Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:22

Ким бетараф, ким Россия тарафида. Марказий Осиё давлатларининг Украина бўйича позицияси қандай ўзгарди?


Владимир Путин ва Марказий Осиё раҳбарлари.
Владимир Путин ва Марказий Осиё раҳбарлари.

Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакати Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватламади, лекин очиқча қоралагани ҳам йўқ. Бу уруш минтақа ҳукуматларини ўнғайсиз аҳволга солиб қўйди. Бир томонда – энг муҳим сиёсий ва иқтисодий иттифоқчи бўлмиш Москва. Иккинчи томонда эса – Россияни дастаклаганларни санкциялар билан жазолаши мумкин бўлган Ғарб.

Украинада уруш кетаётган бир йил ичида Марказий Осиё давлатларининг позицияси қанчалик ўзгарди?

ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон Украинадаги уруш билан боғлиқ хабарлар тасмасида илк бор Россия босқини бошланганидан бир кун ўтиб пайдо бўлди. 25 февралда Мирзиёев ва Путин телефонда сўзлашишган эди. Бироқ икки президентнинг матбуот хизматлари бу суҳбатни турлича талқин қилди. Кремль Ўзбекистон Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини гўёки тушунишидан баҳс этди. Бироқ расмий Тошкентнинг хабарномасида бунақа дейилмаганди. Орадан бир кун ўтиб Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Ўзбекистон бетараф позицияда турибди, дея баёнот берди. Уруш бошланганига бир йил бўлди – Тошкент ўз фикрини расман ўзгартиргани йўқ. Айни чоғда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди, “ДХР” ва “ЛХР” номли айирмачи тузилмаларни тан олишдан бош тортди, Россия Украинанинг босиб олинган вилоятларида референдум ўтказаётганида эса давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини билдирди.

Мирзиёев ташқи сиёсатни 19 йил бошқарган А. Комиловни нега ишдан олди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:23 0:00

ҚИРҒИЗИСТОН

Урушнинг илк кунларида Россия ОАВлари Бишкекнинг расмий позициясини ҳам Кремль фойдасига бузиб талқин қилишга уринган эди. Жапаров билан Путиннинг телефон орқали суҳбатидан сўнг РИА Новости Қирғизистон президенти суҳбат чоғида Россиянинг хатти-ҳаракатларини гўёки қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар тарқатди. Шундан сўнг Жапаровнинг матбуот котиби “Қирғизистон можаронинг тинч йўл билан ҳал бўлиши тарафдори”, деган мазмунда изоҳ беришга мажбур бўлган эди. 2022 йил апрелда Жапаров Россиянинг позициясига қарши бориб, урушни “уруш” деб атади ва Қирғизистон бетарафликни сақлаб қолишини эълон қилди. Расмий Бишкек ҳануз шу позицияда турибди. Айни чоғда Қирғизистон ҳукумати Россия элчихонаси олдида норозилик митинглари ўтказилишига бир неча бор қарши чиқди, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги эса Москванинг “ДХР” ва “ЛХР”ни тан олишига нисбатан ҳеч бир муносабат билдирмади. Боз устига Жапаров “эҳтимол, бу Донбасс ҳудудида яшовчи тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кўрилган мажбурий чора бўлгандир”, дея баёнот берди.

ҚОЗОҒИСТОН

Украинадаги урушга нисбатан энг дадил позицияни тутган Қозоғистон бўлса керак. Россия босқини бошланганидан бир ҳафта ўтиб Тоқаев Москва билан Киевни музокараларга даъват қилди. Сўнгра Остона тарафдан “Украина мустақил ва ҳудудий яхлит давлат бўлиб қолиши керак”, деган сўзлар янгради. Қозоғистон аввалбошдан уруш ўз номи билан “уруш” деб аталмоқда, Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига албатта риоя қилишга ваъда бермоқда. Шунингдек, Тоқаев ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилган айирмачи “ДХР” билан “ЛХР”ни “сохта давлат тузилмалари” деб атади ва Қозоғистон ўзича мустақиллик эълон қилган мамлакатларни асло тан олмаганини қўшимча қилди. Расмий Остона бир неча дафъа Россия ТИВ ҳамлаларига дучор бўлди – масалан, Буча ва Киевда қозоқларнинг “матонат ўтовлари” тикилгани учун. Ўтган бир йил давомида Россия айрим депутатлар ва сиёсатшунослар тили билан дам-бадам Қозоғистонни “миллатчиликни рағбатлантиришда” айблаб тудли ва ҳатто Украина воқеалари Қозоғистонда такрорланиши билан таҳдид қилишдан ҳам тоймади.

Путиннинг Қозоғистон президенти исмини адаштириши тасодифми ëки...?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

ТОЖИКИСТОН

Тожикистон расмийлари Украинадаги уруш юзасидан бу урушга бир йил тўлишига бир ҳафта қолган чоғдагина илк марта изоҳ берди. Мамлакат ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин Душанбе уруш энг қисқа замонда барҳам топиши тарафдори эканини айтар экан, Тожикистоннинг Россия билан ҳам, Украина билан ҳам алоқалари аввалдан яхши бўлганини урғулади. Шунингдек, у ҳукумат республика фуқароларининг жангларда иштирок этишига қаршилигини таъкидлаб ўтди.

ТУРКМАНИСТОН

Туркманистон ташқи сиёсий масалалар бўйича деярли ҳеч қачон фикр билдирмайди. Мамлакат йигирма йилдан ошдики, расман бетараф мақомни сақлаб турибди. Бироқ маҳаллий ОАВлар хабарлари мазмунидан Ашхободнинг Россияга хайрихоҳлигини сезиш мумкин. Хусусан, Озодликнинг туркман хизмати мамлакат мулозимлари Ғарбни Украинада уруш қўзғаганликда айблаб мажлислар ўтказаётгани ҳақида ёзган эди. Эътиборга молик яна бир воқеа бор: ЕХҲТ вазирлар кенгашининг ўтган йил декабридаги йиғилишида Туркманистон Ташқи ишлар вазири Ҳамро Аманназаров украин ҳамкасби Дмитрий Кулеба нутқ сўзлаётган пайт зални тарк этди ва Кулеба нутқини тугатгани ҳамоно яна залда пайдо бўлди.

Форум

XS
SM
MD
LG