Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:22

Туркманистондаги “дўзах дарвозаси”га саёҳат


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов алангали “Дарвоза” газ кратерини ўчиришга буйруқ берди. Фотограф Амос Чаппл бу жойнинг Туркманистоннинг энг машҳур сайёҳлик марказига айланмасдан олдин олинган суратларини баҳам кўрди.

Дарвoза газ кратери (сурат 2012 йилда олинган)
Дарвoза газ кратери (сурат 2012 йилда олинган)

Мен вулқонни кўряпман деб ўйлагандим.

2007 йилнинг ёзида мен Истанбулдан Тошкентга тунги рейсда учдим. Туркманистоннинг Қорақум чўлидан учиб ўтаётганимизда, мен ташқарига, ёруғлик кўриниб турган туркман шаҳарларига тикилиб турардим. Уларнинг вафел шаклидаги кўчалари мени мафтун қилганди. Самолётимиз чўлдаги улкан, оловли тешик устидан учиб ўтди.

Оловли кратер ёнидан ўтиб кетаётганимизда бир неча дақиқа қаттиқ ҳайратланганча қолдим. “Бу нима ўзи?” деб сўраш учун атрофга қараганимда самолётда бирорта уйғоқ одам йўқ эди.

Кратердан чиқаётган олов
Кратердан чиқаётган олов

“Дарвоза” газ кратерининг пайдо бўлиш тафсилотлари ноаниқ, бироқ кўпгина маълумотларга кўра, 1971 йилда чўлдаги Совет газ бурғулаш заводи портлаган ва катта миқдордаги газ ҳавога тарқала бошлаган. Шундан сўнг кратер пайдо бўлган. Маҳаллий аҳоли газдан заҳарлана бошлагани сабабли, газни ёқиш қарори қабул қилинди ва у ўшандан бери аланга ичида.

“Дарвоза”ни биринчи марта кўрганимдан сўнг, мен кратерни яқиндан кузатиш учун Туркманистонга сайёҳлик визасини олишга икки марта уриндим, лекин рад жавобини олдим. Қаттиқ назорат остидаги давлат виза беришда жуда эҳтиёткор.

“Дарвоза” газ кратерига яқин жойда юрган эчкилар
“Дарвоза” газ кратерига яқин жойда юрган эчкилар

Ниҳоят, 2012 йилда мен учинчи марта уриниб кўришга қарор қилдим. Дастлаб, Қозоғистонга виза расмийлаштирдим, кейин Эронга учиб кетдим. У ерга Янги Зеландия фуқаролари осон боришлари мумкин эди. Теҳрондан шарқий чегарадаги Машҳад шаҳрига бордим ва Қозоғистонга ўтиш учун Туркманистон орқали қуруқликдан боришим кераклигини айтдим. Бу иш берди ва Туркманистоннинг Машҳаддаги консуллиги менга транзит визасини берди. Туркманистонга кириб, “Дарвоза”га боришим, кейин эса мамлакатни тарк этишим учун ихтиёримда уч кун бор эди.

Ўша вақтда газ кратери Туркманистон ичида ҳам ҳали номаълум манзил эди. Бироқ маҳаллий туроператорлардан бири менга кратерга саёҳат учун ҳайдовчи ёллаши мумкинлигини айтди. Компания вакили ва унинг камгап ҳайдовчиси мени меҳмонхонада кутиб олди.

Мен саёҳатни шимолдаги Янгиқалъага бориш учун узайтира оламизми, деб сўраганимда, у масофанинг олислиги, машина шиналари саҳро йўлларига дош беролмаслигини важ қилиб, буни қатъий рад қилди. Илтимос қилиб уни туртканимда менга ғазаб билан қаради ва “бизнинг олдинги ҳайдовчимиз қаттиқ ишлагани учун ўлди” деди.

Шом маҳали кратер ёлқини
Шом маҳали кратер ёлқини

Ашхободдан шимолга кетишда йўл кимсасиз ва жазирама эди. Кондиционерли Лэнд Крузер эшигини очганимда худди иссиқ печь эшиги очилгандай бўларди.

Ниҳоят, кечқурун яқинлашганда кратерга етиб бордик. Кратер четида бир тўда эчкиларга кўзим тушди. Ҳайдовчи менга ҳайвонлар ҳам одамлар каби оловли томошадан завқланишларини ва салқин тонгда илонлар ва чаёнлар кратер четига исиниш учун йиғилишини айтди.

У ердаги манзара ажойиб, аммо унинг чеккасидаги иссиқ ҳарорат “Дарвоза”га бориш билан бирга уни тадқиқ қилишга ҳам ундайди. Унга яқин бориш ва ўзини ўчоқ бошида тургандек ҳис қилиш қўрқинчли.

Агар муҳандислар бу йирик алангани ўчириш йўлини топса, у ҳолда сайёрадаги энг ноёб манзил абадий йўқолади. Аммо ёнғинни ўчиришдан аниқ мақсад бор. Бу ердан мамлакат олиши мумкин бўлган газ туризмдан келадиган даромаддан анча баланд, сурункали экологик муаммо ҳам самарали ҳал этилади.

У ерга саёҳат қилганимдан хурсандман.

XS
SM
MD
LG