Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:17

"Июлда вазият тубдан ўзгаради". Ҳарбий эксперт Украинадаги урушнинг бориши ҳақида


Украина, Харьков, 16 май, 2022.
Украина, Харьков, 16 май, 2022.

Пентагон Украина ҳудудида Россиянинг 106 та батальон-тактик гуруҳи (БТГ) мавжудлигини айтмоқда. АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, Россия ҳарбийлари шарқий, марказий, ғарбий ва жанубий – тўрт жўғрофик йўналишга тақсимланган. Улардан энг йириги – жанубий йўналиш. Мариуполь ва Донецк вилоятининг ғарбий қисмини ҳамда Херсон вилоятини Қрим яримороли шимолига қадар қамраб олган ҳудудда жами 50 та БТГ борлиги айтилмоқда. Айни чоғда Пентагон ҳар бир гуруҳнинг жанговар лаёқати ва шайлиги хусусида аниқ маълумотга эга эмаслигини, аммо Россия ҳарбийлари талафот беришда ва техникаларини йўқотишда давом этаётганини қайд этган.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 2021 йил август ҳолатига Россия армиясида 170 та БТГ бўлганини айтган эди. Ҳар бир БТГда тахминан 600-800 аскар бўлади.

“Настояшчее время” телеканали ҳарбий эксперт, Украина бош штаби собиқ вакили Владислав Селезнёв билан вазият хусусида суҳбатлашди.

– Украина Бош штабининг сешанба тонггида эълон қилган хабарномасида Донецк йўналишида Россия армияси чекинаётгани билдирди. Кейинроқ эса Россия Северодонецк ҳудудида талафот кўраётгани ва чекинаётгани маълум қилинди. Бу ростми, шунақа бўлиши мумкинми?

– Ҳа, шубҳасиз, бўлиши мумкин, чунки Россия-Украина фронтининг худди шу бўлагида украин ҳарбийлари ўт очишни кучайтирди. Натижада душманнинг ҳужумкор кучлари талафот бермоқда. Айни пайтда биз Россия босқинчи армияси шахсий таркибни қайта гуруҳлаётганини кузатяпмиз. Яъни, сезиларли йўқотишларга учраган бўлинмалар чекинмоқда. Улар ўрнига янги кучлар киради. Украина ҳудудига Россиядан қўшимча 9 та БТГ келди. Энди улар яна бизнинг бўлинмаларни сиқувга олишга уринишади. Шу боис Украина армияси фронтнинг Лисичанск ва Северодонецк бўлагида қарши ҳужумга ўтяпти, дейиш унчалик тўғри бўлмайди.

Украина Қуролли кучлари Бош штабининг собиқ сўзчиси, ҳарбий эксперт Владислав Селезнев.
Украина Қуролли кучлари Бош штабининг собиқ сўзчиси, ҳарбий эксперт Владислав Селезнев.

Россия босқинчи қўшинлари қайта дислокация қилиняпти. Олдинда бизни оғир кунлар кутмоқда, чунки рус генераллари дастлабки режаларидан воз кечишмаган ва бизнинг позицияларимизга ҳужум қилишда давом этишади.

– Сизнинг-ча, Северодонецк йўналишидаги кичик ютуқлар россияликлар қайта гуруҳланаётгани ва ҳужум ҳаракатларида танаффус олгани билан боғлиқми?

– Танаффус қилишмаса бўлмайди, чунки украин артиллерияси жуда жуда яхши ишлаяпти. Разведка, жумладан, аэроразведка кўмагида Россия армиясига аниқ ва жуда оғриқли зарбалар бериб, жиддий талафот етказяпмиз. Қайта гуруҳланишга мажбур улар.

– Харьков вилоятида украин армияси сўнгги кунларда Россия чегараси томон анчагина олға силжишга муваффақ бўлди. Тушунтириб беринг-чи, Харьков вилоятида бу нима учун муҳим? Энг муҳими, бу Донбассдаги Россия армиясининг таъминот каналларини тўсишга ёрдам берадими?

– Харьков вилояти шимолида ҳудудий мудофаа бўлинмалари ҳаракат қилмоқда. Улар – ўз юрти, оиласи ва уйини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олган оддий фуқаролар. Мунтазам армия тузилмалари у ерда унча кўп эмас, шунга қарамай ҳарбийларимизнинг ўзаро уйғун ҳаракат қилиши натижасида босқинчи қўшин давлат чегарасига сиқиб чиқарилди. Бу, ўз навбатида, Харьков шаҳрига артиллерия ва ракета зарбаларини камайтиради.

Қолаверса, Россия босқинчи қўшинлари украин армияси чегарадан ўтиб, Россиянинг Белгород шаҳрига юриш қилишидан қаттиқ ташвишга тушган. Бу шаҳарни реактив артиллериядан ўққа тутишимиз мумкинлигини ўйлаб типирчилаб қолишди. Менга маълум бўлишича, кейинги кунларда Россия ушбу участкага захира кучларни тортиб келгач, қўшинларимизнинг олдинги силжиши бир оз сусайган.

Бироқ биз сўнгги пайтларда кузатаётган тенденция шундайки, шимоли-ғарбда ва Харьков вилояти шимолида украин қўшинларининг ҳаракати босқинчиларни ушбу ҳудуддан улоқтириб ташлашга қаратилган.

Вилоятнинг шарқий қисмига келсак, у ерда вазият бирмунча мураккаб, чунки мазкур ҳудудда Россиянинг мунтазам армияси кучлари бор, улар чуқур ҳандақлар қазиб, мудофаага ўтиб олишган, чунки Северодонецк ва Изюм йўналишларидаги ҳужумларни дастаклаш учун зарур логистика йўлларини сақлаш жуда ҳам муҳимлигини тушуниб туришибди. Шу боис Купянск ва Волчанск аҳоли масканларини ўз қўлларида сақлаб қолиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишмоқда.

– Харьков вилоятининг ўзингиз тилга олган ҳудудлари қачон озод этилади? Бу сценарийни қандай тасаввур қиласиз?

– Ғарблик ҳамкорларимиз ваъда қилган қуролларни зарур миқдорда олишимиз билан Украина қўшинлари фаол ҳаракат бошлайди. Бизга аввало АҚШнинг М777 гаубицалари типидаги олисдан аниқ урадиган замбараклар, аэроразведка учун учувчисиз учоқлар ва камикадзе дронлар керак. Ўшанда биз душман мустаҳкамланиб олган ҳудудларга узоқ масофадан самарали зарба бериш имкониятига эга бўламиз.

– Ўтган кунлардан бери интернетда Россия ҳужумлари харитаси айланиб юрибди. Алексей Арестович эълон қилган бу харитадан Россия қўшинлари Донбассда украин армиясини қуршовга олишга уринаётган нуқталар сони камайганини, Россия Луганск вилоятини ишғол этиш учун кенг кўламли режаларидан воз кечаётганини англаш мумкин. Сиз бу фикрга қўшиласизми?

– Мен бошқачароқ таърифлаган бўлардим: “воз кечяпти” эмас, балки дастлабки режаларини амалга оширишга қурби етмай қолди. “Россия армияси қудрати бўйича дунёда иккинчи ўринда туради”, деган афсона чилпарчин бўлди, украин қўшинлари шарофати билан барча Россиянинг ҳарбий соҳада нақадар қолоқлигини ўз кўзи билан кўрди. Ва ҳарбийларимиз буни қайта ва қайта исботлашмоқда.

Армиямиз мамлакат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини тиклаш мақсади билан ҳаракат қиляпти. Бутун куч-қувватимизни ишга солиб, Украина ерларидаги Россия босқинчи армиясини яксон қилиш ва уларни давлат чегараларидан чиқариб ташлаш учун курашяпмиз.

– Украина жанубида вазият қай тариқа ривожланишини кутяпсиз? Билишимизча, украин армияси Херсон вилоятидаги қурол-аслаҳа омборларига зарба бермоқда. Ушбу ҳудудда қарши ҳужумга ўтиш мумкинми?

– Тўйдан олдин ноғора чаладиганлардан эмасман. Барча қусурларига қарамай, Россия жуда хавфли душман, унинг ҳужум ҳаракатларини олиб бориш учун зарур захиралари бор. Мамлакатимиз жануби – Запорожье ва Херсон вилоятларида кузатилаётган тенденция Россия захира кучларини, жумладан стволли реактив артиллерия қуролларини тўплаётганини кўрсатмоқда.

Бу – душман бизнинг шаҳар ва қишлоқларимизга ракета-бомба ва артиллерия зарбалари йўллашда давом этажагидан дарак беради. Шубҳасиз, бу нафақат украин ҳарбийларига,балки ҳамон фронт чизиғидаги аҳоли масканларида қолаётган тинч фуқароларимизга ҳам хавф туғдиради. Вазият анчагина қалтис.

Украинага босқин: 88-кун | Путиннинг куёви Зеленский, ёндирилган военкомат ва чегарадаги “Терминатор”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:45 0:00

Украина армиясига захира кучлар керак, улар ғарбий вилоятлардаги полигонларда етиштириляпти, ҳадемай фронтга жўнатиш учун тайёр бўлишади. Кенг кўламли урушнинг илк кунидан бери жанг қилаётган аскарларимиз ҳолдан тойишганини ва дам олишлари кераклигини яхши тушунамиз, албатта.

Шу боис ҳам бор умидимиз – захирадаги кучлардан. Етарлича захира куч тўплаб, уларни замонавий зирҳли техника ва артиллерия билан қуроллантирсак, тоғни талқон қиладиган қудрат касб этамиз. Ўшанда бемалол стратегик даражадаги қарши ҳужум амалиётини бошлаб, босқинчиларни юртимиздан ҳайдаб чиқаришга киришсак бўлади.

– Сизнинг-ча, қарши ҳужум қачон бошланиши мумкин? Жорий йилнинг қайси ойида украин армияси қарши ҳужум ҳаракатларига ўта олади?

– Бу хусусда Украина разведкаси раҳбари генерал Буданов фикрига қўшиламан: тахминан июль ойи ўрталарида Россия-Украина урушида туб бурилиш юз беради. Боиси, айни ўша вақтгача Украинага Ғарб мамлакатларидан ҳарбий техника ва қуроллар товар миқдорида етиб келади. Бу орада украин ҳарбий хизматчилари ушбу техника ва қуроллардан фойдаланишни ўрганиб олади. Ва биз тактик-техник хусусиятларига кўра Россия зирҳли техникаси артиллериясидан икки баравар устун бўлмиш янги техникаларда ва янги юқори аниқликда урувчи қуролларда жанг бошлаймиз.

XS
SM
MD
LG