Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2022, Тошкент вақти: 18:30

Россияга кетиб, тирик қайтмаганлар. Украинада икки қирғиз фуқароси ҳалок бўлди


Руслан Полотов.

Яқинда Қирғизистонда Россия қўшинлари сафида Украинага қарши урушиб, ҳалок бўлган икки фуқаро дафн қилинди. Қирғизистон қонунлари фуқароларга бошқа мамлакатларнинг ҳарбий можароларида иштирок этишни тақиқлайди. Шунга кўра савол туғилади: бу икки қирғиз фуқароси Украинада бўлаётган урушга қачон ва қандай қилиб борган?

Озодлик қирғиз хизмати олиб борган суриштирувга кўра, истеъфодаги милиция майори Аманбек Қурбонбоев Россия армияси тарафида урушиб, 23 май куни Донбассда яралангач, госпиталга ётқизилади. 8 июнда у ўша жароҳатлари оқибатида вафот этади, сўнгра жасадини ватанига олиб келадилар. 13 июнь куни Жалолобод вилоятининг Ақси туманидаги Авлетим қишлоғида Қурбонбоевга жаноза ўқилди.

Россияда истиқомат қилувчи туғишган укаси Урматбекнинг сўзларига кўра, Аманбек Қурбонбоев “Иркутскка ишлагани кетяпман”, деган. Урматбек акаси жанг қилиш учун Украинага йўл олганидан кейинроқ хабар топганини айтади:

“Акам 27 март куни қўнғироқ қилиб “Иркутскда патрул хизматида ишламоқчиман, бир оздан сўнг учиб кетаман”, деган эди. Ўшанда Украинага жўнаган экан. Апрелда гаплашганимизда Мариуполь шаҳрида бўлганини сўзлаб берди, у ерни жуда хавфли деди. Озиқ-овқатига пича пул керак экан, юбордим. Ўшандан кейин анчага довур дараги бўлмади. 17 майда видеалоқа орқали қўнғироқ қилди. Грознийда экан. “Аҳмат полкига ёзилдим, эртага иккинчи марта Украинага учаман”, деди. Ниятидан қайтаришга уриндим, аммо қулоқ солмади. Сўнгра 29 май санасида бегона рақамдан сим қоқиб, яраланганини ва Ростовда ётганини хабар қилди.

Дарҳол Москвага учдим, у ердан 30 май оқшомида Ростовга етиб бордим. Мен келганда у реанимация бўлимида экан. Ўзи нафас ололмасди. Узуқ-юлуқ гаплашдик. У ерда 5 июнгача бўлдим. Кунига икки-уч маҳал ёнига кирардим. 23 май куни Северодонецкдаги жанг вақтида акамга снайпер ўқи тегибди. Беш соат жанг майдонида ётгач, икки аскар базўр олиб кетибди. Сўнгра Донецкка олиб бориб, олти марта амалиёт қилишибди. 28 майда Ростовга келтиришибди, бу ерда еттита амалиётни кечирибди. Ундан кейин Москвадаги ҳарбий госпиталга ўтказишибди ва яна иккита амалиёт ўтказишибди. Акам 8 июнда ўлди. Ярадорлигида ёрдамлашиб турган Россия ҳукумати идоралари ўлганидан сўнг унга қарамай қўйди. Биз талаб қила бошлагач “тинч юрмасаларинг жасадни бермаймиз”, дейишди. Ноилож қолдик, акамнинг майитини ўз пулимизга олиб келдик. Москвада ишлайдиган ватандошлар ёрдам беришди. Уни ким, қачон урушга олиб кетган – ҳанузгача била олмадим”.

Марҳумнинг тўнғич акаси Смайилбек Ибраимовга кўра, Аманбек олти фарзанди билан Бишкекда яшаган. Қариндошларини кўргани Ақсига у сўнгги бор март ойида келганини ва пул топиш учун АҚШга кетиш ниятида бўлганини айтади:

“Америкага кетяпман, деганди. Визани қандай оларкан, деб ҳайрон бўлдик. Кейин Украинага жўнаганидан хабар топдик. Яраланганидан сўнг Урматбек унинг ёнида бўлган. Учта ўқ еган одам омон қолармиди?

Аманбек милицияга 1999 йили кирган. Унгача ИИВ академиясида ўқиган, АҚШда малака оширган. 2006 йилда Боткенга кириб олган экстремистлар гуруҳини йўқ қилиш амалиётида қатнашган. Ўшанда Аманбекни ярадор командирини жанг майдонидан олиб чиққани учун мукофотлашган. Тартибли, ҳушёр ва мулоҳазали одам эди. Укамнинг фарзандлари аллақачон катта бўлган, ҳатто невара кўрган, бутун оиласи унинг йўлига кўз тикиб турганди. Начора, ёзуғи шу экан. Ҳаёт тўхтаб қолмайди. Энди оиласига қийин бўлади. Укам Россия манфаатларини деб урушга кирди. Россия билан Қирғизистон ўртасидаги бу муаммони ҳал қилиш керак”.

