Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2025, Тошкент вақти: 07:41

Туркманистонда пахта ва буғдойнинг харид нархлари ошириладиган бўлди


Туркманистон. Лебап вилоятидаги пахта тераётганлар.
Туркманистон. Лебап вилоятидаги пахта тераётганлар.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 5 октябрь куни ғалла ва пахта етиштирувчиларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Буғдой ва пахтанинг давлат харид нархларини ошириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармон матнига кўра, шунингдек, юқори сифатли уруғ етиштирганларга қўшимча хақ тўлананади.

Бироқ расмий хабарда нархлар қанчага оширилгани ҳақида айтилмаган.

Норасмий хабарларга кўра, шу кунда Турманистонда давлат фермердан 1 тонна пахтани 1100 манатга, 1 тонна буғдойни 400 манатга сотиб олмоқда. Марказий Банк курси бўйича, 3,5 манат = 1 АҚШ $; қора бозор курси бўйича 20 манат = 1 АҚШ $.

Давлат раҳбарининг 25 сентябрь куни Халқ Кенгаши йиғинидаги сўзларига қараганда, мамлакатда ички бозор ва экспорт учун етарлича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ишлаб чиқарилмаётганига кам самара берадиган фермер хўжаликлари асосий сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли, президент ғоясига кўра “рентабел бўлмаган деҳқон хўжаликларининг экин майдонлари олиб қўйилади ва юқори самара берадиган ишлаб чиқарувчиларга берилади», у шунингдек “хоҳловчилар”га ерларни 99 йилга ижарага бериш таклифини илгари сурди. Президент таклифига кўра, экин майдонларнинг 70 фоизини пахта ва ғалла етиштиришга ажратиш кўзда тутилмоқда, қолган 30 фоизи эса бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларига ажратилади.

Туркманистонда ер тўлалигича давлат мулки ҳисобланади. Давлатдан ерларни ижарага олган фермерлар, ҳукумат фармойишига кўра фақат пахта ва ғалла етиштиришга мажбур. Пахта ва ғаллани экиш ва йиғиб олиш мамлакат раҳбарияти, тўғрироғи шахсан президент томонидан белгиланади.

Шуниси эътиборлики, “Буғдой ва пахтанинг давлат харид нархларини ошириш тўғрисида”ги фармойиш ҳуқуқ ҳимоячилари Туркманистондаги қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши акция ўтказганларидан сўнг қабул қилинди. Акция Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка қилган сафарига тўғри келди.

XS
SM
MD
LG