Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2023, Тошкент вақти: 04:48

Масжиддаги пойабзал ўғрилиги: Иқтисодий аҳвол оғирлашган Туркманистонда жиноятчилик кўпайди


Болқонободда шиша йиғиб юрган болакай. Туркманистон, 27 июнь, 2015.

Туркманбоши шаҳридаги масжидда бир неча кишининг пойабзаллари, ҳамёнлари ва мобил телефонлари ўғирлаб кетилгани хабар қилинди.
Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирига кўра, ўғрилик намозхонлар жума намозини ўқиётган вақтда содир бўлган.


Намозхонлардан бири масжид ҳудудида пойабзали ўғирланганидан шикоят қилди. "Ўзи бир жуфт оёқ кийимим бор эди", дейди у.

Сўнгги ойларда мамлакатда ўғрилик ва талончилик ҳақидаги хабарлар тобора кўпаймоқда. Кўплаб туркманлар жиноятчиликлар ортаётганини мамлакатдаги инқироз билан боғлайди.

Исми сир қолишини сўраган полиция ходимининг Озодликка айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари яна бир қанча масжидларда ҳам шунга ўхшаш жиноятларни қайд этган.

Туркманистондаги иқтисодий инқироз ва қашшоқлик манзарасида мамлакатда ўғрилик ва талончилик авж олмоқда.
Туркманистондаги иқтисодий инқироз ва қашшоқлик манзарасида мамлакатда ўғрилик ва талончилик авж олмоқда.

Туркманистон расмийлари бу ҳақда маълумот бермайди. Мамлакатда мустақил оммавий ахборот воситалари фаолияти чекланган.

Полиция ходимининг айтишича, Болқонободда "кўчада ёлғиз юрган аёлларнинг сумкалари ва мобил телефонларини тортиб олиш" ҳолатлари "сезиларли даражада ўсган".

Талончиликлар асосан кундузи содир этилмоқда, дея қўшимча қилди полиция ходими.

Аксарият туркманлар буни Туркманистондаги инқироз ва қашшоқликнинг чуқурлашиши билан изоҳласа, бошқалар жиноятчиликни ортишига полиция тизимидаги коррупция ҳам сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.

Туркманистон сўнгги ўн йил ичида оғир иқтисодий даврни бошдан кечирмоқда. Ортиб бораётган ишсизлик, озиқ-овқат танқислиги ва нархларнинг ошиши аҳолини ночор аҳволга солиб қўйди.

Мари вилоятининг Байрамали шаҳридаги супермаркет эгаси унинг дўконидан озиқ-овқат ўғирламоқчи бўлган болалар ҳақида гапирди.

Ўз исмини айтишни истамаган тадбиркорга кўра, 2022 йилнинг октябрида бир бола унинг дўконига кириб, бир пакет печеньени ўғирлашга уринган.
"Ўспирин ўз ҳаракатини уйда иккита кичик укаси оч ўтиргани ва ейишга ҳеч вақоси йўқлиги билан изоҳлаган.

Дўкондор воқеа ҳақида хабар бермасликка қарор қилган ва боланинг оиласига овқат жўнатган.


Аксарият туркманлар етарли ижтимоий таъминот тизими йўқлигидан шикоят қилади. Аҳоли ҳукуматни сўнгги ўн йил ичида миллионлаб туркманларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилган қашшоқлик ва ишсизлик билан кураша олмаётганликда айбламоқда.

Туркманобод шаҳри аҳолиси ҳам чорва моллари ва маиший техника ўғирлаш ҳолатлари кўпайганидан шикоят қилмоқда.

Полиция жуда банд эканлигини рўкач қилиб, шикоятларни кўриб чиқишдан бош тортмоқда, дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, полиция пора берилмагунча тергов қилишни рад этган.

Озодлик Туркманобод милиция бўлимига изоҳ сўраб мурожаат қилди, аммо ҳеч қандай жавоб олмади.

Форум

XS
SM
MD
LG