Аманбек Қурбонбоев 1972 йил 1 августда Ақси туманининг Авлетим қишлоғида туғилган. Айрим маълумотларга кўра, у ИИВнинг тезкор ҳаракат қилувчи махсус отрядида хизмат қилган. Боткен воқеалари иштирокчиси, “Эрдик” (Жасорат) медали билан тақдирланган. 2015 йилги парламент сайловида “Замандаш” партияси номзодлари рўйхатига киритилган.

Қирғизистон ИИВ ҳамда МХДҚ истеъфодаги милиция майорининг Украинадаги урушда ҳалок бўлгани юзасидан изоҳ берганича йўқ.

“Руслан ўқимишли йигит эди”

Маълум бўлишича, Украинадаги урушда Қирғизистоннинг яна бир фуқароси ўлган – 38 яшар Руслан Полотов. У 3 июнь куни Талас вилоятининг Учқўрғон қишлоғига дафн қилинди.

Укаси Ислан Полотов айтишича, унинг Украинага жўнаб кетганидан қариндошлари бехабар бўлганлар:

“Икки йилча бурун Россияга кетувди. Украинага айнан қачон кетганини билмайман. У ерга кўнгилли бўлиб борган. Луганск вилоятининг Рубежное шаҳрида ҳалок бўлибди. Жасадини Москвадан олиб келиб, 3 июнда тупроққа қўйдик. У Қирғизистон фуқароси эди, Россия паспортига ҳавасманд эмасди”.

“Акипресс” ахборот сайти маълумотига кўра, Руслан Полотов 2003-2008 йилларда Москва олий умумқўшин билим юртини тамомлаган. Инглиз, турк тилларини билган. 2002-2003 йилларда Қирғизистон Мудофаа вазирлиги махсус ҳарбий қисмида хизмат қилган. 2008-2010 йилларда ушбу ҳарбий қисм командири бўлган. Жанговар хизматлари учун бир неча бор тақдирланган.

Олий маълумотни 2013-2014 йилларда Қирғизистон президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясида олган. Ўша йиллар Талас вилояти маъмуриятида ишлаган, губернатор ёрдамчиси лавозимигача кўтарилган. 2015 йилдан то Россияга кўчиб кетгунича Таласда АРИС дастури эксперти бўлиб ишлаган.

Уйланган, икки фарзанди бор.

Полотов билан АРИС дастурида бирга ишлаган Бахтиёр Камолдинов уни “ўқимишли ва тақводор одам эди”, деб таърифлайди:

“Уни вилоят маъмуриятида губернатор ёрдамчиси бўлиб ишлаган пайтларидан бери яхши танийман. Кейинчалик танловдан ўтиб, бизда ишлай бошлади. АРИСда 2020 йил сентябрга қадар бирга ишлаганмиз. Уни штатлар қисқартирилганида бўшатишди. Руслан ўқимишли йигит эди, рус ва инглиз тилларини биларди. Ходим сифатида жуда талабчан, фикри очиқ ва замонавий эди. Кунда беш маҳал намоз ўқишни канда қилмасди. Турли мавзуларда жуда кўп суҳбатлашардик. Русча ҳужжатларни тайёрлашда ундан ёрдам сўрардим. Оилапарвар одам эди”.

Украинага босқин: 113-кун I АҚШ Украинага яна 1 млрд долларлик ҳарбий ёрдам ажратади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:19 0:00

Қирғизистон қонунларига кўра, ўзга мамлакат ҳудудида ҳарбий тўқнашув ёки жангларда қатнашган фуқаролар 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шунга қарамай, Қирғизистон фуқаролари можарода иштирок этаётгани ҳақидаги хабарлар пешма-пеш келиб турибди. Улар орасида Украина тарафида урушаётганлар ҳам бор.

Аввалроқ Озодликнинг қирғиз хизмати украин армиясига кўнгилли бўлиб хизматга кирган ва ярадорларга ёрдамлашаётган Дайирбек (исм ўзгартирилган) ҳақида ҳикоя қилган эди.

Мақола чиққанидан сўнг кўп ўтмай Қирғизистон МХДҚ Украинадаги урушда қатнашганликда гумон қилинаётган бир фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Украина ва Россия ўртасида уруш бошланганидан бери Қирғизистон ўз бетарафлигини айтиб келмоқда.

Россия Украинага бостириб кирган 24 февраль санасидан бери бу урушда аввалроқ Россия фуқаролигига кирган уч қирғизистонлик ҳалок бўлди.

Фуқаролик жамияти вакиллари РФ фуқаролигига кирган икки қирғизистонликни дафн қилиш маросимида Қирғизистон ҳарбийлари ҳамда Россиянинг "Кант" ҳарбий базасидаги рус аскарлари қатнашганини ва икки мамлакат байроқлари кўтарилганини танқид қилишган эди.

Айни чоғда Аманбек Қурбонбоев ҳамда Руслан Полотовнинг дафн маросимларига фақат қариндошлари ва дўстлари келганлар, холос.

XS
SM
MD
LG