Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2022, Тошкент вақти: 14:38

Туркманистонда кунига еттита ит ўлдирилмоқда


Туркманистонда ит овчиларига кунига камида еттита "дайди" ҳайвонни тутиш вазифаси юклатилган.

Туркманободдаги ит овчиларига ҳар куни камида еттита қаровсиз итни тутиб, ўлдириш вазифаси тайинланган, дейди маҳаллий туркманлардан бири. Туркманистоннинг иккинчи йирик шаҳри ҳокимияти ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз кампанияни давом эттирмоқда.

Туркманобод кўчаларида қаровсиз ит ва мушуклар қолмади ҳисоб. Бир қанча одамлар жониворларни йўқ қилишга масъуллар кунлик режани бажариш учун одамларнинг уй ҳайвонларини ҳам олиб кетишаётганидан шикоят қилган.

Ҳатто бир ҳолатда ит овчилари супермаркет ташқарисига боғлаб қўйилган итни эгаси озиқ-овқат харид қилаётган пайтда олиб кетган, дейди Озодлик билан суҳбатлашган маҳаллий.

Ушбу авторитар давлат анчадан буён қаровсиз ҳайвонларни ваҳшиёна ўлдираётгани учун танқид қилинади.

Тахминан 250 000 аҳолиси бўлган Туркманобод шаҳрида ҳар бир уй-жой бошқаруви ширкатига ўз маҳалласида ит ва мушукларни йўқ қилиш учун одам ёллаш вазифаси юклатилган.

Бу топшириқ шаҳарнинг Химки туманида бир ширкатда аъло даражада бажарилди, деб хабар беради Озодлик мухбирлари расмийлар ва аҳолига таянган ҳолда.

Аммо ўтган ҳафта Химкида тутилган итларнинг баъзилари уй итлари бўлиб чиқди.

Бундан ғазабланган ит эгалари бошқарув ширкатидан уй ҳайвонларини қайтариб беришни талаб қилган, бироқ жониворлар аллақачон йўқ қилинган экан.

Туркманободликлар ит овчиларини ҳайвонларни овлашда шафқатсиз усуллардан фойдаланганликда ва уларни даҳшатли шароитда сақлашда айбламоқда.

Жумладан, бир видеода ҳайвонлар назоратига масъул уч зобит икки итни таёқ билан ургани, кейин эса ахлат ташувчи машина орқасига ташлагани кўринган.

Яна бир видеода вайронадаги қафасларда ҳайвонларнинг жасадлари ётгани кўринган.

Ашхободда тутқун ит
Ашхободда тутқун ит

Озодликка айтишларича, ҳайвонлардан “тозалаш” кампаниясини ҳамма туркманлар қоралайди. Бироқ улар уй-жой бошқаруви ширкатларини очиқчасига танқид қилишдан ёки улар билан баҳслашишдан жуда қўрқади. Негаки, уларнинг субсидияланган озиқ-овқат олиш имконини берувчи сертификат олиши уй-жой ширкат бошқаруви ширкатларига боғлиқ.

Беш йилдан буён доимий озиқ-овқат танқислиги ва инфляциядан азият чекаётган Туркманистонда кўплаб одамлар учун субсидияланган озиқ-овқат ҳаёт-мамот масаласидир. Ҳар бир шахснинг манзили ва хонадонда яшовчи одамлар сони кўрсатилган сертификатлар ҳар ойда янгиланиши керак.

Қизиғи, Туркманободдаги охирги тозалаш амалиёти ҳукумат 25 июль куни ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликни тақиқловчи янги қонунни қабул қилган пайтга тўғри келди.

Қабул қилинган қонун итларга жароҳат етказиш, уларни овқатдан, сувдан, уйқудан ва бошқа жисмоний ҳаракатлардан маҳрум қилишни тақиқлайди.

Фаоллар қонунни “иккиюзламачилик” деб атади ва Туркманистон ҳукумати яқин орада унга амал қилиши даргумонлигини айтди.

Ҳайвонлар ҳуқуқлари ҳимоячиларининг айтишича, шаҳар ҳокимияти кўпинча дайди ит ва мушукларга заҳарланган колбаса ёки нон бериб ўлдириш учун маҳаллий ўсмирларга пул беради.

Туркман халқи "бўрини нимталовчи" деб ном олган ва расмий равишда Туркманистон миллий мероси рўйхатига киритилган Алабай итлари билан фахрланади.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов машҳур алабай ити билан.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов машҳур алабай ити билан.

Собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов алабай итларига атаб китоб ёзган ва апрель ойининг охирги якшанбасини ит шарафига Алабай куни деб белгилаган.

Ашхободдаги марказий майдонга баландлиги 6 метр бўлган алабай итининг олтин суви югуртирилган ҳайкали ҳам ўрнатилган.

Форум

XS
SM
MD
LG