаҳридаги шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилган.

Бахтишод Мамажоновнинг онаси Сайёра Баратованинг айтишича, ўғлининг баданидаги ўқлар ҳали тамоман олинмасдан туриб, уларни милиция ходимлари зўрлик билан касалхонадан чиқариб, олиб кетган:

Нега қони оқиб турган боламни изоляторга олиб кетишади?


- Милиция прокуратурадан қарор олиб келди, тезда буларни Фарғонага СИЗО га олиб кетамиз дейишди. То қарор олиб келмагунча биз бермадик. Духтурлар ҳам буларнинг қўлида, қорнида ҳали ўқлар бор, температураси бор, булар касал ҳам демади. Ўқни отган бошқаку, агар бирор можароси бўлса шу ерга келиб сўрасин, нега қони оқиб турган боламни изоляторга олиб кетишади?

Бахтишод Мамажонов олган жароҳат
Бахтишод Мамажонов олган жароҳат

Жабрланганлардан яна бири, Шоҳаббос Жабборов бувиси 73 яшар Тамара Муаммеджанованинг айтишича, унинг невараси баданидаги бирорта ўқ олинмасдан туриб, мажбуран олиб кетилган:

Рентген қилдик. Неварамнинг ичида 37та ўқ бор экан.


- Мен касалхонада икки кун турдим. Ҳеч қандай ёрдам ҳам беришмади, ўқларни ҳам олишмади. Врачларга нега ёрдам бермаяпсизлар десам, тепадан шундай буйруқ бўлган дейишди. Судмедэксперт ҳам келди, шундай қорнини босиб кўрдию шу билан чиқиб кетди. Рентген қилдик. Неварамни ичида 37та ўқ бор экан. Елкасидан бошлаб қорнигача сочма ўқ теккан. Еттита ўқ талоқда турибди. Бирортасини олмади. Духтурнинг гапини қаранг, йиринглаб ўзи чиқиб кетар экан. Олиб кетишганда иситмаси бор эди. Шу ҳолатида конвой машинага солиб изоляторга олиб кетди. Агар сўрайдиган нарсалари бўлса, нега шу ерга келиб сўрашмайди. Қочиб кетади деб қўрқишса, нега қўриқчи қўймайди. Ярадор одамни изоляторга олиб бориб қамаш, инсофданми? Ахир булар жабрланганларку, ўқ отган эмаску?

Шоҳаббос Жабборовга отилган ўқлар рентгенда кўринади
Шоҳаббос Жабборовга отилган ўқлар рентгенда кўринади

Оналарнинг айтишларича, йигитларни маҳбуслар ташийдиган машинада олиб кетишган.

Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, "фуқаро А.Қодировда аниқланган тан жароҳатлари ҳаёт учун хавфли белгилари билан кечмаган, аммо соғлиғини узоқ муддатга(21 кундан кўп бўлган муддат) бузилишига сабабчи бўлади ва шу сабаб 21 кундан кўп бўлган муддат соғлиғи бузилишига сабабчи бўлган ЎРТА ОҒИР тан жароҳатлари тоифасига киради".

Абдуқодир Қодировга берилган экспертиза хулосаси
Абдуқодир Қодировга берилган экспертиза хулосаси

Аммо шундай бўлса-да, экспертиза уни тергов ҳибсхонасини тиббиёт ходимлари назорати остида сақлаб туришига монеълик қилмайди, деган хулоса чиқаради.

Жабрланганлар яқинларининг иддао қилишича, ҳақиқий экспертиза ўтказилмасдан, "терговга ярайди" мазмунида юзаки сохта хулоса чиқариб берилган.

Исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик адвокатлардан бирининг айтишича, бу ҳолатда қонун врачлар томонидан ҳам, прокуратура томонидан ҳам бузилган:

“Агар баданидаги ўқлар ҳали олинмаган, у тергов беришга қодир бўлмаса, врач уни касалхонадан чиқаришга рухсат бермаслиги шарт эди. Врачларга ҳам тазйиқ бўлган шекилли. Иккинчидан, агар булар хавфли жиноятчи бўлмаса, то соғайгунча тергов қилинмаслиги, агар жуда зарур бўлса терговчи касалхонага келиб сўроқ қилиши керак эди. Бу ўринда Ўзбекистон Жиноят процессуал кодекси қонунлари қўпол равишда бузилган ва изоляторга қамалган маҳбуслар ҳаёти хавф остида қолган. Чунки ўқ жойлари заражение бўлиб кетиши мумкин”.

Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Комилжон Сирожиддинов Озодлик билан суҳбатда бу воқеадан бехабар эканлигини айтиб, алоқани узди.

Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам марказининг ўзини таништирмаган врачи милтиқ ўқидан яраланган уч нафар йигит баданидаги ўқлар тамоман олинмай туриб ички ишлар органи ходимлари олиб кетганини тасдиқлади.

Озодлик 8 феврал куни Тошкент вақти билан соат 17.15да жабрланувчиларнинг яқинлари билан яна боғланганида, жабрланувчилар Фарғона тумани Жиноят ишлари бўйича судига олиб келинганини айтдилар:

“Ҳозиргина шу ерга конвой машинасида олиб келишди. Укам билан гаплашдим. Кечадан буён яраларини перевязка ҳам қилмабди, ҳамма жойлари қонаб ётибди экан. Бизга жиноятчига қарагандай муомала қилишяпти, дейди”.

8 февраль куни соат 18.30да Фарғона тумани Жиноят ишлари бўйича суди ярадор ҳолда олиб келинган Бахтишод Мамажонов, Абдуқодир Қодиров ва Шоҳаббос Жабборовни ўн сутка қамоқда ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарига кўра, жабрланувчилар олган жароҳатларнинг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид экспертиза тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 25- моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ,97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми "а, п" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG